Ўзбекистон | 13:52 / 03.01.2024
7702
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳри Fitch рейтингига қайтиши мумкин

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши Fitch’нинг пойтахт рейтингини аниқлаш жараёнидаги иштирокини тиклаш учун чоралар кўриш ҳақида қарор қабул қилди. Аввалроқ, халқаро рейтинг агентлиги етарли маълумотлар мавжуд эмаслиги сабабли Тошкентнинг кредит рейтингини бекор қилганди.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати

Халқ депутатлари Тошкент шаҳри кенгаши ҳокимликнинг шаҳар рейтингини баҳолаш учун Fitch Ratings халқаро рейтинг агентлигини жалб этиш тўғрисидаги таклифини маъқуллади.

“Fitch Ratings рейтинг агентлигининг сўровига кўра, 5 кун муддатда Тошкент шаҳрининг халқаро рейтингдаги ўрнини баҳолаш учун тақдим этилиши лозим бўлган маълумотлар ўрнатилган тартибда ўз вақтида ва сифатли тақдим этилиши таъминлансин”, дейилади қарорда.

Шунингдек, Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосарлари пойтахтнинг халқаро рейтингдаги ўрнини аниқлаш бўйича Fitch Ratings агентлиги билан келишув битимини имзолаш юзасидан тегишли чораларни кўриши белгиланган.

Маълумот учун, 2019 йилнинг июн ойида Fitch Ratings агентлиги Тошкентга суверен рейтинг даражасида “Барқарор” прогнози билан узоқ муддатли “BB-“ рейтингини берганди. 2023 йилнинг декабр ойи бошида агентлик Тошкентнинг кредит рейтинглари қайтариб олинишини эълон қилди. Бунга сабаб сифатида пойтахтнинг рейтинг жараёнида иштирок этмасликка қарор қилгани келтириб ўтилганди.

Fitch Ratings АҚШ молиявий корпорацияси бўлиб, Standard & Poor’s ва Moody’s рейтинг агентликлари билан бир қаторда, учта энг нуфузли халқаро рейтинг агентлигидан бири сифатида маълум. Бундай агентликлардан ижобий рейтинг олиш шаҳар ёки давлатнинг инвесторлар олдида молиявий ишончлилиги кафолати ҳисобланади.

Мавзуга оид