Жаҳон | 23:01 / 28.02.2024
10001
2 дақиқада ўқилади

Эрдўған Украина ва Россияни музокаралар столига ўтқазмоқчи эканини айтди

Туркия президенти Қора денгизда «дон йўлаги»ни тиклаш мақсадида икки давлатни муросага келтирмоқчи. 

Фото: Anadolu Agency

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған яна бир бор Украина ва Россияни Истанбулда Қора денгиз «дон йўлаги» бўйича музокаралар столига ўтқазишга тайёрлигини маълум қилди. 

Бу ҳақда Эрдўған Албанияда «Украина - Жанубий-Шарқий Европа» саммити иштирокчиларига мурожаати чоғида айтди. Туркия раҳбари мамлакати Украинанинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини, шунингдек, Қрим татарларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун барча саъй-ҳаракатларини амалга ошираётганини таъкидлади. 

«Урушнинг учинчи йилига кирганимизга ва барча саъй-ҳаракатларимизга қарамай, тинчлик ўрнатиш йўлида етарлича олға силжиш йўқ. Мен дипломатия ва мулоқотга урушни адолатли ва мустаҳкам тинчлик билан тугатиш имконияти берилиши керак, деган қарашларимда қоламан. Бу жуда муҳим, бу мақсадга эришиш учун барча дипломатик каналлардан фойдаланиш керак. Менимча, ҳеч бўлмаганда тинчликнинг умумий параметрларини аниқлаш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни бошлаш лозим. Бу борада биз Украина президенти Володимир Зеленский тинчлик режасининг 10 бандини тубдан қўллаб-қувватлаймиз», деди Эрдўған. 

Эрдўған тинчлик ташаббуслари учун ҳар икки томонни бирлаштириш муҳим эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Қора денгиз бўйлаб дон етказиш ташаббуси кун тартибида қолмоқда, бироқ Қора денгиздаги тижорат кемаларининг хавфсизлигини таъминлаш қоидаларига эҳтиёж бор. 

«Шу доирада биз Қора денгизда хавфсизлик мажбуриятларини ўз ичига олган янги қоидаларни ўрнатиш учун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан алоқаларимизни давом эттирмоқдамиз. Қолаверса, тинчлик ўрнатиш учун аввал Истанбулда бошлаган музокара жараёнини қайта бошлашга тайёрмиз», деди Эрдўған.

Мавзуга оид