Жаҳон | 21:00 / 20.09.2023
14195
6 дақиқада ўқилади

Фронтдаги вазият: асосий ҳарбий ҳаракатлар яна Бахмут атрофига кўчган

Украина қуролли кучлари Бахмутдан жанубда икки қишлоқни эгаллади, улар учун жанглар бир неча ойдан буён олиб борилаётганди. Аммо украинлар Бахмутнинг ўзини озод этишдан ҳали узоқда.

Фото: Getty Images

Бир неча ойлик жанглардан кейин украин армияси Бахмутдан жанубдаги икки қишлоқ — Клешчиевка ва Андрийивкани озод этишди. Россия қўшини бу қишлоқларни ташлаб чиқиши вақт масаласи бўлиб турганди: Украина қуролли кучлари ёздаёқ улардан ғарбда жойлашган тепаликлардаги позицияларни эгаллаган, шундан кейин руслар пастликда мудофааланиши деярли имконсиз эди. Аммо РФ ҚК яна бир неча ҳафта давомида позицияларни ушлаб туришди — украин армияси икки аҳоли яшаш пунктини эгаллаш учун қатъий штурм ҳаракатлари бошламагунча.

Бахмут

Россия мудофаасини ёриб ўтиш рўй бермади: РФ ҚК шунчаки Бахмут — Ҳорливка темирйўли ортига чекинди. Энди Украина ҚК яна бир қанча чизиқлардан ўтиши талаб этилади: биринчиси айнан темирйўл бўйлаб ўтган, иккинчиси — шарқдаги тепаликларда, учинчиси — янада шарқроқда, Бахмут — Ҳорливка автомобил йўли орқали ўтади. Россиянинг Бахмутдаги гуруҳининг асосий таъминот линияси эса (Попасная — Бахмут йўли) умуман шаҳарнинг қарама-қарши томонидан, шарқ томон анча ичкарида жойлашган. Яъни бу икки қишлоқни озод этиш Украина ҚКнинг Бахмутдаги муваффақияти учун зарур, аммо етарли шарт эмас.

1. Украина ҚК Бахмутнинг шимолий қанотида юришини қайтадан бошлаган ва Бахмут-Словянск трассасига чиқишга уринмоқда
2. Украина ҚК бир неча ойлик жанглардан кейин Бахмут фронти жанубидаги Клешчиевка ва Андрийивкани озод этган: россиялик ҳарбийлар темирйўл ортидаги навбатдаги чизиққа чекинган.
  • Жанубдаги Украина кучлари Бахмутга дарҳол ҳужум қила олмайди ёки Бахмут — Ҳорливка йўлига етиб бора олмайди. Улар бунинг учун Россиянинг қанотлардаги — Курдюмовка ва Озаряновкадаги кучларини бартараф этиши керак. Бунинг учун эса Клешчиевка ва Андрийивкани озод этиш учун кетганчалик вақт ва ресурслар талаб этилади.
  • Украина ҚК Бахмутдан шимолдаги юришини ҳам фаоллаштиришга уринмоқда (россияликлар бу йўналишдаги ҳужумларни ёздаёқ тўхтатиб қўйганди; қолаверса, РФ ҚК қарши ҳужумга ўтган ва украин бўлинмаларини Берховкадан чекинтирганди). Энди украин қўшини Бахмут — Словянск трассаси бўйлаб ҳужум қилмоқда. Аммо ҳозирча бу участкада сезиларли ютуқлар йўқ. Катта эҳтимол билан, Бахмут фронтида шимолий қанотда Россия мудофаасини ёриб ўтмасдан, амалиётнинг умумий муваффақиятига эришиб бўлмайди.
  • Бахмут фронтидаги асосий муаммо шундаки, ҳатто муваффақиятли олға силжиш ҳам Украина қуролли кучларига стратегик фойда ваъда қилмайди: бу ҳарбий ҳаракатлар театри жанубда Ҳорливка ва Дебалцево шаҳарлари билан четлари билан чекланади, шимол ва шарқда — Шимолий Дон дарёси билан. РФ ҚК бу ерда Ростов областидаги ички базаларга таянадиган яхши ривожланган логистика тизимига эга. Шу тариқа, ҳатто Бахмут озод этилиши ҳам фронтдаги вазият радикал ўзгаришига олиб келмайди — бу фақат Запорижжя областида, Орехив ёки Велика Новосилка йўналишларида фронт чизиғи ёриб ўтилган тақдирда бўлиши мумкин.

