Ўзбекистон | 18:37 / 11.01.2024
9455
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 2023 йилда ҳам 2 мингдан ортиқ киши ЙТҲларда ҳалок бўлди

2023 йилнинг 11 ойида 2080 киши йўл-транспорт ҳодисалари қурбони бўлди, 8055 киши жароҳатланди. Жароҳат олганлардан қанчаси ногирон бўлиб қолгани маълум эмас.

Фото: ЙҲХХ ахборот хизмати

2023 йилнинг январ–ноябр ойларида Ўзбекистонда 8693 та йўл транспорт ҳодисаси содир бўлган.

Уларда 2080 нафар инсон ҳалок бўлган, яна 8055 киши жароҳатланган.

Бу ҳақда Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси йиғилишида маълум қилинди.

“Ушбу йўл-транспорт ҳодисаларининг юз беришига асосан фуқаролар томонидан қонунчиликда белгиланган жавобгарликни менсимаслиги ва амалдаги йўл ҳаракати қоидаларини билмаслиги сабаб бўлмоқда”, – дейилади Сенат ахборотида.

Сўнгги вақтларда ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ЙТҲлар статистикасини камдан кам очиқлайдиган бўлган. Бу борадаги маълумотлар вақти-вақти билан Сенатнинг ушбу қўмитаси томонидан эълон қилиб борилмоқда.

Қўмита аввалроқ 2023 йилнинг январ–август ойлари бўйича рақамларни келтириб ўтган эди. Шундан келиб чиқиб ҳисоблаганда, куз ойларида (сентябр, октябр, ноябр) 2 921 та ЙТҲда рўйхатган олинган бўлиб, уларда 665 киши ҳалок бўлган, 2 607 киши турли даражаларда жароҳатланган.

Жароҳатланганлар орасида 1- ва 2-гуруҳ ногирони бўлиб қолганлар қанча экани борасида алоҳида статистика юритилмайди.

ЙҲХХ маълумотига кўра, 2021 йилда 10 001 та, 2022 йилда эса бундан 1 фоизга кам – 9902 та ЙТҲ қайд этилган.

Қурбонлар сони 2021 йилда 2426 нафар, 2022 йилда эса 2356 нафар (–2,9 фоиз) бўлган.

Мавзуга оид