Спорт | 13:18 / 14.08.2023
40913
18 дақиқада ўқилади

Салоҳ Клоппдан ранжиди, «Барса» ўйинида қирпичоқ. Кун ўйинлари

«Барса» ўйини 125 дақиқа давом этди, 10 та сариқ карточка ва 3 та қизил кўрсатилди, ўйин охирида пеналти берилмади. Якшанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар.

«Челси» ва «Ливерпул» жамоалари ўртасида қаторасига еттинчи расмий учрашувда дуранг қайд этилди

«Челси» – «Ливерпул» 1:1
Голлар
: 0:1 – 18 Диас, 1:1 – 37 Дисаси.
Челси – Санчес, Жеймс (Гюсто, 76), Тиаго Силва, Дисаси, Колуилл, Чилуэлл (Угошукву, 90), Галлаҳер, Фернандес, Чуквуэмека (Матсен, 81), Стерлинг (Мудрик, 81), Жексон.
Ливерпул – Алиссон, Александер-Арнолд, ван Дейк, Конате, Робертсон, Собослаи, Мак Аллистер, Салоҳ (Эллиотт, 77), Диогу Жота (Нунес, 66), Диас (Доук, 77), Гакпо (Жонс, 66).
Огоҳлантиришлар: Чуквуэмека (4), Фернандес (32), Диогу Жота (32), Александер-Арнолд (68), Жексон (85), Мак Аллистер (89).

Ўтган мавсум якунларига кўра Чемпионлар лигасига йўлланма ололмаган «Ливерпул» ва 12-ўринни эгаллаб еврокубокларсиз қолган «Челси» янги мавсумнинг биринчи турида тўқнашди. Лекин мавжуд муаммоларига қарамай кўклар ва қизилларнинг ўзаро ўйини тур ўйини мақомида бўлиб қолаверади. Айниқса янги мавсум бошида, ҳали ким нимага даъвогар экани мавҳум бўлиб турган паллада. Ҳали умидлар тирик, лондонлик ва мерсисайдлик мухлислар ўз жамоалари ҳеч бўлмаганда топ-4 учун курашишини кутишмоқда.

Қолаверса, қайта қуриш жараёнида мураббийлар ўйинни қандай қурмоқчи бўлаётганини кузатиш ҳам қизиқ. Юрген Клоппнинг ҳолати нисбатан осонроқ ва тушунарлироқ, ягона янгилик нидерландиялик ҳужумчи Гакпо жамоанинг янги футболчилари Собослаи ва Мак Аллистер билан биргаликда яримҳимоячилар учлигини (марказда) ташкил қилгани бўлди. ПСВда ундан ҳужумнинг чап қанотида фойдаланишган, Луи ван Гаал эса Қатардаги жаҳон чемпионатида уни марказий ҳужумчи сифатида ўйнатганди, шундай экан, уни ўрта чизиқда ҳам синаб кўриш мумкин эди. Техника, жисмоний кўрсаткичлар, ўйинни тушуниш — унда барчаси мужассам.

Ва айтиш керакки, буткул янгиланган яримҳимоячилари учлиги илк дақиқалардан ўйин назоратини қўлга олди, олдинда эса Салоҳ кўп ишни ўз зиммасига олди. Мисрлик футболчи аввалига асосий ишчи оёғи бўлмаган ўнг оёғи билан зарба йўллаб, тўпни тўсинга теккизди. Кейин эса идеал пас орқали «Челси» ҳимоячилари учлигини доғда қолдириб, Диас ҳисобни очишини таъминлади, шу билан бирга АПЛдаги голли паслари сонини 60 тага етказиб қўйди.

Кўп ўтмай унинг ўзи ҳам гол урди, аммо VAR хонасидагилар кичик офсайд қайд этишди.

Бу фонда эса мезбонларнинг ўйини анча нурсиз кўринарди. Ҳимояда хатоларга йўл қўйилди, ўрта чизиқда сусткашлик қилинди, ҳужумда ҳам ҳеч нарса ўйлаб топа олишмади. Аммо видеотакрорни кўриб чиқиш чоғида юзага келган кичик танаффус кўкларнинг фойдасига хизмат қилди ва ўйин деярли 180 даражага ўзгарди. «Челси» бурчак зарбасидан максимум натижа чиқариб олди, Франция чемпионатида стандарт вазиятларда рақибларга даҳшат солиб келган Дисаси эса «Монако»га трансфери учун тўланган 45 миллион еврони оқлашни бошлади.

