Жаҳон | 16:15 / 19.01.2024
6947
2 дақиқада ўқилади

20 дан ортиқ давлат Украина учун артиллерия коалициясини тузди

Германия, Франция ва бошқа давлатлар Киев учун ўқ-дорилар ишлаб чиқаришни кўпайтириш ниятида. Франция Украинага яна 12 та Caesar гаубицасини ваъда қилди.

Фото: AFP

Германия, Франция ва яна 20 дан ортиқ давлат 18 январ, пайшанба куни Украинага Россия агрессиясини қайтаришга ёрдам бериш учун Парижда артиллерия коалициясини тузди. «Замонавий артиллерияга алтернатива йўқ, биз ўқ-дорилар ишлаб чиқаришни кўпайтиришга ҳаракат қилишда давом этишимиз керак», деди Франция пойтахтида видео-алоқа орқали конференция иштирокчиларига қўшилган Украина мудофаа вазири Рустем Умеров.

Қўшма Штатлар ва Франция бошчилигидаги артиллерия коалицияси Германиядаги Америка ҳаво кучлари базаси номи билан аталган «Рамштайн» алоқа гуруҳининг бир қисмидир, у ерда 2022 йил апрел ойида 50 давлат вакиллари Украинага Россияга қарши урушда ёрдамни ташкил қилиш учун учрашган.

Франция Украина учун яна 12 та Caesar гаубицасини молиялаштиришга тайёрлигини маълум қилди. Париж ҳукумати бунинг учун 50 миллион евро ажратади, деди Франция мудофаа вазири Себастян Лекорню. Ҳозирда Украинада 49 та шундай гаубица қўлланмоқда, яна олтитасига буюртма берилган. Франция 250 миллион доллар эвазига яна 60 га яқин гаубица ишлаб чиқаришга қодир - бу «иттифоқчиларнинг турли бюджетларига жуда мос келади», деди Лекорню.

Франция ва Украина ўртасидаги икки томонлама келишув

16 январ куни Франция президенти Эммануэл Макрон Украина билан янги қурол-яроғ етказиб бериш бўйича икки томонлама шартнома тузиш ниятида эканлигини маълум қилди. Феврал ойида у ушбу ҳужжатни Киевда тақдим этишни режалаштирмоқда. Макрон, шунингдек, Украинага яна 40 та SCALP ракеталари ва юзлаб снарядларни ваъда қилди.

Франция сўнгги вақтда Киевга қурол етказиб беришни камайтиргани учун танқид остида қолган. Килдаги жаҳон иқтисодиёти институти маълумотларига кўра, Франция Украинага 1,7 миллиард евролик қурол етказиб берган ва шу тариқа Киевнинг қурол ҳомийлари орасида 12-ўринни эгаллаган. Германия деярли 21 миллиард евро етказиб берди ва АҚШдан кейин иккинчи ўринда туради.

Мавзуга оид