Бир қабрдаги икки мурда – Қўқондаги мудҳиш жиноят тарихи
Бу жиноят тафсилотларини эшитган одам борки, ҳайратдан ёқа ушлаб қолган ўшанда. Йўқолиб қолган аёлнинг бир неча йил давомида на ўлиги, на тириги топилган: яқинлари тиригини излаб юрган бир пайтда унинг мурдаси рус қабристонидаги қабрларнинг бирида бошқа мурда билан ёнма-ён ётарди. Қотиллар – ака-ука ИИБ ходимлари эса оддийгина целлофан пакет йиллар ўтиб ишнинг очилишига сабаб бўлишини билишмаган эди.
Бир қишлоқда оддийгина муштлашув содир этилса, одамлар уни кунлар давомида муҳокама қилиб юради. Бу жиноят тафсилотлари қишлоқ эмас, тилдан-тилга кўчиб, бутун водий вилоятларида шов-шув бўлган, эшитган одамни ёқа ушлашга мажбур қилган.
Ғойиб бўлган аёл
2014 йилнинг апрел ойи охирларида Қўқон шаҳрида яшовчи Машҳура Қодирова (мақоладаги барча исмлар ўзгартирилган) йўқолиб қолади. Яқинларининг уни топишга бўлган уринишлари самарасиз якунланади: аёл ярим тунда изсиз, хат-хабарсиз ғойиб бўлганди.
Ҳолат юзасидан Қўқон шаҳар ИИБга хабар берилади. Қидирув кўлами кенгайтирилиб, барча имкониятлар ишга солинади. Бироқ уринишларнинг бари бекор кетади: Машҳура Қодированинг дараги чиқмайди.
Аёл уй-жойини, ҳатто ҳали 1 ёшга тўлмаган чақалоғини ҳам ташлаб, қаергадир кетиб қолиши эҳтимолдан йироқ эди. Шу сабабли, ИИБ ходимларида у қотиллик қурбони бўлган бўлиши мумкин, деган гумон пайдо бўлади. Аммо қотилликка ишора берувчи далиллар топилмайди, фақат гумоннинг ўзи билан эса жиноят иши очиб бўлмасди.
Ҳолат юзасидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилади: шаҳарда “ўтириб” чиққан ҳамда жиноят содир қилишга мойил бўлган шахслар кузатувга олинади. Аммо изланишлар барибир иш бермайди: гўёки ер ютгандай аёлнинг на тириги, на ўлиги топилади.
Аслида аёлни чиндан ҳам “ер ютган” эди: яқинлари умид билан тиригини излаётган бир пайтда унинг мурдаси Қўқон шаҳри Туркистон кўчасидаги рус қабристонида Анна Свертская исмли аёлнинг қабрида ётарди.
Пухта қилинган иш
Заргарнинг хатосини заргар яхшироқ билади: ИИБ ходимлари излаётган аёлни из қолдирмасдан ИИБ ходимигина яшира олиши ўшанда ҳеч кимнинг хаёлига келмайди.
Машҳура Қодирова аслида ака-ука ИИБ ходимлари томонидан ўлдирилиб, рус қабристонидаги қабрларнинг бирига кўмиб юборилганди. Иш пухта қилинганидан унинг мурдаси йиллар давомида топилмайди.
Инспекторнинг ошиғи
Ўқишни тамомлаб, Қўқон шаҳар ИИБ ҲООБ профилактика нозири вазифасида ишлай бошлаган Нодир Жўраев Машҳура Қодирова билан танишиб қолади ҳамда шаръий никоҳ асосида унинг хонадонида яшай бошлайди. Жуфтлик 2013 йилда қиз фарзандлик бўлишади.
Бироқ Нодирнинг онаси Машҳурани келин қилмаслигини айтиб, 2014 йилнинг январ ойида уни бошқа қизга уйлантириб қўяди. Бўлиб ўтган тўйдан Машҳура хабарсиз эди. 2014 йилнинг апрел ойига келиб, Машҳура Нодирнинг бошқа қизга уйланганлигини билиб қолади.
Шу тариқа ўртада жанжал ва низолар келиб чиқа бошлайди.
Қотилликка етаклаган қўрқув
Бирга яшаган эмасми, Машҳура Нодирнинг кўплаб сирларидан воқиф эди. Жумладан, 2013 йилнинг 6 март куни Нодир жиноий шериклари Бобур ва Ҳамдам билан Қўқон шаҳрида жойлашган “Снайпер” номли пневматик тирдан яширин равишда милтиқ, тўппонча ва уларнинг ўқ-дориларини ўғирлаб, яшириб қўйишади. Машҳура ўша вақтда олиб қолган 2 қути ўқларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларига тақдим этишини айтиб, Нодирни қўрқита бошлайди.
