Жаҳон | 13:18 / 25.03.2024
5783
3 дақиқада ўқилади

FT: АҚШ ва Япония ҳарбий ҳамкорлик форматини янгиламоқда

АҚШ президенти Жо Байден ва Япония бош вазири Фумио Кишида яқин орада АҚШнинг Япониядаги ҳарбий қўмондонлигини қайта тузиш режаларини эълон қилади, деб ёзади Financial Times. 

Фото: Юрий Смитюк / ТАСС

Қўшма Штатлар ва Япония 1960 йилда Ўзаро ҳамкорлик ва хавфсизлик шартномаси имзолангандан бери хавфсизлик соҳасидаги ўзаро ишлардаги энг катта ўзгаришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Financial Times газетаси 24 март, якшанба куни ёзган ҳамда бу Вашингтон ва Токионинг биргаликда Хитойга қарши мувозанат яратиш истаги фонида содир бўлаётганига ишора қилган. 

АҚШ президенти Жо Байден ва Япония бош вазири Фумио Кишида оператив режалаштириш ва машғулотларни кучайтириш мақсадида Япониядаги АҚШ ҳарбий қўмондонлигини қайта тузиш режаларини эълон қилади, деб ёзади газета вазиятдан хабардор беш кишига таяниб. Журналистларга кўра, тегишли режа 10 апрел куни Кишиданинг Вашингтонга ташрифи чоғида эълон қилинади. 

Тайван бўйича инқироз эҳтимоли фонида АҚШ-Япония ҳарбий алоқаларини мустаҳкамлаш 

«Иттифоқчилар Хитойдан тобора кучайиб бораётган таҳдидга қарши туриш учун ўзининг хавфсизлик алоқаларини мустаҳкамлашни хоҳлаяпти, бу эса ҳарбийлардан яқинроқ ҳамкорлик қилишни ва янада уйғунроқ режалаштиришни талаб қилади, айниқса Тайвандаги можаро каби инқироз ҳолатларида», дейилади хабарда. 

Таъкидланишича, Байден маъмурияти кўриб чиқаётган моделлардан бири АҚШнинг Ҳавайидаги Ҳинд-Тинч океани қўмондонлиги таркибидаги қўмондонликнинг бир қисми бўлган АҚШ Тинч океани флотига бириктириладиган янги қўшма ишчи гуруҳини яратишни назарда тутади. «Тўрт юлдузли офицер бўлган флот қўмондони Японияда ҳозиргидан кўра кўпроқ вақт ўтказади ва бу мамлакатда кучлироқ қўллаб-қувватловчи тузилмага эга бўлади. Вақт ўтиши билан АҚШ армиясининг турли элементларини ўз ичига олган ишчи гуруҳ Японияга кўчиб ўтади», — деб ёзади FT. 

Япония ва АҚШ мудофаа ва ташқи ишлар вазирлари бу режаларни кейинроқ, 2024 йил давомида муҳокама қилиши кутилмоқда. Оқ уй, Пентагон ва Ҳинд-Тинч океани флоти қўмондонлиги, Япония ҳукумати журналистларга ушбу мавзу бўйича изоҳ беришдан бош тортди. 

Мавзуга оид