Фаластин давлатини тузиш масаласини ҳал қилмасдан муаммони ечиб бўлмайди — Путин
Россия президенти Владимир Путин Фаластин-Исроил можароси тўғрисидаги фикрларини айтди.
Владимир Путин «Россия энергетика ҳафталиги» ялпи мажлисида Фаластин-Исроил можаросига тўхталиб ўтди.
«Бўлаётган воқеа даҳшатли. Биз тушунамизки, ҳар икки томоннинг нафрати жуда катта. Лекин тинч аҳоли — аёллар, болалар, қариялар ўртасидаги йўқотишларни минималлаштириш ёки нолга туширишга ҳаракат қилиш керак», деди у.
«Агар эркаклар ўзаро жанг қилишга қарор қилса, ўзаро урушаверсин. Аёллар ва болаларни тинч қўйинглар. Бу ҳар икки томонга ҳам тегишли», деб таъкидлади Путин.
«Яқин келажакда вазиятни тинчлантириш мумкинми ёки йўқми - номаълум, аммо бунга интилиш керак, чунки можаролар зонасининг кенгайиши жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин, жумладан, энергетика соҳасида», деди у.
Путин Фаластин-Исроил можаросининг кескинлашувида Эронга қарши айбловларни асоссиз деб атади.
«Қўшма Штатлар битта авиаташувчи кемани у ерга (Ўрта Ер денгизи томон) олиб бориб, иккинчиси ҳақида эълон қилмоқда. Мен бундан маъно кўрмаяпман. Улар Ливанни бомбардимон қилмоқчими? Ёки улар шунчаки кимнидир қўрқитишга қарор қилдими? Лекин у ерда шундай одамлар борки, энди ҳеч нарсадан қўрқмайдилар. Муаммони шу йўл билан ҳал қилиш эмас, балки муроса ечимларини излаш керак. Энди Эронни ҳар доимгидек далилсиз барча гуноҳларда айблашаётганини эшитяпмиз. Ҳеч қандай далил йўқ», деди Путин.
Путин фикрига кўра, Фаластин давлатини барпо қилиш билан боғлиқ муаммо ҳал қилинмагунча, можарога ечим топилмайди.
«Асосийси, пойтахти Шарқий Қуддусда бўлган суверен Фаластин давлатини барпо этиш билан боғлиқ бўлган фундаментал сиёсий масалаларни ҳал қилмасдан туриб, муаммони умуман ечиб бўлмайди» деди у.
«Бундан ташқари, Исроилнинг турар жой ҳудудларини кенгайтириш сиёсати ва бошқа бир қатор тадбирлар охир-оқибат зўравонликнинг бундай портлашига олиб келди. Нима бўлаётгани даҳшатли. Фаластин муаммоси бу минтақадаги ҳар бир инсоннинг юрагида ва менимча, исломга эътиқод қилувчи ҳар бир инсоннинг қалбида. Ҳаёт шундай ривожланган, булар очиқ-ойдин нарсалар», деб қўшимча қилди Путин.
Путиннинг эслатишича, дастлаб Исроил давлати ташкил этилганда, бир вақтнинг ўзида Фаластин давлатини яратиш тўғрисида ҳам қарор қабул қилинган.
«Бизга маълумки, Исроил ташкил этилган, бироқ Фаластин мустақил ва суверен давлат сифатида ҳеч қачон турли сабабларга кўра ташкил этилмай қолган. Бундан ташқари, фаластинликлар азалдан Фаластинники деб ҳисоблаб келган ерларнинг бир қисми турли даврларда Исроил томонидан босиб олинган. Турли йўллар билан, лекин асосан, албатта, ҳарбий куч ёрдамида», деди Путин.
Фаластин-Исроил можаросини ҳал қилишда ҳозир куч ишлатиш тарафдорлари устунлик этмоқда, деди Владимир Путин.
«Қўшма Штатларда мустақил Фаластин давлатини яратиш йўлидан бориш керак, деб ҳисоблайдиган кўплаб сиёсий арбоблар ва экспертлар бор, Исроилда ҳам бор. Лекин, ўнлаб йиллар давомида бу муаммони куч билан ҳал қилиш керак деб ҳисоблайдиганлар устунлик этмоқда. Афсуски, бу биз ҳозир кўраётгандек фожиали воқеаларга олиб келди», деди у.
Путиннинг таъкидлашича, Россиянинг можаро бўйича позицияси «бу фожиали воқеалар билан боғлиқ эмас, бугунги кунда ривожланмаган, балки ўнлаб йиллар давомида ривожланган».
«Ва бу позиция Исроил томонига ҳам, Фаластиндаги дўстларимизга ҳам яхши маълум. Биз доимо БМТ Хавфсизлик Кенгаши қарорларини амалга ошириш тарафдори бўлиб келганмиз. Мен биринчи навбатда мустақил суверен Фаластин давлатини яратишни назарда тутяпман. Бу барча муаммоларнинг илдизи», деди президент.
Путиннинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда Исроил томонидан муаммони янада оғирлаштирган омил «турар-жой ҳудудларини кенгайтириш» бўлган. Бундан ташқари, Путиннинг таъкидлашича, Қўшма Штатларнинг можаро бўйича позицияси «фақат моддий характердаги масалаларни» ҳал қилишдан иборат.
Мавзуга оид
22:34 / 24.12.2024
Россия–Украина уруши тугайдими? Путин нимани хоҳлайди?
16:05 / 24.12.2024
«Моссад» ходимлари «Ҳизбуллоҳ» пейжерлари ва рацияларини портлатиш амалиёти қандай тайёрланганини айтиб беришди
12:01 / 24.12.2024
Исроил Эронда Ҳамас етакчиси Исмоил Ҳанияни ўлдирганини илк бор тан олди
07:50 / 24.12.2024