Жаҳон | 10:50 / 22.02.2024
5797
2 дақиқада ўқилади

Шолц ҳали ҳам Киевга TAURUS'ни етказиб беришга қарши чиқмоқда

Германия канцлери Украинага TAURUS қанотли ракеталарини эмас, балки узоқ масофали қурол тизимларини етказиб бериш таклифини қўллаб-қувватлади. 

Фото: Johannes Simon/Getty Images

Германия канцлери Олаф Шолц ҳукмрон коалициянинг Украинани узоқ масофали қурол тизимлари билан таъминлаш таклифини «тўлиқ» қўллаб-қувватлайди, аммо барибир TAURUS қанотли ракеталарини топшириш ғоясини рад этади. Бу ҳақда 21 феврал, чоршанба куни Германия ҳукумати вакили Штеффен Хебестрайт маълум қилди. 

Бир кун олдин Германиядаги ҳукмрон коалицияга кирган фракциялар бундестаг резолюцияси лойиҳасини тақдим этди, унда Украинага қурол экспортини кенгайтириш, жумладан, «қўшимча зарур узоқ масофага мўлжалланган қурол тизимлари ва ўқ-дорилар» ҳам бор эди. Бу «тажовузкорнинг орқасида жойлашган стратегик муҳим нишонларга мақсадли ҳужумларни таъминлашга» ёрдам беради, дейилади коалиция парламент фракцияларининг ҳужжатида, бироқ матнда TAURUS ракеталари тўғридан тўғри тилга олинмаган. Хебестрайт Шолцнинг позициясини шарҳлар экан, улар ҳақида гапирмади, деб таъкидлайди Reuters. Канцлернинг бу борадаги фикри ўзгармади, деди Хебестрайт. 

Reuters хабарига кўра, канцлернинг TAURUS ракеталарини етказиб беришга рози бўлмагани сабабли ҳукмрон коалиция ичида, айниқса «яшиллар» партияси ва Эркин демократик партия сафида кенг норозилик кузатилмоқда. 

Киевга ёрдам бериш таклифида гап TAURUS ҳақида боряпти

Бир кун олдин мухолифат партия блоки бундестаг муҳокамасига Украинага ҳарбий ёрдамни кенгайтириш бўйича ўз таклифини киритиш ниятида эканини маълум қилди, унда эса ҳукмрон коалиция таклифидан фарқли ўлароқ, Киевга тўғридан тўғри TAURUS кру ракеталарини етказиб бериш талаб қилинади.

Германия бундестагининг мудофаа қўмитаси раиси Мари-Агнес Страк-Зиммерманн ҳам ушбу ракеталарни етказиш учун овоз беришини айтди. Бундестагда ушбу масалани муҳокама қилиш 22 феврал, пайшанба кунига белгиланган. 

TAURUS ракеталари 500 километргача бўлган масофадаги нишонларни уриб туширишга қодир. Украина аллақачон Британия ва Франциядан тахминан 250 километр масофага учадиган бундай турдаги ракеталарни қабул қилмоқда. 

Мавзуга оид