Давомига Жексон бир неча метр масофадан туриб йўллаган зарбаси хато кетгани ва микроскопик офсайд туфайли Чилуэллнинг ҳам голи бекор қилингани қўшилса, айтиш мумкинки, биринчи бўлимнинг иккинчи қисми Маурисио Почеттино сценарийси бўйича кечди. Умуман олганда воқеаларга бой ўтган 51 дақиқалик (ҳакам биринчи бўлимга олти дақиқа қўшиб берди)дан кейин «Челси» ва «Ливерпул» ўтган йил январидан буён тўрт ўйин давомида бир-бирига гол ура олмаганига ишониш қийин — ўтган йили Англия лигаси кубоги ва Англия Кубоги финалларида (ҳар икки финалда мерсисайдликлар пеналтилар сериясида устун келишган), шунингдек чемпионатдаги ўзаро учрашувларда ҳисоб очилмай қолганди.

Иккинчи бўлим биринчиси каби шиддатли кечмади, лекин ўйиннинг қолган қисми ҳам қизиқарли эди, ташаббус қўлдан қўлга ўтиб турди. «Ливерпул» тетикроқ бошлади, таркибда Диас алоҳида ажралиб турди. Мезбонларда эса Энцо Фернандеснинг ақлли ўйини яхши таассурот қолдирди, «Челси» ўйини унинг атрофига қурилаётгани кўзга ташланиб турибди. Ва албатта Чилуэлл энг яхши ўйинларидан бирини ўтказди. Жеймс кичик жароҳат туфайли алмаштирилгач, сардорлик боғичини олган ушбу ҳимоячи шерикларига ассистлар бериб ҳам, ҳужумларни якунлашда ҳам фаоллик кўрсатди, аммо Алиссонни доғда қолдира олмади.

Вазиятлардан бирида Диаснинг бош билан берган зарбасидан кейин тўп Николас Жексоннинг қўлига тегди. Ҳужумчининг қўли кўкрак соҳасида эди, «Ливерпул» футболчилари эса пеналти талаб қилишди. VAR ҳаками ўйинни давом эттириш мумкинлигини билдирган бош арбитрнинг қарорига қўшилди.

Умуман олганда, иккинчи бўлим тез-тез бўлиниб турди. Мураббийлар тактик шахмат ўйнашга киришди ва жангга захира кучларни ташлади. Клопп ҳужум марказига Нуньесни юборди, марказни Жонс билан янгилади, кейин эса 77-дақиқада ҳужум қанотларини алмаштирди. Майдондан эрта олинишидан норозилигини очиқчасига ифода этган ва қўлидаги пластирларини ечиб дуч келган томонга итқитган, Клоппга қўл беришни ҳам истамай, захира ўриндиғида норози қиёфада ўтирган Салоҳ ўрнига Эллиотт тушди, Диас ўрнини эса 17 ёшли шотланд Доаку эгаллади.

Мисрлик ҳужумчининг бу қадар дарғазаб бўлиши бежиз эмас, у шу куни гол урганида, АПЛнинг 1-тур ўйинларида энг кўп гол урган биринчи футболчига айланиши мумкин эди.

Бу алмаштиришлар қизиллар ўйинини кучайтирмай қолмади, аммо Нуньес имкониятлардан фойдалана олмади. 88-дақиқада «Ливерпул» ғалаба голини уриши мумкин эди, «Челси»нинг янги дарвозабони Роберт Санчес майдон маркази бўйлаб ерлатиб рақибга пас бериб қўйди. Аммо Нуньес тўпни ўзига яхши бўйсундира олмади ва вазиятни йўққа чиқарди. Лондонликларнинг биринчи рақамли дарвозабони Кепа бу ўйин заявкасига киритилмаганди, у Мадриднинг «Реал» клубига йўл олиши кутилмоқда.

Кўкларга эса қўшимча вақтларда Мудрикнинг тезлиги ёрдам бериши мумкин эди, аммо унинг майдон чизиғидан Жексонга берган пасини ҳимоячи тўсишга улгурди. 

Бу жамоаларнинг бундай ўйиндаги қаторасига еттинчи дуранги — адолатли ҳисоб бўлди. «Стэмфорд Бриж»даги ўйиннинг ўзидан хулоса чиқариш қийин. «Челси» ва «Ливерпул»ўсиш учун имкониятлари борлигини намойиш этди, аммо икки жамоа ҳам ҳозирча хомроқ кўринмоқда. Узоқ мавсум давомида кескин ўзгаришлар кузатилиши ва жамоалар Чемпионлар лигасига йўлланма берувчи тўртликдаги ўринлар учун курашиши мумкин. Аммо айни вақтда ўйинини бир тизимга қўйиб олган «Ман Сити» ва «Арсенал»га рақобат кўрсатиш осон бўлмайди.

Кейинги турда «Ливерпул» «Борнмут»ни қабул қилади, «Челси» яна Лондонда ўйнайди, аммо «Вест Ҳэм» стадионида.

Ўйин вақтлари чўзилгандан чўзилмоқда

«Брентфорд» – «Тоттенҳэм» 2:2
Голлар:
0:1 – 11 Ромеро, 1:1 – 26, пеналти Мбемо, 2:1 – 36 Висса, 2:2 – 45+4 Эмерсон.
Брентфорд – Флеккен, Хики (Роэрслев, 72), Айер (Йоргенсен, 84), Пиннок, Коллинз, Генри, Нергор (Баптист, 72), Йенсен (Дамсгор, 49), Янелт, Висса (Шаде, 72), Мбемо.
Тоттенҳэм – Викарио, Эмерсон, Ромеро (Санчес, 14), ван де Вен, Удоджи, Мэддисон, Биссума, Кулусевски, Скипп (Сарр, 75), Сон Ҳён Мин (Перишич, 75), Ришарлисон.
Огоҳлантиришлар: Викарио (26), Санчес (35), Мэддисон (36), Скипп (44), Хики (62).

«Брентфорд» ва «Тоттенҳэм» учрашуви биринчи бўлимгаёқ 11 дақиқа қўшиб берилиши билан ёдда қолди. Бу мавсум аввалида ҳакамларга ҳар бир тўхталишни қайд этиш ва барча вақтни компенсация қилиб бериш бўйича тавсия билан боғлиқ. Бунгача «Бёрнли» ва «Манчестер Сити» жамоалари учрашувига жами 11 дақиқа (5+6), «Арсенал» ва «Ноттингҳем Форест» ўйинига 10 дақиқа (3+7), «Нюкасл» ва «Астон Вилла» ўйинига 15 дақиқа (10+5) қўшиб берилганди.

Дастлабки 45 дақиқаликда жамоалар жами уч гол уришди, ҳакам VAR мониторингига икки бор борди, ҳисобни очган Ромерони алмаштиришга тўғри келди, қўшиб берилган дақиқаларда эса Эмерсон ҳисобни тенглаштирди. Голсиз ўтган иккинчи бўлимга эса фақат тўрт дақиқа қўшилди.

Шу тариқа, янгиланган «Тоттенҳэм» Постекоглу бошқарувидаги илк ўйинида бир очко билан кифояланди.

Жамоада етакчилар буткул ўзгарган, гап фақат Ҳарри Кейн кетганида эмас. Жамоа сардорлигини олган Сон ҳозирча таркибдаги энг ортиқча футболчи бўлиб кўринмоқда. Унинг қарши ҳужумларда қўл келадиган фазилатлари бош мураббий танлаётган тактикага умуман мос эмас. Қолаверса, у ҳимояга ёрдам беришга уриниб, пеналтига сабабчи бўлди.

Ўтган мавсумда жамоа етакчиларидан бири бўлган Деян Кулусевски ён чизиққа ёпиштирилган, у Сон билан бирга қанот ҳужумчи вазифасини бажариши керак. Ўтган мавсумда эса у қанотдан марказга силжиб, ҳужумларга рангбаранглик тақдим этарди, аммо энди унга ортдан кўмаклашувчи футболчи йўқ. 

Бу таркибда Жеймс Мэддисон, Ив Биссума ва Эмерсон – асосий етакчилар бўлиб кўринмоқда. Мэддисон «шпорлар» таркибидаги энг кучли ҳужумкор футболчи ва икки гол ҳам унинг саъй-ҳаракатлари билан амалга ошди. Зарба бериш учун берилган паслар бўйича яққол етакчилик қилди, стандартларни амалга оширди ва дадиллик билан яккакурашларга киришди, ҳозирча жамоада бунча ишни ўз зиммасига оладиган бошқа футболчи йўқ.

«Барса» ўйини 125 дақиқа давом этди, 10 та сариқ карточка ва 3 та қизил кўрсатилди, ўйин охирида пеналти берилмади

Хетафе – Барселона 0:0
Хетафе – Сория, Иглесиас, Суарес, Митрович (Порту, 46), Дуарте, Алварес, Жене, Максимович, Аленя (Лосано, 65), Латаса (Майорал, 64), Мата.
Барселона – тер Стеген, Араухо, Кристенсен (Эззалзули, 46), Кунде, Балде, Гундўған (Гави, 79), Ромеу (Ямал, 76), де Йонг, Педри (Фати, 79), Рафиня, Левандовски.
Огоҳлантиришлар: Митрович (15), Мата (31), Рафиня (38), Аленя (38), Суарес (82), Лосано (84), Жене (90), Гави (90).
Четлатишлар: Рафиня (42), Мата (57), Хави (70).

