Фронтдаги вазият: Россия қарши ҳужумга ўтган, украинлар денгизда фаоллашмоқда
Россия қуролли кучлари фронтнинг йигирмадан зиёд участкасида кенг кўламли қарши ҳужумга ўтди: Украина Авдийивкани йўқотиши мумкин; Украина ҚКнинг янги сувости дрони Россия флотининг мудофаа тизимини вайрон қилмоқда. Гроза қишлоғига Россия ракетасини йўналтирган шахс аниқланди. Россия Украинанинг энергетика инфратузилмасига кузги зарбалар бериш учун ракета ғамламоқда. Украина эса нафақат Сочи, балки Москва аэропортлари ишини фалаж аҳволга тушириб қўйиши мумкин.
Германиянинг Бремен университети қошидаги Шарқий Европани ўрганиш маркази илмий ходими Николай Митрохин Украина фронтида сўнгги ҳафта ичида содир бўлган воқеаларни таҳлил қилди.
Россия армияси фронтнинг шарқий қисмида илгариламоқда
Ҳафтанинг асосий воқеаси Донецк шаҳрининг жанубий-ғарбий қисмидан тортиб Купянск шимолигача бўлган фронтнинг шарқий қисмининг камида йигирмата участкасида олдинга интилиши бўлди. Кўриниб турибдики, Россия армияси Украина ҚКнинг ўтган йили кузда амалга оширган манёврини такрорлашга уриниб кўрди: ўшанда баҳорги ва ёзги ҳужумлардан чарчаган Россия кучлари энг заиф жойда зарбани ўтказиб юборган, натижада Украина ҚК Изюм ва Креминна ўртасидаги ҳамда Харкив областининг шимолий-шарқидаги улкан майдонни озод қилишга муваффақ бўлган эди.
Украина ҚКнинг жанубий — Запорижжя фронтидаги юриши июн ойидаёқ барбод бўлганди, бироқ шу кунгача Украина раҳбарияти инсон ва материал ресурсларини Велика Новосилка ва Орихив жанубидаги иккита эгалланган плацдармни кенгайтириш учун беҳуда сарфлаш билан банд. Россия қўшинлари Работине ғарбида кенглиги 300 метр бўлган участкада ҳафтасига 200 метр олдинга силжишга уринмоқда. Ҳафтанинг асосий воқеалари Донецк шаҳридан ғарброқда жойлашган ва бугунга келиб ер юзидан супуриб ташланган Авдийивка шаҳри ҳудудида рўй берди.
Украина ҚК Авдийивкани уруш бошлангандан буён мудофаа қилмоқда, чунки 2014 йилдан буён шаҳарнинг шимолий, шарқий ва жанубий қисмида чуқур қазилган, бетонланган ва эшелонланган мудофаа тизими қурилган ва бу Украина армиясига «ДХР» «халқ милицияси»нинг Донецк ғарбини ўз назоратига олиш бўйича гоҳида уюштирган ҳужумларини тўсиш имконини берган. 2022 йил давомида ва 2023 йил бошида бостиришга бўлган турли уринишлардан сўнг Авдийивка ярим қуршаб олинди, чунки Россия қўшинлари шаҳарнинг шимоли ва жанубидан мудофаани букиб қўйишди (лекин синдира олишмади), шунингдек, шарқий ва шимолий шарқий қисмида анча илгарилаб кетишди. 2023 йилнинг биринчи ярмида бу ерда қолиш имконсиз бўлиб қолди, айни пайтга келиб Авдийивканинг уч томони қуршаб олинган, қамал қилинган қалъа ҳолатида. Ундаги гарнизон фақат ғарбдан келувчи икки йўналиш бўйича таъминланмоқда.
Чоршанба куни Россия қўшинлари ўз маълумотларига кўра шаҳар шимолидаги мудофаани 2 км масофагача ёриб ўтишди, шаҳарнинг шимолий ғарбий қисмидаги Бердичи қишлоғининг шарқий чеккасигача кириб боришган. Бу россиялик «ҳарбий мухбирлар» бераётган маълумот. Украинапараст DeepState харита сервиси буни тасдиқламаган, фақат Россия армиясининг кенг фронт бўйлаб арзимас масофага силжиганини қайд этган. Украина медиаси Авдийивка ҳудудидаги «оғир урушлар» ҳақида хабар қилиб, тафсилотлардан қочишмоқда.
Россия ва украинапараст манбалар РФ ҚК Авдийивканинг жанубий-ғарбий қисмидаги «Царская охота» ресторани ҳудудидан ёриб киргани ҳақидаги ахборот борасида якдил, бу эса шаҳарга элтувчи икки йўлдан бирини ўққа тутиш имконини беради. Украина ҚК ҳафта охирига келиб қўшимча қисмларни бу ҳудудга ташлаган ва «Терикон» мудофаа тумани ҳудудида кичикроқ ҳудудни қайтариб олган, гарчи бу умумий ташвишли манзарани бекор этмаса-да.
