Анқарадаги портлаш ортидан Туркия Ироқ шимолидаги курдларга авиазарбалар йўллади
Анқарада ички ишлар вазирлиги биноси олдида рўй берган портлашдан бир неча соат вақт ўтиб Туркия Ироқ шимолидаги курдларнинг позициялари бўйлаб авиазарбалар берди. Туркия ҳукуматига кўра, авиазарбалардан сўнг Курдистон ишчилар партиясининг 20 та объекти йўқ қилинган.
Туркия қуролли кучлари Ироқ шимолидаги Курдистон ишчилар партияси (КИП) объектларига ҳаводан зарбалар берди. Бу ҳақда Туркия мудофаа вазирлиги 1 октябр куни кечқурун эълон қилинган баёнотда айтилади.
Вазирликка кўра, зарбалардан мақсад «КИП ва бошқа террорчи унсурларни зарарсизлантириш, Шимолий Ироқдан Туркия аҳолиси ва ҳуқуқ-тартибот органларига қарши қаратилган террорчилик ҳужумлари амалга оширилишининг олдини олиш, чегара хавфсизлигини таъминлаш» бўлган.
«КИП томонидан фойдаланилган ғорлар, бункерлар, бошпана ва омборлардан иборат жами 20 та объект йўқ қилинди. Ҳужумлар давомида кўп сонли террорчилар зарарсизлантирилди», — дейилади мудофаа вазирлиги хабарида.
Амалиёт давомида тинч аҳоли, тарихий-маданий бойликлар ва атроф-муҳитга зарар етказмаслик учун барча эҳтиёт чоралари кўрилгани қайд этилган. Туркия қуролли кучлари «мамлакат ва халқнинг омон қолиши ва хавфсизлиги учун» терроризмга қарши курашни давом эттириши таъкидланган.
Шу куни Ироқнинг Туркия ва Эрон билан чегарасига яқин жойлашган Сидакан шаҳри мэри AFP агентлигига Брадост ҳудуди ва Бадран қишлоғи бомбардимон қилинганини айтди.
Курдларнинг Rudaw ахборот агентлиги зарбалар Ироқ шимолида, Эрон билан чегарадаги Қандил тоғ тизмаси бўйлаб берилганини тасдиқлади. Ҳаракатланиш қийин бўлган Қандил тоғлари анчадан буён КИПнинг таянч базаларидан бири ҳисобланади.
Туркия ИИВ биноси яқинидаги портлаш
Якшанба куни Туркия пойтахти Анқара шаҳрида икки номаълум шахс парламент ва ички ишлар вазирлиги бинолари яқинида портлаш содир этганди.
Курдистон ишчилар партияси портлаш ўзи билан алоқадор бўлган «Ўлмас баталён» томонидан амалга оширилганини тасдиқлади, бу гуруҳ 2016 йил Истанбулда содир этилган терактлар учун жавобгарликни ўз зиммасига олганди.
Хабарларга кўра, ҳужум қилувчилардан бири машинадан чиққан ва қўриқчиларни чалғитиш учун кичик портловчи қурилмани вазирлик биноси томон улоқтирган.
Иккинчи ҳужум қилувчи эса вазирлик дарвозасидаги қўриқчиларга қарата ўт очган, кейин бомбани портлатган, портлаш оқибатида ўзи ҳалок бўлган.
Бу вақтда биринчи ҳужумчи вазирлик ҳудудига чопиб кирган ва тезда полициячилар томонидан отиб ўлдирилган.
Икки офицер яраланган. Улардан бири кўкрак қисмидан жароҳат олган, бошқаси икки оёғи ва кўзидан жароҳатланган.
«Отишма вақтида икки полициячимиз енгил жароҳат олди. Бизнинг курашимиз сўнгги террорчи зарарсизлантирилмагунича давом этади», — дея ёзган вазир Twitter саҳифасида.
Портлаш парламент ёзги танаффусдан кейин қайта очилишига бир неча соат қолганида рўй берди.
Туркиялик юқори мартабали мулозим Reuters агентлигига хабар беришича, ҳужум қилган шахслар Туркия пойтахтидан 260 км жануби-шарқда жойлашган Қайсари шаҳрида ҳайдовчини ўлдириб, унинг автомобилини олиб қочишган.
Унинг сўзларига кўра, ярадор полициячилардан бирининг жароҳатига осколка сабаб бўлган.
ОАВда тарқалган дастлабки хабарларда ушбу ҳудудда отишма ҳам рўй бергани айтилган. Воқеа жойига фавқулодда хизматлар етиб келган, атрофдаги қатор кўчалар полиция томонидан тўсилган.
Анқара полицияси маълум қилишича, айни вақтда кейинги эҳтимолий портлашларнинг олдини олиш учун барча «шубҳали воситалар» зарарсизлантирилмоқда.
Парламентнинг танаффусдан кейинги илк сессиясида Туркия президенти Эрдўған портлашни «терроризмнинг сўнгги чақнаши» деб атади.
«Бизнинг фуқароларимиз тинчлиги ва хавфсизлигини бузишни ўйлаган қабиҳ кимсалар ҳеч қачон мақсадига эриша олмайди», — деган у.
Туркия парламенти яқин вақтлар ичида Швециянинг НАТОга аъзолигини ратификация қилиши кутилмоқда.
Аввалроқ Анқара Швеция курд жангариларига бошпана бермоқда, деган баҳона билан унинг аъзолигини блоклаганди.
Курдистон ишчилар партияси 1984 йилдан бери Туркия давлатига қарши курашиб келади ва мамлакатда кўплаб терактлар содир этган. Тўқнашувларда аллақачон ўн минглаб одамлар ҳалок бўлган. У Туркиянинг ўзида, шунингдек Европа Иттифоқи ва АҚШ томонидан расман террорчи ташкилот деб тан олинган, лекин айрим сиёсатчилар КИП сўнгги вақтларда зўравонлик услубларидан воз кечганини айтишади.
Туркия ҳукумати курд миллатчиларини бостириш бўйича қатъий сиёсат юритади ва Туркия ичидаги, шунингдек, Сурия ва Ироқ ҳудудларидаги курд базаларига қарши бир неча бор ҳарбий амалиётлар ўтказган.
АҚШнинг Туркиядаги элчихонаси Twitter саҳифасида терактни кескин қоралади: «Биз бугун тонгда бизнинг НАТО бўйича иттифоқчимиз бўлган Туркияга қарши амалга оширилган террорчилик ҳужумини қатъий қоралаймиз. Жабрланганларга ҳамдардлик билдирамиз ва уларнинг тезда соғайиб кетишини тилаймиз. Террорчиликка қарши курашда Туркия билан бирдаммиз».
Покистон, Саудия Арабистони ва ЕИ ҳам ҳужумни қоралаб, Туркияни қўллаб-қувватлашини изҳор этган.
Мавзуга оид
17:38 / 24.12.2024
Туркияда портловчи моддалар ишлаб чиқарувчи заводда портлаш содир бўлди
00:45 / 23.12.2024
Туркия ТИВ раҳбари Сурияга қарши санкцияларни тезроқ бекор қилишга чақирди
17:52 / 17.12.2024
WSJ: АҚШ Сурия чегарасида турк қўшинлари тўпланаётганидан хавотирда
18:39 / 14.12.2024