БМТ: 2023 йил муҳожирлар ўлими бўйича энг ёмон йил бўлди
2023 йил муҳожирлар ўлими бўйича энг ёмон йил бўлди. «Йўқолган мигрантлар» лойиҳаси 8565 кишининг ўлимини қайд этди, бу 2016 йилдаги олдинги максимал кўрсаткичдан деярли ярим минг кишига кўп.
2023 йилда маълумотлар йиғиш бошланган 2014 йилдан буён дунё бўйлаб миграция йўлларида энг кўп одам ҳалок бўлди. БМТ Халқаро миграция ташкилотининг (ХМТ) «Йўқолган мигрантлар» лойиҳаси жами 8565 киши ҳалок бўлганини қайд этди, бу ўтган йилга нисбатан 20 фоизга кўпдир, деб хабар берди ХМТ 6 март, чоршанба куни. Аввалги энг юқори кўрсаткич 2016 йилда қайд этилган (8 084 ўлим).
Шу билан бирга, мигрантлар ўлимининг ярмига яқини сувда чўкиш сабаб бўлган, тўққиз фоизи автоҳалокатлар ва етти фоизи зўравонлик оқибатида юз берган.
Ўрта Ер денгизи - энг хавфли миграция йўли
10 йил аввал «Йўқолган мигрантлар» лойиҳаси бошланганидан бери жами 63 700 дан ортиқ одам ҳалок бўлди, уларнинг деярли ярми Ўрта Ер денгизида ҳаётдан кўз юмган. Бу маълумотларга кўра, Ўрта Ер денгизи энг хавфли миграция йўли бўлиб қолмоқда, ўтган йили у ерда камида 3129 киши ҳалок бўлган, 2024 йилнинг икки ойида эса 254 нафар муҳожир вафот этган.
ХМТнинг таъкидлашича, статистик маълумотларга фақат тасдиқланган ўлимлар киритилганлиги сабабли, ҳақиқий рақамлар сезиларли даражада юқори бўлиши мумкин. Агар, масалан, муҳожирларни ноқонуний ташиш билан шуғулланадиган кема тунда қирғоқдан чиқиб кетса ва кейинчалик ҳеч қаерда кўринмаса, одамларнинг ўлими ҳужжатлаштирилмай қолади.
Колумбия ва Панама ўртасидаги кўплаб жанубий америкалик муҳожирлар юрадиган хавфли ўрмон коридорида ҳам ўлимни аниқлаш бир хил даражада қийин.
ХМТнинг «Йўқолган мигрантлар» лойиҳаси 2014 йилда Италиянинг Ўрта Ер денгизидаги Лампедуза ороли қирғоқларида икки кема ҳалокатга учраши оқибатида кўплаб одамлар қурбон бўлганидан кейин бошланган эди.
Мавзуга оид
19:00
“Матрица”нинг бузилиши ва тарихий ордер
13:38 / 24.12.2024
“Болалар совуқдан музлаяпти” – БМТ вакиллари қиш фаластинликлар ҳаётини янада оғирлаштираётганини маълум қилди
11:15 / 12.12.2024
Ўзбекистон халқаро мажбуриятларни бажариш доирасида 530 дан ортиқ фуқаросини Яқин Шарқдан қайтарди
18:38 / 11.12.2024