Apple электромобил ишлаб чиқариш лойиҳасидан воз кечди
Компания сунъий интеллект соҳасидаги ишланмалар билан шуғулланишга эътибор қаратгани таъкидланмоқда.
Apple 10 йил аввал бошланган электромобил яратиш бўйича ўз тарихидаги энг улуғвор лойиҳалардан бирини қисқартиришга қарор қилди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Apple томонидан махфий равишда олиб орилган Project Titan лойиҳасида икки мингга яқин одам ишлаган, компанияда улар Special Projects Group номи билан танилган эди. Энди улардан баъзилари сунъий интеллект соҳасидаги ишланмалар билан шуғулланувчи бўлимга ўтказилади.
Apple компаниясининг ўзи бу хабарларга изоҳ бермади.
Қайд қилинишича, сўнгги пайтларда электромобилларга талаб пасайиб кетди ва электр транспорт воситалари бозори тобора рақобатдош бўлиб бормоқда. Ҳатто ишбилармон Илон Маск асос солган Tesla хитойлик ишлаб чиқарувчиларнинг кескин рақобати туфайли дунёнинг асосий бозорларида, жумладан, Европа Иттифоқи ва Хитойда электромобиллари нархини пасайтиришга мажбур бўлди.
Apple кремний водийсида ўзини ўзи бошқарадиган автомобилларга бўлган катта қизиқиш фонида электромобил яратиш лойиҳасини ишга туширган, электромобилни 2024 ёки 2025 йилда чиқаришни режалаштираётган эди.
Компания тадқиқот ва ишланмаларга миллиардлаб доллар сарфлаган, дастлабки концепция рул ва педалларсиз автомобил яратишни назарда тутган, бироқ кейинчалик бу ғоядан воз кечишга тўғри келгани таъкидланмоқда.
Ҳозирча Apple сунъий интеллект соҳасида бошқа технология гигантларидан сустроқ ҳаракат қилмоқда.
Мавзуга оид
00:31
Apple ўзининг онлайн дўконидан мустақил ОАВ иловаларини ўчириб ташлаётганига изоҳ берди
00:31 / 18.12.2024
Конго Appleʼни ноқонуний қазиб олинаётган минераллардан фойдаланишда айблади
20:50 / 16.12.2024
Apple юпқа iPhone ва буклама қурилмаларни чиқаради – ОАВ
21:22 / 14.12.2024