Жаҳон | 21:09 / 14.08.2023
40125
12 дақиқада ўқилади

Фронтдаги вазият: Украина ва Россия қўшинлари захираларни жангга ташламоқда

Ёзги ҳарбий кампанияда ҳал қилувчи палла бошланмоқда.

Фото: Getty Images

Сўнгги ҳафталарда Украинадаги фронт чизиғида ёзги кампания натижасини белгилаб берувчи жанглар бошланди. Икки томон ҳам захираларининг бир қисмини ҳаракатга келтирди ва ўз юришларида айрим ютуқларга эришди. Россия қўшинлари шимолда — Харкив, Донецк ва Луҳанской областлари чегарасида илгарилаган, энди Украина қуролли кучларининг Оскол дарёси шарқий соҳилида жойлашган бутун гуруҳининг коммуникацияларига таҳдид солмоқда. Украина армияси Бахмут йўналишида ва мамлакат жанубида босимни оширмоқда. Бундан ташқари, Украина ҚК Херсон областида Днипронинг чап соҳилига бир неча янги десант гуруҳлари ташлади.

Украина ҚК ҳам, РФ ҚК ҳам, афтидан, чуқур ёриб киришга умид қилмаяпти: қўшинларнинг илгарилаши — россияликларники ҳам, украинларники ҳам — жуда секин кетмоқда. Сабаби — икки армия ҳам артиллерия, миналар ва разведка дронларига таянган ҳолда ҳимояланишни яхши ўрганиб олган, аммо бундай мудофаани енгиб ўтишнинг йўлини ўйлаб топа олмаяпти. Ҳозирда икки томон ҳам асосий эътиборини рақибни ҳолдан тойдириш учун унинг техникалари (биринчи навбатда артиллерияни) ва шахсий таркибини йўқ қилишга қаратмоқда ва шундан кейингина ҳал қилувчи ҳужумга ўтиши мумкин.

Купянск йўналиши

  • РФ ҚК июл ойи охири ва август ойи бошида Купянскнинг шимолий чеккаларидан Сватовонинг ғарбий чеккаларига қадар кенг фронт бўйлаб ҳужумга ўтди.
  • Ҳозирча Россия армияси Кармазиновка ва Райгородка яқинидаги бир неча кичик қишлоқлар, Лиман Первий ва Олшан атрофидаги, шу вақтга қадар фронт чизиғида бўлган ва томонларнинг ҳеч бири назорат қилмаган қатор аҳоли яшаш манзиллари, шунингдек Новоселовка посёлкаси харобалари ҳамда унга қўшни бўлган, куздан буён қўлдан қўлга ўтиб келаётган Куземовка станцияси эгалланганини ютуқ сифатида келтириши мумкин.
  • Аммо Россия юришининг реал аҳамияти эгалланган аҳоли яшаш манзиллари рўйхатидан каттароқ. Россия қўмондонлиги аста-секинлик билан бу жангга янги кучларини киритмоқда (биринчи навбатда, ҳозирга қадар таътилга чиқарилган ва сафларини тўлдириш билан машғул бўлган Ғарбий ҳарбий округ қўшинлари полклари ва бригадалари). Украинанинг шимолдаги қўшинлари эса барқарор мудофаа учун етарли захирага эга эмас.
1. РФ ҚК Купянск-Сватове темирйўлини назорат қилиш мумкин бўлган тепаликларда жойлашган Новоселовка посёлкасини штурм қилмоқда. Россия қўшини посёлкани тўлиқ эгаллагани аниқ эмас.
2. Украина ҚК қарши ҳужумга ўтиб, июл ойи охирида Жеребец дарёсининг ғарбий соҳилига плацдарм қурган Россия кучларини чекинтирди. Аммо РФ ҚК плацдарми тўлиқ бартараф этилгани аниқ эмас.
  • Украин армияси июл ойи охирида Кармазиновка ва Райгородка ҳудудида биринчи ҳужумни қайтарган ва ҳатто Жеребец дарёсининг ғарбий соҳилида плацдарм қурган Россия кучларини чекинтиришга муваффақ бўлганди. Аммо кейин янги инқирозли ҳолатлар юзага келди: РФ ҚК Лиман Первий ва Олшан томондан жанубга юриш бошлади, шунингдек Новоселовкани (атрофни назорат қилишни осонлаштирадиган тепаликда жойлашган) эгаллаш учун қатъий штурм бошлади. Шу билан бирга, Россия юриши бу ҳудуддан жанубда — Креминна ўрмонзорлари ва Торск йўналишида ҳам давом эттирилди. Буларнинг бари биргаликда украинларнинг Шимолий Дон шимолидаги бутун мудофаасини қулатиш билан таҳдид солади.
  • Катта эҳтимол билан, Украина ҚК Купянск яқинидаги қўшинларга ёрдам учун захира кучлари юборишига тўғри келади. Бу йўналишда қўшимча кучларнинг ягона манбайи эса, афтидан, Бахмут фронтида, бу ерда Украина ҚК сон жиҳатдан устунлик қилмоқда.

