Жаҳон | 08:28 / 08.03.2024
17682
5 дақиқада ўқилади

Швеция расман НАТО аъзоси бўлди

Швеция расман НАТОга қўшилиб, Шимолий Атлантика алянсининг 32-аъзосига айланди.

7 март куни Швеция бош вазири Улф Кристерссон ва мамлакат ТИВ раҳбари Тобиас Биллстрём Вашингтондаги йиғилишда ратификация қилинган ҳужжатларни АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкенга топширди, шундан кейин ушбу мамлакатнинг алянсга қўшилиши бўйича сўнгги икки йилликда олиб борилган жараён якунига етди.

АҚШ Давлат департаменти хабарига кўра, Швециянинг НАТО аъзолигига қабул қилингани ҳақидаги протокол кучга кирди. 

«Яхши нарсалар уни кутганларга келади», — деган Блинкен ҳужжатларни қабул қилиб олар экан.

Швеция ҳарбий иттифоққа қўшилган 32-давлат бўлди. 11 март куни ушбу мамлакат байроғи алянснинг Брюсселдаги штаб-квартираси олдида кўтарилиши кутилмоқда. 

Швеция алянсга қабул қилингандан сўнг, Россия учун муҳим нефт савдо йўллари ўтадиган ва Россиянинг Болтиқ флоти жойлашган Болтиқ денгизи амалда НАТО ички денгизига айланди, деб ёзган Financial Times. 

«Бу тарихий кун. Энди Швеция НАТО музокаралар столининг алянс сиёсати ва қарорларини шакллантиришда тенг овозга эга бўлган муносиб ўрнини эгаллайди», — дейилади НАТО бош котиби Йенс Столтенбергнинг баёнотида.

Швеция ўтган йилнинг апрелида НАТОга аъзо бўлган Финландия каби Россиянинг Украинага кенг миқёсли босқинидан кейин нейтралитетдан воз кечиш ҳамда алянсга киришга қарор қилганди. 

Икки мамлакат ҳам бир вақтда ариза берганди, аммо Швециянинг аъзолиги НАТОнинг бошқа икки аъзоси — Туркия ва Венгриянинг позицияси туфайли кечикди.

Венгрия парламенти Швециянинг қўшилишини 26 феврал куни маъқуллади, шу ҳафтада эса мамлакатнинг янги президенти Тамаш Шуйок уни имзолади. Туркия январ ойи охирида розилик берганди.

«Швеция — бизнинг қадриятларимиз ва дунёқарашимиз муштарак бўлган, юқори самарали қуролли кучларга эга бўлган кучли демократиядир. Швециянинг қабул қилинишини АҚШ ва иттифоқчиларимиз ҳимоясини янада кучайтиради», — деганди Оқ уй феврал ойи охирида ариза Венгрия парламенти томонидан маъқулланишига муносабат билдириб.

Вашингтонда пайшанба куни ўтказилган тадбир вақтида АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Швециянинг НАТОга қабул қилиниши Россия сиёсатидаги стратегик муваффақиятсизликни кўрсатишини таъкидлади.

«Ўйлайманки, агар ортга қараб, уч йил олдин қаерда бўлганимизни эсласак, буларнинг ҳеч бири олдиндан айтиб  бўлмасди. Путиннинг Украинага бостириб кириши Россия учун стратегик фиаскога айланганига бугунгидек ёрқин мисол йўқ», — деган у.

Россия ҳукумати бир неча бор Финландия ва Швециянинг НАТОга аъзо бўлишига жавобан чоралар кўришини маълум қилганди.

Россиянинг Стокҳолмдаги элчихонаси ўтган ҳафтада хавфсизлик соҳасидаги сиёсатни танлаш — Швециянинг суверен иши экани, аммо алянсга аъзо бўлиш Европадаги барқарорликка салбий таъсир кўрсатишини билдирганди.

«Россия ўз миллий хавфсизлигига таҳдидларни тўхтатиш учун сиёсий ва ҳарбий-техник характердаги жавоб чораларини кўради. Бунинг муайян мазмуни Швециянинг НАТОга интеграциялашуви шартларив а кўламлига боғлиқ бўлади», — дейилган баёнотда.

200 йил мобайнида ҳарбий иттифоқларга қўшилмаган Швеция Россиянинг Украинага босқинидан кўп вақт ўтмай, 2022 йил май ойида ариза топширганди.

НАТО аъзоларининг кўпчилиги мамлакат аъзолигини тезда ратификация қилди, аммо Туркия бу жараённи чўзиб юборди.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг Швеция аъзолигига қаршилиги аввалига Стокҳолм гўёки Анқара террорчи деб ҳисоблайдиган курд гуруҳларининг аъзоларига бошпана бериши билан боғлиқ эди.

Бу эътирозларга жавобан Швеция аксилтеррорчилик қонунчиликни қатъийлаштирди ва Эрдўғаннинг талабларини бажарди.

Кейин турклар етакчиси АҚШ F-16 қирувчилари партиясини етказиб бериш бўйича ваъдасини бажармагани ҳақида маълум қилди — бу бўйича қарор Конгрессда қаршиликка учраганди.

Якунда Вашингтон 2024 йил январ ойида Туркияга Швециянинг аъзолигини ратификация қилиши билан 23 миллиард долларлик F-16 самолётлари партиясини етказиб беришни маъқуллади.

Туркиянинг розилигини олган Швеция яна бир тўсиққа учради — Венгрия.

Венгия ҳукумати Стокҳолмни Венгрияни «таҳқирлаш» сиёсати ва мамлакатнинг қонун устуворлиги меъёрларидан четга чиқиши ҳақидаги мунтазам изоҳлари учун қоралади. Аммо Туркиянинг розилиги ортидан якуний қарор қабул қилинди.

Мавзуга оид