Жаҳон | 15:33 / 28.02.2024
5856
3 дақиқада ўқилади

Франция: Украинани қўллаб-қувватлашнинг янги шаклларини кўриб чиқиш керак 

Стефан Сежурненинг фикрича, Ғарб қўшинлари Украина ҳудудида жанговар ҳаракатларда иштирок этмаган ҳолда бўлиши вариантида, Украинани қўллаб-қувватлашнинг янги шаклларини кўриб чиқиш керак.

Стефан Сежурне Фото: SARAH MEYSSONNIER/AFP

Франция ташқи ишлар вазири Стефан Сежурне 27 феврал, сешанба куни Франция парламентарийлари билан суҳбатда Ғарб ҳарбийлари Украина ҳудудидаги «махсус амалиётлар»да назарий жиҳатдан ҳарбий ҳаракатларсиз иштирок этиши мумкинлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, «Украинани қўллаб-қувватлашнинг аниқ эҳтиёжларига йўналтирилиши мумкин бўлган янги шаклларини кўриб чиқиш» керак. 

Франция ТИВ раҳбарининг сўзларига кўра, бундай эҳтиёжлар орасида кибермудофаа, Украинада қурол ишлаб чиқариш ва миналардан тозалаш бор. «Баъзи ҳолларда бундай фаоллик ғарб ҳарбийлари Украина ҳудудида урушда қатнашмасдан туриб бўлишини талаб қилиши мумкин», — деб таъкидлади Сежурне. 

Шунингдек, у Россия ҳужумлари ва улар Европада беқарорлик келтириб чиқараётганини инобатга олиб, «Украинани қўллаб-қувватлашни кучайтириш кераклигини» айтди. 

Литва Макроннинг Украинада қуруқликдаги қўшинлар ҳақидаги сўзларига қарши эмас 

Украина ҳудудида Ғарб давлатларининг қуруқликдаги қўшинларини қўллаш мумкинми ёки йўқлиги ҳақидаги фикр-мулоҳазалар мақбул ҳолатдир, деди шу куни Литва Мудофаа вазирлиги раҳбари Арвидас Анусаускас. Унинг сўзларига кўра, агар Литва қўшинлари Украинага юборилиши мумкин бўлса, у ҳолда фақат ўқув машғулотлари учун жўнатилади, лекин ҳарбий мақсадларда эмас. Анусаускаснинг таъкидлашича, айни пайтда асосий устувор вазифа Украинани қурол ва ўқ-дорилар билан қўллаб-қувватлаш бўлиб қолмоқда. 

Бир кун аввал, 26 февралда Парижда Украинага ёрдам кўрсатиш бўйича конференция якунланганидан сўнг сўзлаган Франция президенти Эммануэл Макрон Украинага Ғарб қуруқликдаги қўшинлари жойлаштирилиши мумкинлигини инкор этмади. Макроннинг сўзларига кўра, «бугунги кунда қуруқликдаги қўшинларни Украинага расман юбориш масаласида консенсус йўқ, аммо ҳеч нарсани инкор этиб бўлмайди». 

Германияда Макроннинг баёноти сиёсатчилар салбий фикрига сабаб бўлди. Германия канцлери Олаф Шолц, хусусан, Париждаги йиғилишда «Украина ҳудудида Европа ёки НАТО давлатлари томонидан у ерга юборилган аскарлар бўлмайди» деган якдил позиция бўлганини айтди. Алянс бош котиби Йенс Столтенберг ҳам НАТО Украинага қўшин жўнатиш ниятида эмас, деди. 

Мавзуга оид