Бахмут фронти

  • Украина ҚК вайрон қилинган шаҳар шимолига ва шимоли-ғарбига ҳужум қилишни тўхтатган, бу ҳудудларда июл ойида улар Бахмутнинг йўлдош шаҳарлари — Бирховка ва Яҳиднени озод этганди.
  • Украина армиясининг асосий зарбаси жанубда, Клешчиевка — Андрийивка — Курдюмовка учбурчаги бўйлаб берилмоқда. Мақсад — Бахмутдан жанубдаги ҳудудларни эгаллаш, келгусида — унинг шарқий чеккаларига чиқиш, бу ерда Россиянинг Бахмут йўналишидаги гуруҳи таъминоти олиб бориладиган асосий йўл жойлашган. Жанубда бир неча ҳафта узлуксиз давом этган ҳужумлардан кейин Украина ҚК россияликларнинг Клешчиевка ва Андирийивкадан ғарбдаги истеҳкомларини эгаллаб олди, аммо Россия артиллериясининг ўқ ёмғирлари туфайли посёлкаларнинг ўзини озод қила олмаяпти. Жанглар Клешчиевка ичкарисида ҳам олиб борилмоқда, аммо, сўнгги видеоларга кўра, РФ қуролли кучлари ҳужумларни қайтармоқда.
1) Украина ҚК олдинроқ эгалланган истеҳкомларидан ҳужум қилиб, Клешчиевканинг ғарбий ва шимолий чеккаларига кирган. Россияликлардан қайтариб олинган бу позициялар посёлкадан ғарбдаги тепаликларда жойлашган. Клешчиевка озод этилиши Украина қўшинига Бахмутдан жанубдаги ҳудудларга йўл очади.
2) РФ ҚК украинларни Клешчиевканинг жанубий чеккаларидан суриб чиқарган, бу ҳудуд июл ойи охирида эгаллаб олинганди.
3) Украина ҚК Бахмутдан жанубдаги Андрийивка ва Курдюмовка посёлкаларининг ғарбий чеккаларига кириб келган.
  • Украина ҚК Россия гуруҳларининг фронт ортига зарба бериб, РФ ҚКнинг Бахмутдан шарқдаги артиллериясини йўқ қилмоқда. Агар украин армияси россияликларнинг ўт очиш тизимини бостиришга муваффақ бўлса, Клешчиевка ва атрофдаги бошқа қишлоқлар мудофааси қулайди.
  • Россия қўмондонлиги катта қийинчилик билан турли бўлинмалардан оператив гуруҳ тузишга муваффақ бўлди, бу «Вагнер» ХҲК Бахмутдан кетгач, фронтда ҳосил бўлган ёриқни ёпмоқда. Аммо кучлар ҳали ҳам украинлар юришини ишонч билан тўхтатиш учун етарли эмас. Россия қўмондонлиги, катта эҳтимол билан, Украина ҚК қўшинларининг бир қисмини шимолга — руслар фронтни ёриб ўтиши хавфи юзага келган Купянск атрофига ташлашидан умид қилмоқда, шундан кейин украинларнинг Бахмутга юриши сусайиши мумкин. Украинларнинг бошқа захира кучлари мамлакат жанубидаги фронтга жалб этилганидан келиб чиқилса, Украина ҚК Бахмут атрофидаги гуруҳини заифлаштиришга мажбур бўлишини кутиш мантиқий кўринади.

Украина жануби

Июн ойида Азов денгизигача етиб бориш мақсадида шу амалиёт учун махсус тузилган 9-корпус ва денгиз пиёдалари корпуси томонидан бошлаган юриш муваффақиятсизликка учрагач, 10-корпус кучлари ҳам жангга ташланди (катта эҳтимол билан, бу кучлар 9-корпус мудофаани ёриб ўтган тақдирда, уларнинг муваффақиятини ривожлантириб, Россия мудофааси ичкарисига ҳаракатланиши режалаштирилганди). 

Янги кучлар билан украин армияси икки йўналишда олдинга силжишга эришди: 

