Жаҳон | 14:02 / 18.01.2024
5129
3 дақиқада ўқилади

Кулеба: Украина 2024 йилда осмонни назорат қилишни режалаштиряпти 

2022 йилда Украина қуруқликда, 2023 йилда денгизда Россия устидан ғалаба қозонди ва 2024 йилда буни ҳавода амалга ошириш ниятида, деди Давосда Украина ТИВ раҳбари. Кулеба яна Киевга зарур қуролларни беришни сўради.

Фото: Thomas Peter/REUTERS

Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулебанинг сўзларига кўра, жорий йилда Украина қуролли кучлари ҳавода суверенитетга эришиш ниятида. 17 январ, чоршанба куни Давосда бўлиб ўтаётган Жаҳон иқтисодий форумида у: «2024 йилда, албатта, устувор вазифа – Россияни осмонда таслим қилиш. Ахир осмонни ким назорат қилса, уруш қачон ва қандай тугашини ўша белгилайди», деди. 

Украиналик сиёсатчининг таъкидлашича, унинг мамлакати «жуда кучли душман, ухламайдиган катта душман» билан курашмоқда ва ғалаба учун вақт керак. Унга кўра, 2022 йилда Украина Россия Федерацияси устидан «қуруқликда», 2023 йилда эса «денгизда» ғалаба қозонган. «Биз 2024 йилда уни ҳавода енгишга тўлиқ эътибор қаратганмиз», деди Украина ТИВ раҳбари.

Украинанинг қуролга муҳтожлиги

Шу билан бирга, Кулеба яна ҳаво ҳудудини ҳимоя қилиш учун қирувчи самолётлар ва узоқ масофали ракеталарга муҳтож бўлган Украина илтимосига ишора қилди. «Бу Украинага самолётлар, узоқ масофага учувчи ракеталар ва дронларни етказиб бериш заруриятини келтириб чиқаради», деди у.

Ўз навбатида, АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Украинанинг осмонни назорат қила олишига шубҳа билдирди. Давосда сўзлаган нутқида у Украинада ўт очишни тўхтатиш имкониятлари пастлигини ҳам айтди. Бунинг учун Россия Украинага қарши ҳужуми билан шубҳа остига қўйган асосий тамойиллар – ҳудудий яхлитлик, суверенитет ва мустақиллик асосида виждонан музокаралар олиб боришга тайёр бўлиши керак, деди давлат котиби.

Агар Россия Федерацияси шу асосда музокараларга қачондир тайёр бўлса, унда буни қилишни хоҳлайдиган украиналиклар ҳам топилади ва Қўшма Штатлар уларни қўллаб-қувватлаши мумкин бўлади, дея қўшимча қилди у.

Жаҳон иқтисодий форуми 19 январгача давом этади

Айни пайтда, Украина президенти Володимир Зеленский Давосда сўзлаган ҳолда, агар ўз мамлакатига ёрдам кечиктирилса, Европа қитъаси хавфсизлигига таҳдид борлигини маълум қилди. Бошқа давлатлар кўмагисиз Киевда артиллерия ва зенит-ракеталар етишмаяпти, бу ҳолатда Украина қуролли кучлари ҳужумларни қайтара олмайди, дея тушунтирди у.

19 январга қадар давом этадиган Давосдаги Жаҳон иқтисодий форумида сиёсат, бизнес ва фуқаролик жамиятидан 2800 га яқин вакил иштирок этиши кутилмоқда. Кун тартибида Украинадаги уруш, шунингдек, Исроилнинг ҲАМАС гуруҳига қарши ҳарбий амалиёти асосий ўрин тутади.

Мавзуга оид