Жаҳон | 14:28 / 15.01.2024
3873
2 дақиқада ўқилади

Туркия Сурия ва Ироқдаги КИП объектларига ҳужумларини давом эттирмоқда

Туркия армияси Сурия ва Ироқ шимолида Анқара террорчи ташкилот деб ҳисоблаган Курдистон ишчилар партиясига тегишли нишонларга зарба беришда давом этмоқда.

Фото: Ozkan Bilgin/AA/picture alliance

Туркия армияси Курдистон ишчилар партияси (КИП)нинг Сурия ва Ироқ шимолидаги позицияларига кетма-кет иккинчи кун зарбалар берди. Бу ҳақда 14 январ, якшанба куни Туркия миллий мудофаа вазирлиги хабар тарқатди. КИП Туркия, Европа Иттифоқи ва АҚШ томонидан террорчи ташкилот сифатида қабул қилинади.

Туркия идорасига кўра, жами 24 та «нишон» йўқ қилинган. Anadolu агентлиги суҳбатдошининг аниқлик киритишича, гап турли транспорт воситалари, муҳим инфратузилма объектлари ва «назорат пунктлари» ҳақида кетмоқда. Бундан ташқари, ҳарбий базалар, қурол-яроғ ва логистика омборлари ҳам ҳужумга учради, деб ёзади Anadolu.

Бир кун аввал Туркия мамлакат армияси Ироқ ва Сурия шимолидаги 50 дан ортиқ «террорчилик объектлари»га ҳаводан зарба бергани ҳақида хабар қилган эди. Анқара буни Ироқдаги турк ҳарбий базасига уюштирилган ва тўққиз турк аскари ҳалок бўлган ҳужумга жавоб деб атаган. 

Туркия Анқарадаги портлашга жавобан КИП позицияларига зарба берди 

Туркия Сурия ва Ироқда Курдистон ишчилар партиясига қарши амалиётларини 2023 йилнинг кузида – Анқарада, Туркия ички ишлар вазирлиги яқинида портлаш юз берганидан кейин кучайтирган эди. Теракт учун жавобгарликни КИП ўз зиммасига олди. Анқара КИПнинг Сурия ва Ироқдаги ҳар қандай инфратузилмаси ва энергетика объектлари турк ҳарбийлари учун қонуний нишон эканлигини таъкидлади. 

Курдистон ишчилар партияси 1984 йилдан бери Туркия давлатига қарши курашиб келади. Тўқнашувларда аллақачон ўн минглаб одамлар ҳалок бўлган.

Мавзуга оид