«Барселона» «Реал»дан фарқли ўлароқ ла лиганинг 1-турида ғалаба қозона олмади. «Хетафе» билан жанговар руҳда кечган учрашувда ҳисоб очилмай қолди.

«Барселона»нинг ёзги трансферлар ойнасидаги уч янги футболчисидан икки нафари бошланғич таркибдан ўрин олди – яримҳимоячилар Гундўған ва Ромеу. Жароҳатланган ҳимоячи Иниго Мартинес эса ҳозирча ўйин қайдномасидан ҳам ўрин олмади. Шу билан бирга, клуб 1-тур арафасида ҳам барчага маълум сабабга кўра яна икки футболчиси – иккинчи дарвозабон Пеня ва ҳимоячи Алонсони заявкага кирита олмаган.

«Барселона» ўйиннинг қарийб 80 фоиз вақтида тўпга эгалик қилди, шу туфайли Хави жамоаси футболчилари ҳимояланишда эмас, ҳужумлар вақтида қандай жойлашувини кузатиш қизиқарли эди (ҳолбуки одатга кўра схемага баҳо беришда ҳимоячилар жойлашувига асосланилади). Амалдаги чемпионлар ҳужумга ўтилганида орқа чизиқда уч ҳимоячини қолдирди: ўнг қанот ҳимоячиси Араухо марказий ҳимоячилар Кунде ва Кристенсен билан бирга. Ўнг қанот вингери Рафиня ва чап қанот ҳимоячиси Балде кенг қанот бўйлаб ҳаракатланди. «Барса» маркази Ромеу – Гундўған – де Йонг – Педри квартети билан зичлаштирилди. Бел соҳасидаги муаммолар туфайли ҳали оптимал формасига қайтмаган Гави захирада қолди.

«Хетафе» уч қаторли мудофаа ташкил этди, бунда сўнгги линия беш-олти футболчидан иборат бўлди. Майдон эгалари ўйинни яккакурашлар, қўпол фоллар ва провокациялар билан олиб боришди. Хосе Бордаласа жамоаси ҳужумда асосан марказий форвард Латасага узун узатмалар узатишга таянди. Ва бу иш бериб, жамоа ҳисобни очиши ҳам мумкин эди: Латаса жарима майдони ичида Кундега урилиб йиқилди. Эпизод баҳсли эди, аммо катта эҳтимол билан бош ҳакам пеналти бермасдан тўғри қарор чиқарди: яққол фол йўқ эди.

Мезбонлар ўйин бошиданоқ қўпол футбол намойиш этди, 15-дақиқада Стефан Митрович Рафиняга ташланди – сариқ.

Шу эпизоднинг ўзида Домингуш Дуарте Левандовскининг юзига зарба берди. Арбитр Сесар Сото Градо футболчини кечирди.

Яна ўн дақиқа ўтиб Дамиан Суарес тирсак билан Гундўғаннинг кўкрак қафасига зарба берди.

Қўрқинчли кўринади, аммо Илкай ўйнашда давом этди.

Рақиб оёққа ёпишиб олганига қарамай, «Барселона» қатор голли вазиятлар яратди. Ромеу юриш амалга ошириб йўллаган зарба дарвоза тўсинидан бир неча сантиметр юқоридан ўтиб кетди, Кунденинг узун пасига етиб борган Рафинянинг зарбаси аввалига ҳимоячига, кейин устунга тегди. Кўк-анорранглилар танаффусга қадар гол уришга яқин эди, аммо бўлим охирида Рафиня каталонияликларни қийин аҳволда қолдирди. Майдон эгалари барибир «Барса» футболчисининг сабрини тўлдиришди: бразилиялик ҳужумчи позиция учун курашда тирсак билан Алвареснинг юзига зарба берди – бу юз фоизлик четлатиш эди.

Бу «Барселона» футболчилари Хави бошқаруви даврида олган 10-карточка бўлди – бу вақт оралиғида фақат «Бетис» (19), «Хетафе» (14) ва «Атлетико» (13) жамоаларида юқорироқ кўрсаткич қайд этилган.

