АҚШда намойишчилар Конгресс биноларидан бирига бостириб кирди
Фаоллар Ғазо секторида ўт очишни тўхтатишга чақирган ва полиция талабига қарамай, бинони тарк этишдан бош тортган. Намойиш қўлга олишлар билан якунланди.
18 октябр, чоршанба куни Вашингтондаги Капитолий тепалигида АҚШ Конгресси биноларидан бири бўлган Кэннон биносига камида юз нафар намойишчи кирди. Намойишчилар Ғазо секторида ўт очишни тўхтатишга чақирди. Улар полиция талабига қарамай биноларни тарк этишдан бош тортди ва натижада намойиш қўлга олиш билан якунланди.
Фаластин учун намойишни «Тинчлик учун яҳудий овози» ташкилоти ўтказди: унинг аъзолари ўзларини антисионист-яҳудийлар деб атайди. Кэннон биносидаги намойишчилар «Бизнинг номимиздан эмас» ва «Яҳудийлар ҳозир ўт очишни талаб қилмоқда» деб ёзилган футболкаларни кийиб олди.
Полициянинг хабар қилишича, қўлга олинган уч нафар фаол полициячига ҳужум қилганликда айбланган. BBC мухбирига кўра, полиция бир неча ўнлаб намойишчиларни қўлга олган.
Вазиятнинг кескинлашиши
ҲАМАС 7 октябр куни Исроилга қарши кенг кўламли ҳужум уюштирди. Шундан сўнг Исроил мудофаа кучлари (ЦАХАЛ) Ғазо секторида ҲАМАСга қарши жавоб қайтара бошлади.
Кейинги ҳафтада «Ҳизбуллоҳ» Ливан жанубидан Исроилни ўққа тута бошлади. Бундан ташқари, ҲАМАСнинг Исроилга ҳужуми Эрон расмийлари томонидан очиқдан-очиқ қўллаб-қувватланди. Теҳрон Исроилни Ғазо секторига ҳужумларни давом эттирса, «жиддий оқибатлар» ҳақида огоҳлантирди.