У ушбу сирни ошкор қилмаслик эвазига 4 минг АҚШ доллари талаб қилади. Сир очилишидан қўрққан Нодир Бобурга қўнғироқ қилиб, ёки Машҳура сўраётган пулни бериш, ёки унинг ўзини “гумдон қилиш” кераклигини айтади. Йигитлар учун шунча пулни беришдан кўра иккинчи йўл маъқулроқ кўринади...
Matiz ичидаги қотиллик
2014 йилнинг 25 апрел куни ярим тунда Нодир, Учкўприк туман ИИБ профилактика нозири лавозимида ишловчи укаси Қодир ҳамда Бобур Matiz машинасида Машҳуранинг уйи олдига келишади. Уйга кириб кетган Нодир кўп ўтмай Машҳура билан бирга қайтиб чиқади.
Аёл машинага ўтириши билан Нодир унинг бошига целлофан пакет кийдириб, бўға бошлайди. Қодир эса ёнидаги пичоқ билан Машҳуранинг бўйин ва кўкрак қисмига уч марта уради. Жараёнга Бобур ҳам қўшилади: у қонга ботиб, жон таслим қилган аёлнинг бошини целлофан пакет билан ўраб ташлайди.
Шу тариқа Matiz ичида Машҳуранинг ҳаётига нуқта қўйилади.
Эндиги навбат мурдани ҳеч ким топа олмайдиган жойга яшириш, изсиз йўқ қилиш эди. Бунинг ҳам чораси ўйлаб қўйилганди.
Мурдани мурдалар орасидан излаш кимнинг ҳам хаёлига келарди? Буни билган қотиллар Машҳуранинг мурдасини Қўқон шаҳри Туркистон кўчасидаги рус қабристонига олиб боришади. Сўнгра Анна Свертская исмли аёлнинг қабрини 1 метрча қазиб, мурдани ярим ўтирган ҳолатда кўмиб ташлашади.
Шу тариқа қўрқув ҳам, далиллар ҳам қабрга кўмилганди гўё. Аммо мурданинг бошига ўралган целлофан пакет йиллар ўтса-да чиримаслигини қотиллар эътибордан четда қолдирганди.
Ишнинг очилиши
Ушбу жиноятга қўл урган вақтда – 2014 йилда ИИБ органларида ишловчи ака-укаларнинг бири 26, иккинчиси 28 ёшда эди. Уларнинг ҳар иккиси 2018 йилнинг 11 август куни қамоққа олинади.
Кейинчалик ака-ука ҳимоячилари билан келтирган апелляция шикоятларида биринчи инстанция суди айблов ҳукми чиқариш учун дастлабки терговда гувоҳ тариқасида сўроқ қилинган Бобурнинг кўрсатувини асос қилиб олганлиги, жиноят ишидаги далиллар Машҳурани ўлдиришганлигини тасдиқламаслиги, қабристондан топилган мурданинг суяклари Машҳурага тегишли эканлиги экспертиза хулосаси билан аниқланмаганлигини келтириб, оқлов ҳукми чиқаришни сўрашади.
Бироқ тергов жараёнида уларнинг жинояти гувоҳ ва гумон қилинувчи сифатида сўроқ қилинган Бобурнинг кўрсатмалари, ашёвий далиллар, суд-тиббий экспертизаси билан тўлиқ ўз исботини топган эди. Қолаверса, Бобур Машҳура кўмиб юборилган жойни кўрсатиб беради. Қабристонда ўтказилган мурда скелетини кўздан кечиришда унинг бош қисми Бобур кўрсатмаларида айтгани каби целлофан билан ўралганлиги аниқланади.
Жиноят жазосиз қолмади
2018 йил 2 ноябр куни жиноят ишлари бўйича Фарғона туман судида мазкур жиноят иши кўриб чиқилади. Нодир ва Қодир Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этган деб топилади.
Суд ҳукми билан Нодирга 20 йил, Қодирга 19 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади. Жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланади.
Кейинчалик келтирилган апелляция шикоятлари эса қаноатлантирилмайди, ҳукмнинг ака-укага тегишли қисми ўз кучида, ўзгаришсиз қолдирилади.
Суд материаллари асосида Руслан Сабуров тайёрлади.
Мавзуга оид
10:23 / 07.11.2024
ДХХ: Қўқонда халқаро террористик ташкилот тарафдорлари озодликдан маҳрум этилди
11:24 / 06.11.2024
ИЖҚКДнинг иқтисодий жиноятларни тергов қилиш соҳасидаги ваколатлари аниқлаштирилади
11:12 / 29.10.2024
8 йилгача қамоқ жазоси – Жиноят кодексига «лихорадчик»лар учун алоҳида модда киритилди
21:29 / 27.09.2024