Ўзбекистон | 13:55 / 22.03.2024
7196
3 дақиқада ўқилади

Россия энергетика компаниялари ўз ҳаво мудофаа тизимларини яратмоқда

«Важные истории» маълумотларига кўра, ўтган йил давомида Россия энергетика компаниялари учувчисиз учиш қурилмаларини сотиб олиш бўйича камида 1 миллиард рубллик деярли 300 та тендер ўтказган.

Фото: Picture Alliance

«Важные истории» маълумотларига кўра, Россия энергетика компаниялари ҳужумкор учувчисиз учоқларга қарши ўзининг ҳимоя воситаларини қурмоқда ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини харид қилмоқда. Ўтган йил давомида (2023 йил баҳоридан 2024 йил баҳоригача) «Роснефть», «Лукойл», «Башнефть», «Славнефть», «Транснефть» ва бошқа ёнилғи-энергетика компаниялари учувчисиз учиш қурилмаларини сотиб олиш бўйича умумий қиймати камида 1 миллиард рубллик 300 га яқин тендер ўтказди, деб ёзади нашр 21 март, пайшанба куни

Ҳимоя тармоқлари, дронга қарши қуроллар, стационар ва кўчма тизимлар

Хусусан, «Роснефть» ўзини учувчисиз учиш аппаратларига қарши кўчма тизимлар, дронга қарши қуроллар, дронларни электрон аниқлаш ва бостириш учун стационар тизимлар ёрдамида ҳимояламоқчи, шунингдек, УУАни ушлаб туриши керак бўлган устунлар орасига чўзилган тўрларни ўрнатмоқчи. «Россеть» компанияси шунга ўхшаш тўр ва бетон блокларни ўрнатяпти, шунингдек, нимстанцияларини дронларни аниқлаш ва уларга қарши курашиш учун радиоэлектрон тизимлар билан жиҳозлаяпти.

Шу билан бирга, журналистларнинг таъкидлашича, кўплаб савдолар ёпиқ платформаларда ўтказиляпти ва уларнинг натижалари номаълум, шунинг учун бундай харидларнинг ҳақиқий кўрсаткичлари юқорироқ бўлиши мумкин. 

Ҳарбий эксперт Кирилл Михайлов сўзларига кўра, компаниялар томонидан сотиб олинган ҳимоя тармоқлари Россиядаги нишонларга ҳужум қилувчи Украинанинг «Лютый» учоқлари юқори портловчи қисмларидан ҳимоя қилишга қодир эмас. Дронга қарши қуроллар ҳам автоном режимда ишлайдиган дронларни бостириш учун фойдасиз, деди у «Важные истории»га. 

Россия нефтни қайта ишлаш заводларига дронлар ҳужуми

Сўнгги ҳафталарда Россия нефтни қайта ишлаш заводларига ҳужумлар кучайди. Хусусан, 12 март куни Россиядаги энг йирик нефтни қайта ишлаш заводларидан бири – Нижегород заводида ёнғин содир бўлди, 13 март куни эса УУА Рязан нефтни қайта ишлаш заводи, Ростов-Дон яқинидаги Новошахтинский нефтни қайта ишлаш заводига ҳужум қилди. 16 март куни дронлар Самара вилоятидаги иккита нефтни қайта ишлаш заводига ҳужум амалга оширди, ҳужумлардан сўнг иккала корхонада ҳам ёнғинлар бошланди. 17 мартга ўтар кечаси Славянск-Кубан шаҳридаги Славянск нефтни қайта ишлаш заводига дронлар ҳужум қилишга уринди ва улардан бирининг қулаши натижасида ёнғин содир бўлди.

Икки йилдан ортиқ вақтдан бери Украинага қарши кенг кўламли урушни давом эттираётган Россияда ушбу ҳужумлар фонида бензин нархи сезиларли даражада ошди, УУА ҳужумлари туфайли нефтни қайта ишлаш ҳажми камайди. 

Мавзуга оид