Жаҳон | 12:25 / 30.08.2023
32202
6 дақиқада ўқилади

Марказий Россия бўйлаб дронларнинг кенг кўламли ҳужуми. Бу ҳақда нималар маълум?

Россиянинг Марказий федерал округидаги олти регион ҳамда аннексия қилинган Қримдаги Севастопол шаҳри жанговар дронлар ҳужумига йўлиқди. Энг асосий зарбалар Псков аэропортига тўғри келди.

Бу уруш бошланганидан буён биринчи марта Россиянинг бир неча ҳудудларига деярли бир вақтда дронларнинг ёппасига ҳужум қилиши бўлди. Ҳужумларда иштирок этган дронлар сони ҳозирча аниқ эмас. Етказилган зарар кўлами аниқлаштирилмоқда, аммо дастлабки маълумотларга кўра, тинч аҳоли орасида қурбонлар бўлмаган.

Псков

Псков аэропортига дронлар ҳужум қилиши оқибатида Ил-76 ҳарбий-транспорт самолётлари ёниб кетган, деб хабар беради ФВВ. ТАСС агентлиги маълумотига кўра, тўртта самолётга шикаст етказилган.

Аэропорт кун давомида фуқаролик рейсларига хизмат кўрсатмайди. Росавиация хабарига кўра, парвозларни амалга оширишда иштирок этувчи аэропорт тизимлари штат режимида ишламоқда.

Псков аэропорти ҳудудида давомли портлашлар рўй бергани ҳақида чоршанбага ўтар кечаси хабарлар кела бошлади. Кўп ўтмай ижтимоий тармоқларда ушбу ҳудуд усти ёришиб кетгани акс этган видео ҳам тарқалди.

Айрим хабарларга кўра, учувчисиз учар қурилмалардан бири аэропорт ҳудудидаги ёнилғи қуйиш компелксига келиб урилган ва ёнғин шулъаси узоқлардан ҳам кўринган.

«Аллақачон камида бешта кучли портлашлар бўлди… Вокзал ҳудуди тўлиқ ва Крест микрорайони (Псков аэропорти ҳудуди) олов ва тутун ичида қолди, ёнғин жуда кучли», — дея ёзган «Псковская губерния» телеграм-канали.

«Шаҳардагиларнинг барчаси портлашни эслатувчи ўнлаб овозларни эшитишган, аэропорт томонга кетаётган ўт ўчирувчилар ва полициячиларнинг машиналарини кўришган», — деган псковликлардан бири BBC билан суҳбатда.

Маҳаллий манбалар портлашлардан ташқари аэропорт ҳудудидан милтиқлардан узилган ўқлар овозлари ҳам эшитилганини ёзган — тахминларга кўра, дронларни шу йўл билан уриб туширишга уринишган.

«Псковская губерния»га кўра, ҳужумда камида 10 та дрон иштирок этган.

Псков аэропортида фуқаролик рейсларига ҳам, ҳарбий самолётларга ҳам хизмат кўрсатилади. Очиқ манбаларга кўра, ҳарбий аэродром қисмида Россия армияси 334-ҳарбий-транспорт авиаполки жойлаштирилган.

Псковдан Украина билан чегарагача масофа (Беларус орқали ҳисоблаганда) – тахминан 700 километр чиқади. Ҳукуматпараст телеграм-каналлар дронлар Эстония томондан учиб келганини тахмин қилган, аммо бу маълумотни тасдиқловчи бирор далил йўқ.

Брянск, Рязан, Калуга ва Орлов областлари

Бироз вақт ўтиб Россия мудофаа вазирлиги Брянск области ҳудудида украинларнинг учта дрони ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари томонидан уриб туширилгани ҳақида хабар берди.

Брянск аҳолиси вакиллари маҳаллий телеграм-каналларда шаҳар ҳудудида камида икки бор портлаш рўй бергани ҳақида хабар қилган.

«Энди ухламоқчи эдим, шунчалик кучли портладики, парда тушиб кетди ва деворлар титради», — дея ёзган маҳаллий аҳоли вакилларидан бири.

Айрим манбаларга кўра, дронлар «Дружба» нефт базасига ҳужум қилишга уринган.

Бошқа бир версияга кўра, Черехин ҳарбий базасига зарба йўлланган бўлиши мумкин, бу ерда 2022 йил баҳорида Бучани оккупация қилишда иштирок этган 104-десант-штурм полки жойлаштирилган.

Маҳаллий пабликлар ёзишича, учувчисиз учар қурилмалардан бири «Кремний ЭЛ» заводига қулаган — у Россиянинг энг йирик микроэлектроника корхоналари сирасига киради. Натижада бу ерда кичик ёнғин чиққан, оловни икки соат ичида ўчиришган. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳудудда вайронгарчиликлар қайд этилган, воқеа жойига тез ёрдам ва ФВВ ходимлари етиб келган.

Тонгда Брянск маъмурияти Тергов қўмитаси ҳудудий бошқармаси биносида «портлаш» рўй бергани ҳақида хабар қилганди, аммо кейинроқ бу пост ўчириб юборилган.

«Бугун Брянск устида учта учувчиси учиш аппарати уриб туширилди. Улардан бирининг уриб туширилиши оқибатида Тергов қўмитасининг Брянск области бўйича бошқармаси биносининг деразалари синиб кетган. Дастлабки маълумотларга кўра, жабрланганлар йўқ», — дейилган янги баёнотда.

Шаҳар маъмурияти чоршанба куни маҳаллий аҳолидан дронлар ҳужумига учраган объектлар манзилларини эълон қилмасликни сўради.

Губернатор Александр Богомаз яна икки дрон телеминорага ҳужум қилишга уринганида уриб туширилганини маълум қилди. Унинг телеграм-каналидаги хабарлардан билиш мумкинки, ҳудудга ҳужум қилган дронлар сони олтитани ташкил этган.

Бундан ташқари, ҳудудий расмийлар ва мудофаа вазирлиги Орлов, Калуга ва Рязан областларида дронлар уриб туширилгани ҳақида хабарлар берган. Ҳужумларда иштирок этган дронлар сони бўйича маълумотлар губернаторлар ва вазирлик хабарларида турлича келтирилган.

Аннексия қилинган Қримда жойлашган Севастопол губернатори ҳам Севастопол бухтаси ҳудудида денгиздан келган дронлар ҳужуми қайтарилгани ҳақида хабар берган, маҳаллий аҳоли вакиллари бу жойлардаги портлашлар ҳақида гувоҳлик беришган.

Москва ва Тула областлари

Псковдаги аэропортга ҳужум ва Брянск устидаги портлашлардан кейиноқ Россия ҳукумати Тула ва Москва областларида ҳаво кенгликларини маълум муддатга ёпиб қўйди.

Тун давомида бу ерларда икки бор «Ковер» режими жорий этилди, бу режим осмонда исталмаган учар объектлар пайқалганида ёки шундай объектлар пайдо бўлиши хавфи юзага келганида эълон қилинади.

Шунингдек Москвадаги Внуково ва Домодедово аэропортлари ҳам маълум вақтга ёпиб қўйилган.

Бундан ташқари, эрта тонгда Москва областининг Рузск районида дрон тўхтатилгани маълум бўлди.

«Бугун тунда марказий федерал округда дронларнинг ёппасига ҳужуми кузатилди. Москва томон йўл олган дронлардан бири Рузск районида ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари томонидан йўқ қилинган. Дастлабки маълумотларга кўра, жабрланганлар ва вайронгарчиликлар йўқ», — деган Москва мэри Сергей Собянин.

Мавзуга оид