Ўзбекистон | 08:48 / 29.02.2024
4583
2 дақиқада ўқилади

Тошкент ва Мумбай ўртасидаги ҳаво қатнови қайта тикланмоқда

Мумбайга авиақатновлар апрел ойида қайта йўлга қўйилиши кутиляпти.

Фото: «Дунё» АА

Ҳиндистоннинг Маҳараштра штатида Uzbekistan Airways авиакомпанияси томонидан апрел ойида Тошкент–Мумбай–Тошкент ҳаво қатнови қайта тикланаётгани ҳамда мамлакат жозибадор туризм йўналишларига бағишланган йирик тақдимот маросими ўтказилди.

"Дунё" хабарига кўра, маросимда Маҳараштра штати, жумладан, унинг маъмурий маркази - Мумбай шаҳрида фаолият юритадиган 100 га яқин етакчи туристик ташкилот ва агентликлар раҳбарлари ва мутахассислари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тақдимотда Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг хорижий давлатлар, жумладан, Ҳиндистонга парвоз географияси кенгайиб бораётгани, апрел ойида Мумбайга авиақатновлар қайта йўлга қўйилгач, ҳинд шаҳарларига парвозлар сони ҳафтасига саккиз мартага етиши таъкидланди. Мамлакат миллий авиаташувчиси Ҳиндистонга рейслар сонини мунтазам тарзда кўпайтириб боришни режалаштираётганига алоҳида эътибор қаратилди.

Тошкент ва Мумбай шаҳарлари ҳаво йўли орқали боғланаётгани қарийб 120 миллион аҳоли яшайдиган Маҳараштра штати ва унга қўшни ҳудудлар аҳолиси учун туризмнинг янги йўналишлари, жумладан, тоғ-чанғи, зиёрат, экологик турларини ўзлаштириш, никоҳ маросимларини ўтказиш, кино ижодкорлари томонидан фильмлар суратга олишда янги локациялар кашф қилиш учун қулай имкониятлар тақдим этади.

Мавзуга оид