Ўзбекистон | 09:16 / 08.03.2024
20066
3 дақиқада ўқилади

Пулли автомобил йўллари тўғрисидаги қонун лойиҳаси эълон қилинди

Умумий йўллардаги юкни камайтирадиган ва транспорт воситаларининг сиғимини оширадиган муқобил автомобил йўналишларини яратиш режалаштирилмоқда.

“Пулли автомобил йўллари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.

Қонун лойиҳасининг ижтимоий-иқтисодий оқибатлари сифатида қуйидагилар келтирилган:

  • пулли йўлларни тегишли тартибда таъмирлаш ва мунтазам таъмирлаш учун тўловларни етарли миқдорда ундириш орқали бюджетга юкни камайтириш;
  • йўл инфратузилмасини ривожлантириш;
  • автотранспорт воситаларининг ҳаракатини тезлаштириш;
  • умумий йўллардаги юкни камайтирадиган ва транспорт воситаларининг сиғимини оширадиган муқобил автомобил йўналишларини яратиш;
  • бахтсиз ҳодисалар ва натижада халқаро стандартларга мувофиқ қурилган замонавий йўлларда ўлим ва жароҳатлар сонини камайтириш;
  • янги иш ўринларини яратиш.

Шунингдек, автомобил йўллар сифатини яхшилаш ва энг мақбул тезлик режимидан фойдаланиш автотранспорт воситаларининг ёнилғи сарфини тахминан 10-15 фоизга камайтиради ва ҳаракатланиш вақтини қисқартиради.

Бундан ташқари, йўл қопламасининг яхшиланиши автотранспорт воситалари ва шиналарнинг юриш қисмлар ва покришкалар ишлаш муддатини (тахминан ўнлаб фоизга) оширади ва натижада тегишли компонентларни алмаштириш харажатларини камайтиради.

Фойдаланувчиларнинг харажатлари тўлиқ қопланади, негаки яхшиланган йўл шароитлари ижобий таъсири йўл ҳақи миқдоридан бир неча баравар юқори бўлади.

Йўл соҳасининг ривожланиши ҳам хусусий бизнес соҳасига, ҳам давлат иқтисодиётига ижобий таъсир кўрсатади.

Қонун лойиҳасининг амалдаги тузилиши қуйидагича:

1-боб. Умумий қоидалар (1-11-моддалар)
Ушбу бобда қонун лойиҳасининг мақсади ва қўлланилиш соҳаси, асосий тушунчалар ва тамойиллар, шунингдек пулли йўлларга эгалик қилиш ва пулли автомобил йўлларини ташкил этиш учун ер участкалари бериш белгиланган.

2-боб. Пулли автомобил йўллар соҳасидаги бошқарув (12-18-моддалар)
2-боб пулли автомобил йўллари соҳасидаги давлат бошқарувини ва давлат органларининг ваколатларини белгилайди.

3-боб. Пулли автомобил йўлларини молиялаштириш, қуриш ва эксплуатация қилиш тартиби (19-22-модда)
Ушбу бобда пулли йўлларни молиялаштириш йўллари, пулли йўллар соҳасида давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг муҳим шартлари, шунингдек муқобил бепул ҳаракатланиш имкониятлари назарда тутилган.

4-боб. Пулли автомобил йўлидан ҳаракатланишни ташкил этиш тартиби (22-28-моддалар)
Ушбу бобда пулли йўлдан фойдаланиш шартлари, тўловларни йиғиш ва олинган маблағларни тақсимлаш тартиби, пулли йўллардан оператор ва фойдаланувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари кўрсатилган.

5-боб. Якунловчи қоидалар (29-32моддалар)
Қонун лойиҳасининг якуний бобида пулли йўлдан фойдаланганлик учун ҳақ олишни тўхтатиш ва тўхтатиб туриш ҳолатлари, низоларни ҳал қилиш соҳасидаги тартибга солиш ва амалдаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик, шунингдек ижро етилиши ва қонун лойиҳасига мувофиқлаштириш ҳолатлари кўрсатилган.

Мавзуга оид