Республикачи Никки Ҳейли президентлик пойгасидан чиқди
У партия ичидаги курашда Доналд Трампнинг ягона рақиби эди. Аммо Ҳейли тарафдорларини собиқ президентга овоз беришга ундамади.
АҚШ Республикачилар партияси вакили Никки Ҳейли президентлик кампанияси якунланганини эълон қилди. У партия ичидаги курашда Доналд Трампнинг ягона рақиби эди. Аммо Ҳейли ўзининг қисқа нутқида тарафдорларини собиқ президентга овоз беришга ундамади.
Ҳейли ўз номзодини 2023 йил феврал ойида эълон қилган эди. У мунозараларда муваффақиятли иштирок этиб, Доналд Трамп номзодига муқобилини излаётган республикачиларнинг эътиборини тортди.
Рон ДеСантис дастлабки сайловларда муваффақиятсизликка учраганидан сўнг, Ҳейли Трампнинг партия ичидаги ягона рақиби бўлиб қолди. Собиқ президент рақибини «товуқ мия» деб атади. Бунга жавобан Ҳейли Трампни Украинага ёрдам ваъда қилишни истамагани ва Владимир Путинни Алексей Навалнийнинг ўлдирилишида айбламагани учун танқид қилди.
Ҳейли Вермонт ва Колумбия округидаги праймеризларда ғалаба қозонишга муваффақ бўлди. Ҳатто юқори чўққида рейтинги 20 фоизга етди.
5 март «суперсешанба» куни Ҳейли 15 штатдан 14 тасида мағлубиятга учради, аммо умумий ғалаба учун назарий имкониятларни йўқотмаган эди.
Ҳейлининг пойгадан чиқиши собиқ президент ўз қароргоҳи ва Республикачилар партияси аппарати ресурсларини бирлаштира олишини англатади – бу унга Жо Байденга қарши курашда ёрдам бериши мумкин. Шу билан бирга, exit-poll натижаларига кўра, праймеризда Ҳейлини қўллаб-қувватлаган сайловчиларнинг тахминан учдан бир қисми ноябр ойида бўлиб ўтадиган умумий сайловларда Трампни қўллаб-қувватламоқчи эмас.