Ўзбекистон | 12:14 / 20.09.2023
9014
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон президенти БМТда экологик вазият ва сув муаммосини кўтарди

Кейинги 30 йилда минтақада ҳаво ҳарорати бир ярим градусга кўтарилди. “Ушбу тенденция сақланиб қолса, яқин йигирма йилда минтақамиздаги иккита йирик дарё – Амударё ва Сирдарё оқими 15 фоизга қисқариши мумкин”, деди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 78-сессиясида нутқ сўзлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, Орол денгизи фожиасига қарши курашни давом эттираётган Марказий Осиё иқлим ўзгаришлари олдида энг заиф минтақалардан бирига айланмоқда.

Глобал муаммо бўлган Орол фожиаси оқибатларини бартараф этиш йўлида Ўзбекистон ўз имкониятлари даражасида ҳаракат қилмоқда. Сўнгги йилларда Орол денгизининг қуриган тубида 1,7 миллион гектар майдонда қурғоқчиликка чидамли ўсимликлардан иборат яшил ҳудудлар барпо этилди. Бу саъй-ҳаракатларни давом эттириш учун халқаро ҳамжамиятнинг қўллаб-қувватлаши жуда муҳим.

“Кейинги 30 йилда минтақамизда ҳаво ҳарорати бир ярим градусга кўтарилди. Бу – дунёдаги ўртача исишдан икки карра кўпдир. Оқибатда музликлар умумий майдонининг қарийб учдан бир қисми йўқолиб кетди. Ушбу тенденция сақланиб қолса, яқин йигирма йилда минтақамиздаги иккита йирик дарё – Амударё ва Сирдарё оқими 15 фоизга қисқариши мумкин. Жон бошига сув билан таъминланиш даражаси 25 фоизга, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлиги эса 40 фоизга камайиши кутилмоқда.

Агар ўз вақтида таъсирчан чораларни кўрмасак, ушбу муаммолар оқибатлари минтақамиздаги ижтимоий-иқтисодий барқарорликка жиддий путур етказади.

Бу вазиятдан келиб чиққан ҳолда, биз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг Сув ресурслари бўйича махсус вакили лавозими таъсис этилишини қўллаб-қувватлаймиз. Марказий Осиё сувни тежайдиган технологиялар платформасини яратиш жараёнида “Бирлашган Миллатлар Ташкилоти – сув ресурслари” механизмини ишга солиб, энг илғор технологияларни жалб этиш ва татбиқ қилиш тарафдоримиз.

Биз минтақамизда қабул қилинган Яшил тараққиёт дастури доирасида тизимли ҳамкорликни йўлга қўймоқдамиз. Бундай шериклик манфаатларимизга бирдек мос бўлиб, иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ таҳдидларнинг олдини олишга қаратилган. Бу борада “Марказий Осиё иқлим мулоқоти”ни жорий этишни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайман.

Биз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг “Марказий Осиё глобал иқлим таҳдидлари қаршисида: умумий фаровонлик йўлида ҳамжиҳатлик” резолюциясини қабул қилиш ташаббусини илгари сурамиз. Унинг асосий мазмунини келгуси йил Самарқандда бўлиб ўтадиган халқаро иқлим форумида муҳокама қилишни таклиф этамиз”, деди президент.

Таъкидланишича, Ўзбекистон иқтисодиётининг асосий тармоқларини иқлим ўзгаришларига мослаштириш, углерод нейтраллигига эришиш ва “яшил” энергетика улушини кескин ошириш стратегик вазифа бўлиб қолади.

Мавзуга оид