Ўзбекистон | 08:50 / 06.10.2023
17255
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда чанг бўронларига сабаб бўлувчи омиллар маълум қилинди

Омиллардан бири - қурилишлар сони ортиши натижасида шамол фонида ундан чанг ва қум зарраларининг ҳавога кўтарилиши.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда чанг бўронларига сабаб бўлувчи 2 та омил мавжуд. Бу ҳақда Гидрометеорология хизмати агентлиги раҳбарияти иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Қайд этилишича, чанг бўронларига ташқи ва ички омиллар сабаб бўляпти. 

Ташқи омиллар:

  • Қозоғистон, Туркманистон ва Афғонистон ҳудудларида глобал иқлим ўзгариши таъсирида ёмғир миқдори кескин камайгани;
  • сув ҳавзалари қуриши фонида суғориладиган ерларнинг деградацияга учраши сабабли чўлланиш авж олиб, кучли бўронлар содир бўлмоқда ва қум-чанг кўтарилиб, Ўзбекистон ҳудудига кириб келмоқда;
  • Ўзбекистонинг ғарбий (Бухоро) ва жанубий (Қашқадарё ва Сурхондарё) вилоятларига эса, Туркманистон ва Шимолий Афғонистоннинг (Афғон шамоли) чўл ҳудудларида кўтарилган қум ва чанглар бўронлар орқали кириб келмоқда.

Ички омиллар:

  • мамлакатда чўлланиш ва яйловлар деградациясининг авж олиши;
  • қурилиш майдонлари сонининг ортиши натижасида шамол фонида ундан чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилиши;
  • атмосферага саноат корхоналари ва автомашиналар томонидан зарарли тутунларнинг чиқарилиши.

Билдирилишича, ҳозирги кунда “Ўзгидромет” Атроф-муҳит сифати мониторинги бошқармаси 26 та шаҳарнинг 74 та стационар кузатув пунктларида ҳаво ифлосланишини кузатади. Улардан 66 та стационар постларда кунига 3 марта ҳаводан намуна олиш амалга оширилади.

Республиканинг 7 та - Жиззах, Гулистон, Самарқанд, Термиз, Нукус, Урганч ва Тошкент шаҳарларида ўрнатилган 8 та замонавий автоматик мониторинг станцияларида Horiba онлайн кузатувлар амалга оширилмоқда. 

Шу билан бирга, атмосфера ҳавоси сифатини маршрут кузатувлари мобил экологик лаборатория ёрдамида амалга оширилади. Мазкур кузатиш пунктлари атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи 12 турдаги ташламалар мониторинг қилинади. Жорий йилда атмосфера ҳавосидан Тошкент шаҳрида 23 мингтадан зиёд, бутун тармоқ бўйича 98 мингта намуналар олинган ва таҳлил қилинган. Бухоро, Термиз, Тошкент шаҳарларида атмосфера ҳавосининг майда чанг зарралари РМ10 билан юқори даражада ифлосланиши ҳолатлари қайд этилган.

Мавзуга оид