Европарламент «Украина ғалабаси режаси»га овоз берди
Европарламент депутатлари Украинага ҳарбий ёрдамни сезиларли даражада ошириш ва ўқ-дорилар тақчиллигини бартараф этиш бўйича янги чора-тадбирларни қўллаб-қувватлади. Шунингдек, улар Россия Федерацияси ва Беларусга нисбатан санкциялар режимини кучайтиришни сўрамоқда.
Европа Иттифоқи барча давлатлари ва уларнинг НАТОдаги иттифоқчилари ҳар йили ўз ялпи ички маҳсулоти камида 0,25 фоизини Украинага ҳарбий ёрдамга ажратиши керак, деб ҳисоблайди Европарламент. Бу мамлакатга Россия тажовузкорлигини қайтариш учун ҳамма нарса берилиши керак, дея маълум қилди қонун чиқарувчилар. 29 феврал, пайшанба куни Страсбургда 451 нафар европалик парламентарий тегишли резолюция учун овоз берди, 46 киши қарши чиқди, 49 нафари эса бетараф қолди.
Резолюция матнида Европа Иттифоқи мамлакатлари томонидан Киевга кўрсатилаётган ҳарбий ёрдам даражасида уларнинг ялпи ички маҳсулотига нисбатан фоиз нисбатида катта тафовут борлиги қайд этилган. Парламент аъзолари Европа Иттифоқининг йирик мудофаа-саноат салоҳиятига эга йирик давлатларини Украина қуролли кучларига ёрдамни зудлик билан оширишга чақирди. Европарламент депутатлари Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатишда ўз-ўзини чеклаш бўлмаслиги кераклигига ишончи комил.
Ўқ-дорилар етишмаслигини зудлик билан тўлдириш лозим
Улар Украина қуролли кучлари эҳтиёжларини қондириш ва ЕИ давлатларининг тугаган захираларини тўлдириш учун ишлаб чиқаришни сезиларли даражада оширишда Европа мудофаа саноатига сармоя киритишга чақирди. «Украинага, айниқса, замонавий ҳаво мудофаа тизимлари, TAURUS, Storm Shadow/SCALP каби узоқ масофали ракеталар, замонавий жанговар самолётлар, турли турдаги артиллерия ва ўқ-дорилар (хусусан, 155 мм), дрон ва уларга қарши курашиш учун қуроллар керак», — дея матнда алоҳида таъкидланган.
Украинадаги жанг майдонида ўқ-дорилар тақчиллиги муносабати билан Европарламент Европа тинчлик жамғармасини кўпайтириш ва ундан Украина қуролли кучлари учун жаҳон бозорида биргаликда техника харид қилиш учун фойдаланишга чақирди. Депутатларнинг фикрича, Европа Иттифоқи ҳукуматлари қурол ишлаб чиқарувчилар билан мулоқотни бошлаши, хусусан, Украина учун ўқ-дорилар ва ракеталарни ишлаб чиқариш ва етказиб бериш бошқа буюртмалардан устун бўлишини таъминлаши керак. «Қурол ва ўқ-дориларнинг етарли даражада ва ўз вақтида етказилмагани ҳозиргача қилинган саъй-ҳаракатларга путур етказиши мумкин», — дея маълум қилди Страсбург.
Парламент аъзолари Украинанинг асосий мақсади Россия Федерациясига қарши урушда ғалаба қозониш эканлигини эслатиб ўтди, бу эса Россия барча кучларини, тарафдорлари ва иттифоқчиларини Украина халқаро тан олинган ҳудудидан сиқиб чиқаришни ўз ичига олади. «Бу мақсадга фақат Украинага барча турдаги қуролларни истисносиз узлуксиз, барқарор етказиб бериш орқали эришиш мумкин», дейилади резолюцияда.