  • Орихивдан жанубда Украина ҚК ниҳоят Работине посёлкаси ҳудудида РФ ҚКнинг илк мустаҳкамланган мудофаа чизиғига етиб келди. Украин кучлари ушбу аҳоли яшаш манзили ва Вербовое қишлоғи ўртасидан ёриб кириб, шарқдан Работине чеккаларига чиққан. Аммо юриш давомида ушбу посёлкани тўла озод этишнинг иложи бўлмаган.
  • Запорижжя ва Донецк областлари чегарасида (Велика Новосилка йўналиши) Украина қуролли кучлари ўз юриши фронтини кенгайтиришга муваффақ бўлди. Июнда украин кучлари жануб томон фақат Мокрие Яли дарёсининг тор водийси бўйлаб юра олганди, аммо атрофдаги тепаликларда жойлашган рус қўшинлари украинларга юришни давом эттиришга йўл қўймасди. Энди украин қўшини Ровнопил томондан ҳужум қилиш орқали РФ қуролли кучларини тепаликлардаги позицияларини тарк этишга мажбур қилди. Август ойи бошида Украина ҚК Старомайорскени озод қилди (ёки унинг катта қисмини — буни аниқ айтиш учун видеотасдиқ йўқ). 8 август куни украин армияси қўшни Урожайне қишлоғини (Мокрие Яли дарёсининг нариги соҳилида жойлашган) штурм қилишга киришди. 12-13 август кунлари Россия армияси ушбу ҳудуддан чекинишни бошлагани ҳақида хабарлар чиқди. 14 август куни Украина мудофаа вазири ўринбосари Анна Маляр украин ҳарбийлари бу ҳужумда «маълум ютуқларга эгалиги»ни маълум қилди. У шунингдек украин кучлари Старомайорскедан жануб ва жануби-шарқда ҳам маълум ютуқларга эришганини айтган.
1) Старомайорскени озод этган Украина ҚК Мокрие Яли дарёсининг бошқа соҳилида жойлашган Урожайнени штурм қилишни бошлади.
2) Украина ҚК захираларни жангга ташлади ва Работине ва Вербове оралиғидаги катта ҳудудни эгаллади. Аммо украинларнинг Россия мудофааси ичкарисига юриши тўхтатилган.
  • Агар Украина ҚК Старомайорске ва Урожайнеда мустаҳкам ўрнашиб қололса, фронтни янада кенгайтириш учун уларга маълум вақт талаб этилиши мумкин: бунинг учун Старомайорскедан ғарбдаги Приютнени ҳам озод этиш керак бўлади. Шундан кейин эса Россия мудофаасининг биринчи мустаҳкамланган чизиғи жойлашган Старомлиновка йўналишида ҳужум бошлаш мумкин бўлади.
  • Украин қўмондонлиги Старомлиновка учун жанг бошлангунича Россия қўшинлари ҳолдан тойиши ва артиллериясининг бир қисмини йўқотишига аниқ ишонмоқда: бунинг учун Украина ҚК россияликларнинг Старомлиновканинг ўзи ва атрофдаги позицияларига тинимсиз зарбалар йўлламоқда. Агар Россия армиясида «мустаҳкамланган линия»ни ҳимоя қилиш учун етарли захира топилмаса, линия мустаҳкамлиги — бетон конструкциялар, танкка қарши тўсиқлар космосдан ҳам кўриниб туради — катта рол ўйнамайди.

Днипронинг сўл соҳили

РФ қуролли кучларининг Украина жанубидаги захира кучлари асосан Қримдан Днипрогача бўлган ҳудуд бўйлаб жойлашган — бу ерлардан уларни темирйўл орқали хавф остида қоладиган исталган участкага ташлаш мумкин. Украина қуролли кучлари Днипронинг сўл соҳилига десант тушириш орқали руслар Запорижжя областига захира кучларини ташлашига тўсқинлик қилишга уринмоқда.

  • Июн ойида Украина ҚК Антонов кўприги вайроналарида плацдарм ҳосил қилганди. Бу плацдармни Россиянинг Днипро бўйидаги асосий гуруҳи жойлашган Олешки шаҳридан ботқоқликлар ва Конка дарёси (Днипро ирмоғи) ажратиб туради. РФ ҚК ҳарчанд уринмасин, бу плацдармни йўқ қила олмади, аммо украинлар ҳам Конкага яқинлашиб кела олмади.
Украин отрядлари Олешки яқинида Конка дарёсини (Днипро ирмоғи) илк бор кечиб ўтди. Уларга артиллерия зарбалари йўлланган. Плацдарм тақдири номаълум. Шунингдек Днипронинг юқори оқимида жойлашган Казачя Лагерга десант ташлашга уринишлар қайд этилган. Бу ҳудуддаги ҳозирги вазият номаълум бўлиб қолмоқда.
  • Август ойида украин армияси Конка дарёсини Олешкидан шимол ва жанубда кечиб ўтди. Россия мудофааси учун асосий хавф шимол Казачи Лагер яқинида ҳосил қилинган плацдармдир. Агар РФ ҚК у ерга захира кучларини юбориб, плацдармни йўқ қила олмаса, украин кучлари келгусида ботқоқликлардан чиқиб, Олешкидан Нова Каховкага олиб борувчи асосий йўлни тўсиб қўйиши мумкин. Аммо Украина ҚК бу йўналишда Қримга юриш қилиши учун плацдармларининг ишончли таъминотини йўлга қўйиши ва бу соҳилда катта куч тўплаши керак. Катта дарё орқали ўтган кўприклар вайрон қилинган ва Россия артиллерияси ўққа тутиб турган шароитда эса бу вазифани уддалаш ўта қийин.

Мавзуга оид