Янада ташвишлантираётгани Украина ҚК захирасида ёриб ўтишни тезкорлик билан ёпиш учун «ўт ўчирувчи» қисмлар йўқлиги бўлди. Қарши ҳужумга қарши туриш қўшимча кучлар эвазига эмас, шаҳарни мудофаа қилаётган бригада кучи билан амалга оширилади. Бу эса Украина ҚКнинг фронтнинг энг яқин орт қисмида йирик оператив ва манёврлашган захираси йўқлиги, Авдийивка ҳам қишда йўқотилган Соледар ва Бахмут сингари тўсатдан эгаллаб олиниш хавфи остидалигини билдиради.
Купянск ҳудудида ҳам вазият бу қадар ташвишли бўлмаса-да, жиддий тарзда мураккаблашган, бу ерда Россия қўшинлари шаҳарнинг шимолий қисмига босим уюштирмоқда ва бир ҳафта ичида 1 км масофага илгарилашган. У ерда россияликлар жиддий бостириб бораётгани бу йўналишда аввал ҳам саъй-ҳаракат қилаётгани Оскил дарёсидаги кўприкларни фаол равишда бомбалашганидан ҳам маълум эди. Бироқ у ерга ташланган Украина ҚК захиралари етарли эмаслиги маълум бўлди.
Бошқа участкаларда Россия ҳужумлари муваффақиятга эриша олгани йўқ.
Украина ҳарбий денгиз кучлари ва УХХнинг денгиздаги муваффақияти
13 октябр, жума куни Россия Қора денгизи учун чинакамига нохуш кун бўла олди. Севастополдан Новороссийск томон рейд давомида Украина сув ости дронлари томонидан Украинага кўп зарар етказган «Калибр» ракеталари ташувчиси «Павел Державин» патрул кемаси икки бор аниқ нишонга олинган. Зарба унинг винтларига тўғри келган, бироқ у кўрикдан ўтказилганидан сўнг ҳаракатни давом эттира олиши маълум бўлган. Бу кемани қутқариш учун келган «Профессор Николай Муру» буксирига ҳам жиддий талафот етказилган ва уни тортиб кетишга мажбур бўлишган.
Ҳужум Украина хавфсизлик хизмати томонидан ишлаб чиқарилган янги ва «Морский малиш» деб аталувчи сувости дронлари томонидан амалга оширилган. Бундай дронлар пайдо бўлиши Қора денгиз флотининг сўнгги йилларда шаклланган мудофаа тизимини вайрон қилмоқда. Янги дронлар ташқи кузатувчиларга сездирмасдан, бухталардаги «бонли» тўсиқлар остидан шўнғиб, ортда қолдиролади ва афтидан кичикроқ ўлчамдалиги учун мавжуд акустик тизимлар тутиб ололадиган шовқин ҳам чиқармайди (ёки операторлар ҳозирча уларни аниқлашни ўрганиб олишмаган).
Ҳозирча, бундай дронларнинг ҳаракат радиуси ҳамда Қрим шарқидаги ва РФ Қора денгиз соҳилларидаги бошқа портларга ҳам зарба бера олиш қобилияти номаълум. Шуниси аниқки, унинг жанговар қисми ўлчами кема бортларини самарали тешиб ўтиш учун етарли эмас. Нима бўлганда ҳам РФ Қора денгиз флоти кемалари янги ва ўта жиддий хавфга тўқнаш келишди ва денгизнинг Украина флоти томонидан назорат қилинаётган шимолий-ғарбий қисмидан узоқроқ туришга мажбур бўлишмоқда.
Бу ўтган ҳафта мобайнида Севастопол бўйлаб ўтказилган рейднинг ягона ҳодисаси эмас, бироқ қолганлари ҳақида аниқроқ ахборотлар тарқатилмаяпти, чунки Украина ҳарбийлари ҳам жамоатчиликни муваффақиятсиз ҳужумлардан огоҳ этишни ўзига эп билмаяпти, Севастополдагилар ҳам денгиздаги «пақиллашлар» ҳақидагина гапириб, сўз ўйини қилишмоқда. 15 октябр куни губернатор Развозжаев ўтказилган ҳарбий машқларда флот «бомбамёт»лардан фойдалангани ҳақидагина сўзлаб ўтди.
Ҳаводан зарбалар: Сочи аэропорти ёпилиш арафасида
Ўтган ҳафтада ҳаводаги уруш кўлами сезиларли тарзда қисқарди. Россия зарбдор дронлари ҳужуми сезиларли тарзда камайди, гарчи уларнинг нишони аввалгидек Дунай соҳилидаги портлар ва Марказий Украинанинг шарқий қисми — Черкас области Уман шаҳридаги ва Полтава области Миргород шаҳридаги аэродромлар бўлган эса-да. Россияга тегишли Shahed дронлари Измайил денгиз портига, шаҳарда мавжуд дон элеваторларига ва кема таъмирлаш заводига ҳужум қилган.
