Жаҳон | 23:18 / 05.01.2024
16035
5 дақиқада ўқилади

Яқин Шарқ: Эрон ва Ливанни урушга тортишга ҳаракат бўляптими?

Исроил Байрутга ҳужум қилиб, ҲАМАС етакчисининг ўринбосарини ўлдирди. Бу воқеанинг эртасига Эрон тарихидаги энг йирик теракт содир этилди. “Геосиёсат” бу ҳодисалар атрофидаги саволларга жавоб олиш учун Яқин Шарқ масалалари бўйича эксперт Фарҳод Каримов билан суҳбатлашди.

— Ливанга берилган зарбадан кейин “Ҳизбуллоҳ” ва ҲАМАС Исроилга биргаликда жавоб бериши мумкинми?

— Солиҳ ал-Арурийнинг ўлдирилиши натижасида ҲАМАС, “Ҳизбуллоҳ” ва бошқа ташкилотлар томонидан кескин эътироз билдириляпти. “Ҳизбуллоҳ” томонидан кескин жавоб бериш масаласи кўтарилди. ҲАМАС эса ўзи шундоқ ҳам уруш ҳолатида, яна шундан чиқиб туриб алоҳида жавоб қайтариши қийин бўлса керак.

Ливан – мустақил суверен давлат. Ливан томони Исроилдан изоҳ сўради, Исроил эса бу Ливанга қаратилган ҳаракат эмас, деган жавоб берди. Солиҳ ал-Арурий “Ҳизбуллоҳ” ва ҲАМАС ўртасидаги масалаларда асосий шахс эди. Яна шундай бир вакилни топиш учун “Ҳизбуллоҳ” ва ҲАМАС вақт йўқотади, бу орада ҲАМАСнинг Ғазодаги айрим ҳаракатлари чекланиши ҳам мумкин.

“Ҳизбуллоҳ” ташкилоти кескин жавоб бўлиши ҳақида баёнот берди, аммо бу каби баёнотлар олдин ҳам бўлган, бироқ уруш даражасига бормаган, вақти-вақти билан кичик ҳужумлар бўлиб турган. “Ҳизбуллоҳ”нинг ғоявий етакчиси бўлган Хумайний ҳам тўғридан тўғри урушга кирмасликка чақирган эди. Чунки ҳамма билиб турибдики, бундай ҳаракатлар орқали Эрон ҳомийлиги остидаги ташкилотларни урушга тортиш кўзланяпти. 

— Зарбанинг асл сабаби урушни кенгайтиришми ёки фақат ҲАМАС лидерларини нишонга олишми?

— Урушни кенгайтириш мақсади ҳам бўлиши мумкин. Чунки Исроилнинг халқаро ҳамжамиятдаги обрўси тушиб боряпти. Шундай ҳолатда вазиятдан чиқиш учун бундай йўллар ҳам тутилиши мумкин. Дунё нигоҳини Ғазодаги вазиятдан бошқа томонга олишга уриниш бўлаётган бўлиши мумкин.

Эрон сиёсатида Исроил масаласи аниқ белгиланган, улар Исроилни давлат сифатида умуман тан олмайди. Шунинг учун ҳам Исроил ва Эрон очиқдан очиқ бир-бирига душман ҳисобланади. Шунинг учун ҳам бу масалани ҳал қилиб олиш учун Эронни урушга тортиш провокациялари бўлади. Эрон бундай провокацияларга учмайди, чунки оқибатини яхши билади, АҚШ ва Ғарб билан урушишга тўғри келишини англайди. Шу нуқтайи назардан, очиқча жавоб бермайди. Аммо “Ҳизбуллоҳ” каби ташкилотлар орқали жавоб беришга ҳаракат бўлади. Ироқ ва Сурияда ҳам шундай бўлган эди, яъни воситачилар орқали уруш бўлганди. Тўғридан тўғри уруш оғир оқибатларга олиб келади.

— Эрондаги теракт учун жавобгарликни ИШИД зиммасига олди. Бу гуруҳ яна фаоллашди дейиш мумкинми?

— ИШИД, “Ал-Қоида”, “Жабҳат ан-Нусра” кабилар воситавий кучлар ҳисобланади, сиёсий кучлар бундай ташкилотларга вақти-вақти билан мурожаат қилиб туради. Шунинг учун ҳам бу ташкилотлар кучсизлантирилади ва керак бўлганда яна саҳнага олиб чиқилади. Охирги 25-30 йилда геосиёсий майдонда бундай ҳолатлар кўп бўлди. Бундай ташкилотларни доимий фаол ушлаш учун ресурслар керак, шунинг учун керак бўлган пайтда фаоллаштирилади. Ўйлашимча, ИШИД олдингидай фаол бўлиши геосиёсий кучларнинг келишувига боғлиқ. ИШИД бўлмаса, бошқа ташкилот чиқади, бу ерда асосий масала уларнинг нима мақсадда тайёрланганлигида.

Шундай мураккаб ҳолатда кимдир терактларни бўйнига олиши керак бўлади, шундай бир вазиятда ИШИД чиқяпти. Лекин Суриядаги каби фаол ҳолатга қайтмайди.

ИШИД Суриядан сиқиб чиқарилгач, Ироққа ўтди, кейинчалик Афғонистонга ўтди. “Толибон”нинг ўз муаммолари етарли, бутун бошли давлат ташвиши турибди. Шундай бир ҳолатда ИШИДни Афғонистондан чиқариш “Толибон”нинг ўзига ҳам ёрдам бериши мумкин. Шунинг учун ҳам “Толибон” Эроннинг Афғонистон чегарасида антитеррор операцияга муносабат билдирмаяпти. Шу баҳонада “Толибон” ҳам ИШИД Афғонистоннинг қаерларида фаолият олиб бораётганини аниқ билиб олар, ўз хавфсизлиги учун.

— ИШИД Сурия, Ироқ ва Афғонистонда фаол. Ҳозирги кунда бу гуруҳнинг асосий жойлашган маркази қаерда?

— Сурияда асосий қисми сиқиб чиқарилди, ҳозир кўпроқ Афғонистонда фаолият олиб боришади, чунки назоратсиз ҳудуд у ер, “Толибон” ҳам тўлиқ назорат ўрнатолгани йўқ. Ироқда ҳам қисман фаолият олиб боряпти.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид