Ўзбекистон | 18:20 / 27.02.2024
4952
2 дақиқада ўқилади

Ота-оналарга болаларни жисмоний жазолаш тақиқланиши мумкин 

Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасида муҳокама қилинди. 

Фото: Getty Images

Ўзбекистонда ота-оналарга болаларни тарбиялашда жисмоний жазо қўллаш тақиқланиши мумкин. Бу ҳақда болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган қонун лойиҳасида назарда тутилган. 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 27 февралдаги йиғилишида ушбу қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан кўриб чиқилиб, қабул қилинди. 

Қонун лойиҳасида болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишда ота-оналарнинг иштироки ва уларнинг мажбуриятлари белгиланади. Жумладан, ота-оналар болаларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиши, уларга ғамхўрлик кўрсатиши ҳамда зарарли таъсир кўрсатувчи ахборотдан ҳимоя қилиши шартлиги, болаларни тарбиялашда уларни жисмоний жазолаш тақиқланиши назарда тутиляпти. 

Шунингдек, таълим ташкилотларида болаларга нисбатан зўравонликка йўл қўйилмаслиги, таълим муассасаларида интизомий жазо чораси сифатида зўравонликнинг ҳар қандай шакли, шу жумладан жисмоний жазо ва бошқа шафқатсиз хатти-ҳаракатларни амалга ошириш ёки қадр-қимматни камситувчи муомалани қўллашга йўл қўйилмаслиги қатъий белгиланмоқда. 

Депутатларнинг таъкидлашича, лойиҳанинг қабул қилиниши болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш ҳамда уларни ҳурмат қилишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларига муросасиз муносабатда бўлиш, зўравонлик содир этган шахсларга нисбатан жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлашга хизмат қилади. 

Лойиҳани иккинчи ўқишда қонуннинг таъсирчанлиги ва самарадорлигини таъминлашга қаратилган таклифлар киритилиши мумкин.

Мавзуга оид