Ўзбекистон | 07:40 / 23.01.2024
5699
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда миллий ҳаво сифати стандартлари ишлаб чиқиляпти

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда Ўзбекистонда атмосфера ҳавоси сифати мониторинги бўйича миллий платформа ва мобил иловани ишлаб чиқишга қаратилган лойиҳа амалга оширилмоқда. 

Фото: Kun.uz

Унга кўра, ҳаводаги майда заррачалар миқдори ва уларнинг аҳолига таъсири бўйича миллий ҳаво сифати стандартлари ишлаб чиқилади. 

2023 йилда лойиҳа доирасида Сурхондарё, Бухоро, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида аҳолининг атмосфера ҳавоси ифлосланишидан касалланиш даражасини ўрганиш бошланди.

Шу билан бирга, республикада атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражасининг жорий кўрсаткичи маълум бир ҳудуд учун устувор ифлослантирувчи моддалардан келиб чиққан ҳолда ҳисобланган атмосфера ифлосланишининг комплекс индекси ҳисобланади.

Кейинги йилларда ҳавонинг ифлосланиш даражаси ортиб бормоқда. Тошкент шаҳрининг атмосфера ҳавосидаги чанг миқдори бўйича рухсат этилган максимал концентрациядан 1,3 баравар ошиб кетган.

Шу билан бирга, 2023 йилда Тошкент шаҳридаги ҳаво ифлосланишини автоматик назорат қилувчи станциялар маълумотларига кўра, IQAir сайти шкаласи бўйича энг ифлосланган ой январ бўлган.

ЖССТ тавсияларига кўра, ҳавонинг ифлосланиши саломатлик учун хавфли бўлиб, инсулт, юрак-қон томир касалликлари, нафас олиш тизими хасталиклари ва ўпка саратонини келтириб чиқаради.

Мавзуга оид