Ўзбекистон | 17:53 / 28.03.2024
8593
4 дақиқада ўқилади

Давлат идораларининг коррупцияга қарши курашиш рейтинги эълон қилинди

Тоғ-кон вазирлиги, Марказий банк, Техник тартибга солиш агентлиги, “Ўзкимёсаноат” ва “Ўзбекнефтгаз” коррупцияга қарши курашиш бўйича 100 балдан 90 ва ундан юқори балл тўплади. Сурхондарё ва Андижон вилоят ҳокимликлари кетма-кет иккинчи йил “қониқарсиз” баҳо олди. Ўзэнергоинспекция, Кинематография агентлиги ва Сув хўжалиги инспекцияси 10 балл ҳам тўплай олмади.

Фото: Kun.uz

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги давлат идораларининг коррупцияга қарши курашишдаги фаолияти самарадорлиги рейтингини эълон қилди.

2023 йил натижалари бўйича 95 та давлат ташкилоти (шундан 36 таси илк марта, қолган 59 таси такроран) баҳолашдан ўтказилган бўлиб, коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлиги 0 баллдан 100 баллгача рейтингда баҳоланди.

42 та ташкилот фаолияти самарадорлиги “яхши” (81-100 балл), 38 та ташкилот “қониқарли” (55-80 балл) ва 15 та ташкилот “қониқарсиз” (55 баллдан паст) тоифаларга ажратилди.

“Натижаларининг холислигини таъминлаш мақсадида фуқаролик жамияти институтлари вакилларидан иборат бўлган Рейтинг баҳолашни мустақил амалга оширувчи экспертлар гуруҳи шакллантирилиб, улар томонидан Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг баҳолаш натижалари мустақил ва холис кўриб чиқилди ва хулосалар тақдим қилинди”, – дейилади агентлик ахборотида.

“Қониқарсиз” деб баҳоланган ташкилотларда, жумладан, қуйидагилар кузатилган:

  • ишга қабул қилиш, лавозимга тайинлаш ва харидлар жараёнида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва аниқлаш билан боғлиқ чоралар амалга оширилмаган;
  • коррупция ҳақида хабар бериш бўйича алоқа каналлари йўлга қўйилмаган;
  • ушбу йўналишдаги ҳужжатлар ижро этилмаган;
  • коррупцияга қарши курашиш тизимини жорий этишга етарлича эътибор қаратилмаган.

Масалан, Сурхондарё ва Андижон вилоят ҳокимликларининг коррупцияга қарши курашиш самарадорлиги кетма-кет икки йил давомида “қониқарсиз” баҳоланди. Андижон вилоят ҳокимлиги томонидан эса коррупцияга қарши ички назорат тузилмаси штат бирлиги ходим билан жамланмаган.

“Қониқарли” деб топилган давлат ташкилотлари фаолиятида коррупцияга қарши курашиш бўйича белгиланган чоралар амалга оширилган бўлса-да, айрим масалаларга эътиборсизлик билан қаралган, улар жумладан қуйидагилар:

  • коррупциявий хавф-хатарлар тўғри баҳоланмагани натижасида коррупцияга қарши курашиш дастурлари манзилли ишлаб чиқилмаган ва ижроси тўғри ташкил этилмаган;
  • ходимларни коррупцияга қарши ўқитиш ва уларда муросасиз муносабатни шакллантиришда етарли ишлар амалга оширилмаган;
  • белгиланган тадбирлар ижросини назорат қилиш соҳасида камчиликлар мавжуд.

“Яхши” деб топилган 42 та давлат ташкилоти фаолиятида коррупцияга қарши курашиш бўйича белгиланган чоралар тизимли равишда амалга оширилган. Жумладан:

  • коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш, натижаларига асосан манзилли чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, улар самарали амалга ошириб келинган;
  • манфаатлар тўқнашувини бошқариш, мониторинг ва назорат тадбирларини амалга ошириш, турли танловлар жараёнида коррупция омилини истисно қилиш, ходимлар ва аҳолини коррупцияга қарши муросасиз руҳда тарбиялашга оид тизимли чоралар кўрилган.

Таъкидланишича, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, Марказий банк, “Ўзкимёсаноат” АЖда биринчи раҳбарларнинг иродаси намоён қилиниб, ходимлар ва кенг жамоатчилик билан коррупцияга қарши курашишда тизимли мулоқот йўлга қўйилган.

“Баҳолаш якунлари бўйича “яхши” деб баҳоланган давлат ташкилотларининг коррупцияга қарши курашиш борасидаги ижобий тажрибаси оммалаштирилади. “Қониқарли” деб баҳоланган давлат ташкилотларига уларнинг коррупцияга қарши курашиш борасидаги фаолиятини янада яхшилаш бўйича тавсиялар киритилади.

“Қониқарсиз” деб баҳоланган давлат ташкилотларида коррупцияга қарши курашишда аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва уларнинг ушбу йўналишдаги фаолиятини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилади ва ижроси таъминлаш юзасидан тегишли раҳбарларнинг ҳисоботлари ҳар чоракда Ўзбекистон Республикасининг Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишларида эшитиб борилади”, – дейилади расмий хабарда.

Мавзуга оид