Россия ҳисоботларига кўра, ракета зарбаси билан Миколайив областидаги Солончаки шаҳридаги катерлар тўхташ жойига, Украина томони хабарига кўра, Донецк области Покровск шаҳарчасида ичида 51 киши бўлиб турган аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш бошқармасига зарба берилган. Бир киши вафот этган, 13 киши яраланган.
Шу ҳафта ичида Харкив областидаги Гроза қишлоғидаги қаҳвахонада «Искандер» ракетасининг тўғридан тўғри зарбаси туфайли 51 эмас, 59 киши ҳалок бўлгани аниқ бўлди. Айрим инсонларнинг жасадлари қолдиқлари генетик таҳлиллар ёрдамида таниб олинган. Ҳукумат тезкорлик билан зарба учун нишон кўрсатганларни аниқлаган ва жамоатчиликка уларнинг ёзишмаларини эълон қилган. Аниқланишича, қишлоқда Россия қўшинлари билан бирга чекинган коллаборант полициячи томонидан бошқариладиган россияпараст информаторлар тармоғи бўлган. Унинг тахминига кўра, бундай фожиали тарзда тугаган дафн маросимига ўз биродарларини сўнгги йўлга кузатиш учун бирга хизмат қилган ҳарбийлар келиши керак бўлган, бироқ у қаттиқ адашган.
Украина ҳарбий қўмондонлиги фикрича, РФ совуқлар келиши билан мамлакат энергетика тизимига йирик зарба бериш учун ракеталар ва зарбдор дронларни ғамламоқда. Бу фаразнинг амалга ошиш эҳтимоли катта, чунки ракеталардан бир вақтнинг ўзида ёки дронлардан пайдар-пай амалга оширилган йирик ҳужумлар Украина ҳаво ҳамда ракета ҳужумидан мудофаа тизимини «зўриқтиради», демакки, талафот етказилган нишонлар сони ошади.
Херсон областининг сўл қирғоғи, Херсон шаҳрининг ўзи, Берислав ва Чорнобайивка талафот кўраётган тизимли бомбалашлар ҳам давом эттирилмоқда.
Украина ҚК ўз навбатида дронлар гуруҳи билан Белгород ва Курск областлари, шунингдек Сочига бир неча йирик ҳужумлар уюштирди. Россия томонининг сўнгги расмий хабарларига кўра, барча дронлар уриб туширилган. Жумладан, 15 октябрга ўтар кечаси Курск области узра 18 та пилотсиз парвоз қурилмалари уриб туширилган.
Бироқ ҳужумлар қурбонсиз бўлмаган. Белгородда «Украина пилотсиз парвоз қурилмалари бўлаклари қулаши оқибатида» уч киши ҳалок бўлган, яна икки киши реанимация бўлимига тушган.
Уруш тарғиботчиси бўлган йирик телеграм-каналардан бири Rybar Сочига уюштирилган ҳужум юзасидан умидсизликка тушиб қолган: «Олтита пилотсиз парвоз қурилмалари билан Сочи халқаро аэропортига зарба беришга навбатдаги уриниш ҳаво қўналғаси хавфсизлик масаласи ва душманнинг нияти борасида саволларни юзага чиқаради. Бундай парвозлар билан Украина тузилмалари Россия ҳукуматини жанубдаги бошқа аэропортлар билан бўлгани каби, Сочи аэропортини ҳам ёпишга мажбурламоқчи. Бу авиация қатновлари соҳасида иқтисодиётга қаттиқ зарба беради. Агар шундай қарор қабул қилинса, бу ҳудудга энг яқин ва ишлаб турган Минералние Водидаги аэропорт юкламани эплай олмай қолади. Украиналикларга имконият берилса улар бутун Россиядаги авиақатновларни йўқ қилган бўлишарди».
Лекин, шуни ҳисобга олиш керакки, россияликлар ҳозирча украиналиклардан фарқли ўлароқ фуқаролик авиацияси хизматидан фойдаланишда давом этишмоқда. Россиянинг кўплаб шаҳарларига қатновлар ёпилиши таҳдид солмаяпти. Гарчи нафақат Сочи, ҳаттоки Москва аиватармоғининг мунтазам ишлаб туриш истиқболи у қадар ишончли кўринмаётган бўлса-да.
Мавзуга оид
22:34
Россия–Украина уруши тугайдими? Путин нимани хоҳлайди?
20:22
Фронтдаги вазият: Россия ва КХДР қўшинлари Курск областида юришнинг янги тўлқинини амалга оширмоқда
21:42 / 23.12.2024
WP: Украина ҳукумати уруш 2025 йилда тугашига ишонмоқда
22:14 / 21.12.2024