Қирпичоқ давом этди, танаффусда Митрович майдонни қўлтиқтаёқда тарк этди, Роналд Араухо эса атрофда бўлаётган воқеалардан шунчалик гангиб қолгандики, вазиятлардан бирида тўпни шунчаки қўл билан тутиб олди.

Бу ҳолат учун сариқ кўрсатиш керак эди, аммо уругвайлик ҳимоячи майдон ташқарисидаман деб ўйлаганини айтди ва ҳакам уни кечирди.

Биринчи бўлимга 10 дақиқа қўшиб берилди. Бўлим 0:0 ҳисобида тугади – ва икки жамоа жами 14 фол амалга оширди.

«Барселона» бир киши кам бўлиб қолиши, табиийки, ўйин картинасини ўзгартирди. «Хетафе» энди ғалаба ҳақида ўйлай бошлади ва Бордалас ҳужум гуруҳидаги футболчилар сонини оширди. Хави эса ҳимоячи Кристенсен ўрнига вингер Абдени туширди, де Йонг мудофаа марказига ўтди. Ўйин суръати юқори пасайди ва ўйин ярмида бу икки жамоани ҳам қониқтирарди. Аммо 58-дақиқада Мата иккинчи сариқ карточкани олиб, мезбонларни уялтириб қўйди. Ушбу ҳавбек Араухога нисбатан эҳтиётсиз ҳаракат қилди. Бу мажбурий фол эмасди, аммо, афтидан, Мата ҳали вазиятга мослашмаганди – ўйин олдидан мезбон футболчиларга «Барса» вакилларини нима қилиб бўлса ҳам тўхтатиш бўйича кўрсатма берилганди.

Ва бу «Колисеум Алфонсо Перес» стадионидаги сўнгги четлатиш бўлмади. Иккинчи бўлим ўрталарида Хави ҳам қизил карточка олди. У иккинчи бўлимда майдонга туширган Абде ўйинга яхши киришиб кетди: «Барселона» футболчилари унинг тезкорлигидан фойдаланиш учун тўпни кўпроқ у ҳаракатланган чап қанот бўйлаб етказиб бериб турди. Аммо марокашлик футболчи яккакурашларни бой берди ва якунда аниқ пас ёки зарба бера олмади. Абде яна бир яккакурашда мувозанатни сақлаб қола олмасдан йиқилганида «Барса» мураббийи фолни қайд этиб, рақиб ҳимоячисига қизил карточка кўрсатишни жўшқинлик билан талаб қилди, аммо унинг ўзи трибуналар ортига йўл олишга мажбур бўлди.

10 га 10 ҳолатида Испания чемпионлари кўпроқ кенгликка эга бўлишди ва «Хетафе»ни таслим қилиши керак эди. Аммо буни қила оладиган футболчи топилмади. Левандовский формада эмаслиги кўриниб қолди, поляк ҳужумчиси ўйин давомида атиги икки бор зарба берди. «Барса»нинг ўйин охиридаги қуроли 16 ёшли Ямал бўлди – у «янги Месси» отряди вакилларидан яна бири. Ушбу ўсмир Фатига ажойиб пас узатиб, голли вазият яратди, аммо Ансу учун дарвоза ҳажми кичиклик қилди (бутун ўйин давомида каталонияликларнинг атиги тўрт зарбаси дарвоза соҳасига тўғри борди). 90+10-дақиқада эса ўйиннинг энг баҳсли вазияти юзага келди.

101-дақиқада жарима майдони ичида Горка Ривер Араухонинг оёғига тепди, аммо ҳакам видеотакрордан кейин пеналти қўймасликка қарор қилди. У Гави уругвайлик жамоадошига қўли билан пас берган деб ҳисоблади, ҳолбуки видеода тўп унинг кўкрагидан боргани кўриниб турганди.

Бу эпизодни Испанияда ҳали яна муҳокама қилишади.

Иккинчи бўлимга расман 9 дақиқа қўшилди, аммо қўшилган вақтдаги тўхталишлар ҳисобига ўйин 105-дақиқага бориб тўхтади, шу тариқа, ўйин биринчи бўлимда қўшилган 10 дақиқа билан жами 115 дақиқа давом этди.

Каталонияликлар тўпга эгалик қилиш бўйича 75 фоиз устунликка эришди, зарбалар бўйича 14:5. Аммо гол бўлмади ва амалдаги чемпионлар бир очко билан кифояланди.

Мадридликлар рақибнинг 11 фолига қарши 20 фол ишлатишди. «Хетафе» охирига қадар курашди ва Бордалас антифутболи билан натижага эришди.

Мавзуга оид