Велика Новосилка йўналиши

  • Украина қуролли кучларининг Велика Новосилка йўналишида Мокрие Яли дарёси бўйлаб қилаётган юриши август ойида Урожайне қишлоғи озод этилиши билан тўхтаб қолган. Янада олға силжиш учун қанотларни хавфсиз қилиш талаб этилади, Украина ҚК эса буни захира кучларни ишга солмасдан амалга ошира олмайди: украин қўшини сентябр ойи бошидаги ҳужумлардан кейин ғарбий қанотдаги Приютнени озод қила олмади, ой ўрталарига келиб Урожайнедан шарқ томонга ҳужум бошлади. Аммо Новодонецке ва Новомайорске қишлоқларига ҳужумлар ҳам муваффақиятли чиқмади: Украина ҚК ушбу қишлоқлар чеккаларида ўрнашиб қола олмади ва кўп миқдорда техникаларидан айрилди.
Украина ҚК Велика Новосилка фронтининг шарқий қанотидаги Новомайорске қишлоғига ёриб киришга уринди. Юриш қишлоқ чеккаларида тўхтатилган, Украина ҚК денгиз пиёдалари бўлинмаси кўп миқдорда техникаларини йўқотган.
  • Украина гуруҳига бу участкада қатъий ёриб ўтиш учун куч етишмаяпти, Украина ҚК захиралари эса асосан Орихив йўналиши фойдасига тақсимланган. Аммо Украина қўмондонлиги Велика Новосилка йўналишидаги юришларни ҳам тўхтатиб қўя олмайди.

Орехив йўналиши

  • Катта эҳтимол билан, Украина қўмондонлиги режаларида Орихивдан жанубда юриш қилиш ҳамон асосий зарба сифатида кўрилади. Августда бу ерга бир қанча янги бригадалар ташланган, натижада Работине қишлоғи озод этилиб, Вербове қишлоғи чеккаларига ёриб ўтилганди. Аммо бу вақтга келиб участкага Россияликлар ҳам ўз захираларини олиб келишди — асосан ҳаво-десант кучларининг иккита дивизиясини. Шундан буён рақиблар Работинедан жанубда ва Работине — Вербове чеккаларида позициялар учун машаққатли жанглар олиб бормоқда.
  • Кўриниб турибдики, украин қўмондонлиги кампаниянинг биринчи навбатдаги мақсади — Токмак шаҳрига етиб бориш учун ушбу ҳудудда янги зарба беришни режалаштирмоқда. Бу эса бошқа йўналишлардан янги захира кучларни олиб келишни талаб этади.
  • Шу билан бирга, Россия қўмондонлиги ҳам бу йўналишга қўшимча захиралар ташлашини кутиш мумкин. Ҳозирча РФ ҚК украинларнинг Токмакка юришини тўхтата олмаяпти. Бунга пассив стратегия имкон бермаяпти: қўшинлар бир чизиқдан бошқасига олиб ўтилмоқда, баъзида қарши ҳужум қилишга уринмоқда, аммо кейин янги украин қисмлари босими остида яна чекинишга мажбур бўлмоқда; захиралар ҳолдан тойган қўшинлар олиб кетилиши ва ротация қилиниши туфайли мудофаада ҳосил бўладиган «тешикларни ёпиш» учун ишлатилмоқда.
  • Шундай бўлса ҳам, Россия қўмондонлиги украинларнинг ўз мудофаасига 10 километрга кириб келган тор «ханжари»га қанотлардан қарши ҳужумлар ташкил этиш учун захираларнинг навбатдаги партиясидан фаолроқ фойдаланишга ҳаракат қилиши мумкин.

Мавзуга оид