Жаҳон | 08:50 / 29.03.2024
4469
3 дақиқада ўқилади

Зеленский АҚШ Конгрессини Украинага ёрдамни маъқуллашга чақирди

Украина президенти Володимир Зеленский АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Майк Жонсон билан телефон орқали суҳбатда ҳарбий ёрдамнинг янги пакетини тезда қабул қилишга чақирди.

Украина президенти Володимир Зеленский АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Майк Жонсон билан телефон орқали мулоқот қилиб, америкалик сиёсатчини Американинг Украинага янги ҳарбий ёрдам пакетини тезда тасдиқлашга чақирди. Бу ҳақда Зеленский 28 март, пайшанба куни ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.

Зеленскийнинг сўзларига кўра, у Конгресс қуйи палатаси спикерига «жанг майдонидаги вазият, айниқса, Россия ҳаво ҳужумининг кескин кучайиши ҳақида» маълумот берган. Бундай вазиятда Конгресснинг Украина учун ёрдамни тезда қабул қилиши жуда муҳим, деди Украина президенти телефон орқали суҳбатда. 

Унинг аниқлик киритишича, биргина ўтган ҳафтада Украина шаҳарлари ва жамоалари 190 та рус ракетаси, 140 та Shahed типидаги дрон ва 700 та бошқариладиган ҳаво бомбалари билан ҳужумга учраган, бундан ташқари, Россия авиазарбаларидан сўнг Украинанинг энг йирик гидроэлектр станцияси ишдан чиққан. 

Республикачилар Украинага ёрдам беришни тўхтатмоқда 

2023 йил кузидан бери АҚШ Конгрессида 30 сентябрда якунланадиган жорий молия йилида Украинага қарийб 60 миллиард доллар (тахминан 55 миллиард евро) ҳарбий ёрдам ажратиш масаласи муҳокама қилинмоқда. Аввалроқ, 13 феврал куни АҚШ Сенати якуний овоз беришда Украина, Исроил ва Тайванга умумий қиймати 95,3 миллиард доллар (тахминан 89 миллиард евро)лик ёрдам пакетини маъқуллаган эди. 

Бироқ, ушбу ёрдам пакети АҚШнинг Мексика билан чегарасида чегара назоратини кучайтириш пакетини қабул қилиш эвазига кўпчилик ўрин республикачиларга тегишли бўлган Вакиллар палатасида овоз беришдан ўта олмайди. АҚШ президенти Жо Байден ўзининг кузги президентлик сайловларидаги потенциал рақиби Доналд Трампни Украинага ҳарбий ёрдам беришни блоклашда айблади. Трамп аввалроқ Республикачи партиядаги сафдошларини АҚШ жанубий чегарасини ҳимоя қилишда ҳеч қандай муросага бормасликка чақирган эди. 

Зеленский: Украина кучайиши керак 

Россия қўшинлари Украинага янги йирик ҳужумни май ойи охири ёки июнда бошлаши мумкин, деди Володимир Зеленский шу куни Американинг CBS News телеканалига берган интервюсида. Бу таҳдидга қарши туриш учун у «ҳозир ёрдамга муҳтожмиз», деди. 

Уруш Украина кучайгунча давом этади, деди Зеленский. «Украина ҳали у қадар кучли эмас. Бизга жанг майдонида ҳаракат қилиш имкониятини бериш керак», - дея таъкидлади у ҳамда ҳужумларга муваффақиятли қарши туриш учун Украина қуролли кучларига, биринчи навбатда, Америка Patriot мудофаа тизимлари зарурлигини қўшимча қилди. 

Иккинчидан, артиллерияда паритетга эришиш керак, айни пайтда рус қўшинлари кўпроқ ўт очиш қуроллари туфайли ҳам, уларнинг масофаси кенглиги туфайли ҳам афзалликларга эга. Ниҳоят, учинчидан, Украина узоқ масофали ракеталарга муҳтож, деди Зеленский CBS News телеканалига. 

Мавзуга оид