Ўзбекистон | 20:33 / 31.08.2023
18808
3 дақиқада ўқилади

«Ҳар қандай муаммонинг ечими — таълим» — президент

Янги ўқув йилидан мактабларда хориждан махсус таклиф этилган 500 нафар инглиз тили мутахассислари дарс беради.

Фото: Президент матбуот хизмати

Янги ўқув йилидан мактабларда хориждан махсус таклиф этилган 500 нафар инглиз тили мутахассислари дарс беради. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев мустақилликнинг 32 йиллигига бағишланган байрам тантанасида айтиб ўтди.

«Сиёсий мустақиллик замирида энг аввало иқтисодий мустақиллик ётиши ҳеч кимга сир эмас. Охирги йилларда амалга оширган ишларимиз, эришган натижаларимиз бу йўлда мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда. Сўнгги 6 йилда юртимизда ялпи ички маҳсулот ҳажми 1,5 мартадан зиёд, тадбиркорлик субъектлари сони 2 карра кўпайгани, саноатдаги ўсиш 40 фоиздан ошгани буни яққол тасдиқлайди.

Қисқа муддатда камбағалликни 2 баробардан зиёд қисқартиришга эришдик. Лекин биз бугун билан кечаги кунни эмас, бугун билан эртанги кунни таққослашимиз, ишимизни шу асосда ташкил этишимиз керак. Зеро, келажак бугун биз ташлаётган қадамлардан бошланади.

Биз мутафаккир зотларнинг: «Давлатнинг вазифаси инсонларни бахтли-саодатли қилишдир. Бу мақсадга эса илм ва яхши ахлоқ ёрдамида эришилади», деган ҳикматли сўзларини ўзимиз учун дастур деб биламиз. 

Маълумки, биз бир йил аввал тараққиётимизнинг 5 та асосий йўналишини белгилаб олган эдик. Унда таълим соҳасини ривожлантириш биринчи галдаги устувор вазифа сифатида қайд этилган. Мен доимо таълим, таълим, муаллим, муаллим, деб таъкидлашим бежиз эмас. Чунки таълимни ривожлантирмасдан туриб юксак тараққиётга эриша олмаймиз. Ҳар қандай муаммонинг ечими ҳам, эртанги кунимизни ҳал қилувчи омил ҳам, шубҳасиз, таълимдир.

2022 йили мамлакатимизда 72 та янги мактаб қурилди, 279 таси капитал таъмирдан чиқарилди, 514 та мактаб эса реконструкция қилинди. Мактаблар учун 30 мингдан ортиқ компьютер харид қилинди. Янги ўқув йилидан республикамиз мактабларида хориждан махсус таклиф этилган 500 нафар инглиз тили мутахассислари болаларимизга дарс беради. Бошланғич синф ўқувчилари илғор хорижий тажриба асосида ишлаб чиқилган янги дастур ва дарсликлар бўйича ўқий бошлайдилар.

Худди шу каби, соғлиқни сақлаш, бизнесни ривожлантириш, суд тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ва ёқилғи-энергетика муаммоларини ҳал этиш юзасидан катта лойиҳалар бошланган.

Яна бир бор таъкидлайман: ушбу белгиланган устувор йўналишлар бизнинг доимий эътиборимиз марказида бўлади», деди президент.

Мавзуга оид