Иқтисодиёт | 15:44 / 23.03.2024
16640
2 дақиқада ўқилади

2023 йилда «Ўзбекнефтгаз»нинг соф фойдаси икки баробарга камайди

Ўтган йилда «Ўзбекнефтгаз»нинг соф фойдаси 611,6 млрд сўмни ташкил этиб, 2022 йилга нисбатан 52,6 фоизга қисқарди.

Фото: "Ўзбекнефтгаз"

«Ўзбекнефтгаз» АЖнинг 2023 йилдаги соф фойдаси 611,6 млрд сўмни ташкил этиб, 2022 йилга нисбатан 52,6 фоизга камайган. Бу ҳақда Kapital Depozit инвестиция компанияси хабар берди.

Тушумлар 11,2 фоизга ўсиб, 14,7 трлн сўмга етган. Йил давомида дивидендлар кўринишидаги даромадлар 1,2 трлндан 2,5 трлн сўмга кўпайган. Узоқ муддатли банк кредитлари 18 трлндан 17,6 трлн сўмга камайган бўлса, қисқа муддатли кредитлар 746,8 млрддан 2,2 трлн сўмга етган.

Эслатиб ўтамиз, «Ўзбекнефтгаз»нинг 2022 йилдаги соф фойдаси 1,3 трлн сўмни, 2021-2020 йилларда эса 3,3 трлн сўмни ташкил қилган.

Компаниянинг табиий газ қазиб чиқариш кўрсаткичи йилдан йилга пасайиб бормоқда. Хусусан, бу миқдор 2024 йилда 29,3 млрд куб метр бўлиши кутилмоқда. Компания 2021 йилда 33,9 млрд куб, 2022 йилда эса 32,2 млрд куб метр табиий газ қазиб олган. Агар 2024 йилда 29,3 млрд куб метрлик прогнозни ҳисобга олсак, 3 йил ичида компания газ қазиб олишни 13,6 фоизга пасайтирган бўлади.

Аввалроқ «Ўзбекнефтгаз»га тегишли UNG Petro бензин шохобчалари тармоғи ва Чиноз нефтни қайта ишлаш заводи хусусийлаштирилгани маълум бўлганди.

Мавзуга оид