Сочида Путин ва Эрдўған учрашуви якунланди. Асосий гаплар
«Ғалла битими» тикланмади, матбуот анжумани вақтида Путин Украинанинг қарши ҳужуми ҳақидаги саволга ҳам жавоб берди.
Сочи шаҳрида Россия ва Туркия президентлари музокаралари якунланди. Якуний матбуот анжуманида эълон қилинган баёнотларга кўра, «ғалла битими»ни қайта тиклаш бўйича бирор келишувга эришилмаган.
Россия президенти «ғалла битими» бўйича аввалдан Россия томони манфаатларини ҳисобга олиб мажбуриятлар келишилгани ҳақида гапирди. Унинг сўзларига кўра, битим муддати тугаётганида ҳам ҳеч қандай мажбурият ижро этилмаган, бироқ тезда ҳаммасини бажаришини ваъда қилиб РФдан яна уни узайтиришни сўрашган. Россия яна кўнган, бироқ эвазига ҳеч нарса олмаган. У битим учинчи марта узайтирилганда Россияни «адлаб кетишгани»ни таъкидлаган. «Биз барча берилган ваъдалар бажарилсагина, битимга зудлик билан қайтишга тайёрмиз», деди Сочида Путин.
Россия президентининг қайд этишича, Россия битим доирасида хавфсизлик кафолатларини таъминлаш билан банд бўлиб турган бир чоғда, иккинчи томон ҳуманитар йўлаклардан «террорчилик ҳужумлари» учун фойдаланган. Боз устига, Укранадан чиққан ози-овқат юкларининг 70 фоизидан ортиғи Африка давлатларига эмас, Европанинг ўзига тўқ давлатларига йўл олган. Натижада Россияни битимдан чиқишга «мажбур қилишган», чунки Ғарб давлатлари Россия қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларининг маҳсулотларини жаҳон бозорларига етказишни таъминлашда тақиқ ўрнатган, «ғалла битими»нинг ҳуманитар характерга эга экани борасида эса алдамоқда.
Россия президенти сўзларига кўра, битим якунланиши глобал озиқ-овқат нархларига таъсир ўтказмаган. «Жаҳон бозорларида ғалла маҳсулотлари нархи пасайишда давом этмоқда, чунки Украинанинг жаҳон ғалла бозоридаги улуши бор-йўғи 5 фоиз атрофида ва бу янада камайишда давом этади», деган Путин.
Ҳозирча Россия озиқ-овқат маҳсулотлари ва ўғитлар экспортини ўзи йўлга қўйиш ниятида, Африканинг олтита давлати билан ғалла етказиб бериш бўйича келишувлар имзолашга яқин.
Эрдўған эса «ғалла битими» қашшоқ давлатлар учун муҳим аҳамият касб этганини қайд этди. Туркия БМТ билан бирга битим бўйича янги маслаҳатлашувлар пакетини тайёрлаган.
Путин матбуот анжумани давомида Украинадаги вазият ҳақида ҳам ўз фикрларини билдирган.
Журналистнинг Украина қарши ҳужуми депсиниб қолди, деб ҳисоблаш мумкин, дея берган саволгига жавобан РФ президенти шундай деган:
«Бу — депсиниш эмас, бу — барбод бўлиш. Нима бўлганда ҳам, бугунги кунга келиб ҳаммаси айнан шундай кўринмоқда. Келгусида нима бўлишини кўраверамиз. Умид қиламизки, кейинчалик ҳам айнан шундай бўлиб қолади».
Путин Россия илгари ҳам, ҳозир ҳам Украинадаги вазият бўйича тинч музокараларни рад этмаганига урғу берган.
Сўнгги марта Путин ва Эрдўған қарийб бир йил муқаддам — 2022 йилнинг 13 октябрида Қозоғистон пойтахти Астана шаҳрида учрашган эди. Ундан аввалги учрашуви 2022 йил августида Сочида бўлиб ўтганди.
Россия бир йил ичида Украинанинг 30 млн тонна ғалласини экспорт қилиш имконини яратган «ғалла битими»ни 17 июл куни тарк этган эди.
Москвага бунга сабаб қилиб келишувларнинг бир қисми, хусусан Россиядан ўғит маҳсулотларининг енгиллаштирилган тартибда экспорт қилиш масаласи ечилмасдан қолиб кетганини таъкидлаган. Зеленский ўша куниёқ БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ва Эрдўғанга битимни уч томонлама форматда Россия иштирокисиз давом эттириш таклифи билан чиққан. Кремл бунга жавобан ғалла битими давом эттириладиган бўлса «маълум бир рисклар» билан таҳдид қилган.
Битимни тарк этгач, Россия қўшинлари бутун «ғалла йўлаги» ўтган Қора денгиз ҳудудини кемачилик учун хавфли ҳудуд деб эълон қилди ва деярли ҳар куни Украина жануби ва Одесса области ва ундаги «ғалла битими»га сафарбар қилинган порт инфратузилмаларини ўққа тута бошлади.
Россия Украина портларига яқинлашаётган кемаларни ҳарбий мақсаддаги юк ортиб олган ҳарбий нишон сифатида кўришини таъкидлади. Россия мудофаа вазирлиги бундай кемаларга байроғи илинган давлатлар «Киев режими тарафда ҳарбий можарога аралашган» деб ҳисобланишини эълон қилди. РФ ТИВ эса қандайдир чора кўрилишидан аввал Россия Қора денгиздаги кемаларни кўздан кечиришини қўшимча қилди.
Шундан сўнг кўп ўтмасдан Россия ҳарбийлари Одесса порти томон йўл олган Туркиянинг Sukru Okan юк ташувчи кемасига тушишди. Бунга жавобан НАТОнинг Европадаги қўшинлари собиқ бош қўмондони Жеймс Ставридис Москва Қора денгизнинг халқаро сувларида кемаларни ушлашда давом этса НАТО билан тўғридан тўғри уруш келтириб чиқариши мумкинлигини таъкидлади.
10 август куни Украина Қора денгиз портларига кириб чиқаётган фуқаролик кемалари учун вақтинчалик «йўлаклар» ҳақида эълон қилди. Бундай йўлаклардан аллақачон тўртта кема юк олиб ўтди.
Туркия эса Украина ва Россия ўртасидаги музокараларда воситачи ролини фаоллик билан таклиф қилмоқда ва дипломатик кўмак бермоқда.
Мавзуга оид
14:45
Захарова: Украина мустақил равишда ядро қуролини яратишга қодир эмас
11:53
Зеленский Украинанинг Германиядаги элчисини алмаштиришга қарор қилди
08:05
Байден Пентагонга Украинага қурол етказиб беришни тезлаштиришни буюрди
22:47 / 25.12.2024