Жаҳон | 17:03 / 02.09.2023
15529
4 дақиқада ўқилади

Қосим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистон учун янги иқтисодий курс ҳақида эълон қилди

1 сентябрдан бошлаб мамлакатда янги «адолатли Қозоғистоннинг иқтисодий курси»га эътибор қаратилади.

Фото: akorda.kz

Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев парламент қўшма мажлисида «Адолатли Қозоғистоннинг иқтисодий йўналиши» номли нутқи билан Қозоғистон халқига мурожаат қилди. Оқўрда матбуот хизмати нутқдан муҳим парчаларни келтирди.

Қозоғистон раҳбари ўз нутқи аввалида мамлакатда амалга оширилаётган сиёсий ислоҳотларга яна бир бор тўхталиб ўтди. Тўқаевнинг сўзларига кўра, уларнинг муваффақияти «кучли президент –   самарали парламент –   ҳисобдор ҳукумат» формуласининг янада мустаҳкамланишига боғлиқ. Шунингдек, Қосим-Жўмарт Тўқаев йил давомида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида муҳим қадамлар қўйилгани, қонун устуворлиги ва адолатни таъминлаш борасида катта ишлар амалга оширилганини таъкидлади.

Тўқаев чинакам ривожланган давлатга айланиш учун сиёсий ислоҳотларни чуқур ва кенг қамровли ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар билан уйғунлаштириш зарурлигига ишонч билдирди.

Қозоғистон президенти, шунингдек, республика мураккаб геосиёсий шароитда ривожланиши кераклигини таъкидлади, бироқ бу ерда ҳам, Тўқаевнинг сўзларига кўра, ижобий жиҳатлар бор. Унинг фикрича, жаҳон иқтисодиёти ва меҳнат тақсимотида туб ўзгаришлар рўй бермоқда. У ресурслар учун курашнинг кескинлашуви билан Қозоғистонда иқтисодий ютуққа эришиш имконияти борлигини билдирди, шунинг учун мамлакат аҳволи ва фуқаролар ҳаётини яхшилайдиган янги иқтисодий моделга ўтиш вақти келди, деб огоҳлантирди.

Қозоғистон ҳукуматига ишлаб чиқариш ва тоғ-кон саноати, ҳарбий-саноат комплекси, қишлоқ хўжалиги, энергетика, транспорт ва логистика, молия, ахборот технологиялари ва рақамлаштириш, сув ресурслари, ижодий саноат ҳамда кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш вазифаси юклатилди. Тўқаев, шунингдек, давлатнинг иқтисодиётга таъсирини камайтириш, иқтисодиётни монополиядан чиқариш, макроиқтисодий сиёсатни қайта кўриб чиқиш, солиқ тизимини, бюджет сиёсатини ва маъмурий бошқарув тизимини ислоҳ қилиш бўйича асосий ташаббусларни эълон қилди.

Мамлакатнинг янги иқтисодий йўналишини белгиловчи тамойиллар адолат, инклюзивлик ва прагматизм бўлади. Тўқаев сўзларига кўра, Қозоғистон иқтисодий ривожланишининг янги парадигмаси рақобатбардош устунликлардан самарали фойдаланишга, шунингдек, ишлаб чиқаришнинг барча асосий омиллари – меҳнат, капитал, ресурслар ва технология имкониятларини очишга асосланади.

Янги иқтисодий сиёсат доирасида узоқ муддатли вақтинчалик мақсадларни белгилаш амалиётидан воз кечилади, деди давлат раҳбари.

Шунингдек, у мурожаатномада белгиланган барча вазифалар уч йил ичида якунланиши, энг мураккаблари бўйича бошқа аниқ муддатлар белгиланишини таъкидлади.

«Энди бўлажак таркибий иқтисодий ислоҳотларнинг асосий контурларини тақдим этаман. Ҳозирги босқичда энг муҳим вазифа – мамлакатнинг мустаҳкам саноат базасини шакллантириш, иқтисодий жиҳатдан ўзини-ўзи таъминлашдир. Шу боис асосий эътиборни бу борадаги ишларга қаратиш, ишлаб чиқариш соҳасини жадал ривожлантириш лозим. Мамлакатимиз ҳаётини чинакам ўзгартирувчи қатор лойиҳаларни амалга оширишимиз керак. Иқтисодиётни диверсификация қилиш вазифаси тобора долзарб бўлиб бормоқда», дея маълум қилди Қозоғистон президенти.

У металлни чуқур қайта ишлаш, нефт, газ ва кўмир кимёси, оғир машинасозлик, уранни конверсиялаш ва бойитиш, автомобил бутловчи қисмлари ва ўғитлар ишлаб чиқариш каби соҳаларга эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.

Бошқача айтганда, юқори қайта тақсимлаш кластерларини яратиш керак, деди президент.

Мавзуга оид