Европарламентга кўра, бу уруш натижаси ва халқаро ҳамжамиятнинг унга нисбатан тутган позицияси бошқа авторитар режимлар келгусидаги ҳаракатларига таъсир ўтказишда ҳал қилувчи рол ўйнайди.
Россия ва Беларусга қарши кўпроқ санкциялар
Европарламент депутатлари Европа Иттифоқини Россия ва Беларусга нисбатан санкциялар сиёсатини кучайтириш, унинг самарадорлигини кузатиш, кўриб чиқиш ва яхшилаш, шунингдек, чеклов чораларни четлаб ўтишнинг олдини олиш механизмини ишлаб чиқишга чақирди. Уларнинг фикрича, Беларусга қарши санкциялар Россияга қарши санкцияларга тўлиқ мос келиши керак.
Аниқ чора-тадбирлар бўйича парламентарийларнинг фикрича, Россия уран ва металлургия маҳсулотларига эмбарго жорий этиш, шунингдек, Россия ядро сектори, хусусан, «Росатом» билан ҳамкорликни тақиқлаш зарур. Яна бир чора сифатида улар Россия қишлоқ хўжалиги ва балиқчилик маҳсулотлари, қазиб олинадиган ёқилғи ва СТГга тўлиқ эмбарго қўйиш, шунингдек, G7 ҳамкорлари билан келишилган ҳолда нефт нархи чегарасини янада пасайтиришни келтирди.
Россиянинг музлатилган активларини мусодара қилиш
Европарламент Европа Иттифоқида музлатиб қўйилган Россия давлат активларини мусодара қилиш ва улардан Россиянинг Украинага қарши тажовузкорлиги оқибатларини бартараф этишда фойдаланиш имконини берадиган ишончли ҳуқуқий режим яратиш зарурлигини таъкидламоқда. Бундан ташқари, Москва Киевга урушдан кейин товон пули тўлашга мажбур бўлади, демоқда депутатлар.
Европа Иттифоқи ва унинг давлатлари гибрид таҳдидлар ҳамда Россиянинг Украина ва ЕИдаги сиёсий, сайлов ва бошқа демократик жараёнларга аралашувига қарши стратегия ишлаб чиқиши керак, дея маълум қилди Европарламент. У Испанияда Максим Кузминовнинг ўлдирилишини қоралади ва Европа Иттифоқи давлатларини Россия разведка хизматлари бундай ҳаракатларига қатъий муносабатда бўлишга, контрразведка соҳасида ҳамкорликни кучайтиришга чақирди.
Украинанинг «ғалаба формуласи»
Ушбу резолюция бўйича муҳокама 6 феврал куни Страсбургда бўлиб ўтди. Ўшанда барча нуфузли сиёсий гуруҳлар аъзолари Киев билан мисли кўрилмаган бирдамликка қарамай, ЕИ етарлича ҳаракат қилмаётганига ишонч билдирган эди. Парламентнинг Россия бўйича махсус маърузачиси Андриус Кубилиус сўзларига кўра, бу ҳолат Европа ёрдами ҳажми «ҳар бир ЕИга аъзо давлат индивидуал ихтиёрий қарорларига» боғлиқ эканлиги билан изоҳланади. «Бизга Украина ғалабаси учун фақат ўқ-дорилар эмас, Украинанинг барча ҳарбий эҳтиёжларини қоплайдиган режа керак», — деди у. Ушбу режа Европа Иттифоқининг ҳар бир мамлакати Украинага миллий ЯИМ камида 0,25 фоизи миқдорида ҳарбий ёрдам кўрсатиш мажбуриятига асосланиши лозим.
Мавзуга оид
08:05
Байден Пентагонга Украинага қурол етказиб беришни тезлаштиришни буюрди
21:53 / 25.12.2024
Украина Россия билан иқтисодий урушда ғалаба қозонмоқда — The Economist
21:15 / 25.12.2024
Украина бўйлаб байрам кечаси ёпирилма зарбалар йўлланди
16:21 / 25.12.2024