Фронтдаги вазият: РФ армияси Донецк областида мудофаани ёриб ўтди
Очеретино қишлоғи ҳудудида мудофаа чизиғи ёриб ўтилиши Украина қуролли кучлари учун деярли бутун Донецк областидаги мағлубият хавфини туғдиради. РФ қуролли кучлари АҚШ ёрдами фронтга етиб келмасидан каттароқ ютуққа эришишга ҳаракат қилмоқда.
Украина қуролли кучлари Авдийивка бой берилганидан кейинги икки ой ичида барибир навбатдаги барқарор мудофаа чизиғини ташкил эта олмади. Россия қўшини бир неча кун ичида Украина қуролли кучлари учун энг хавфли ҳисобланган участкада етти километр масофада олдинга силжиди ва деярли ҳеч қандай қаршиликсиз Очеретино посёлкасини эгаллади. Украин қўмондонлиги энди Авдийивка шимолидаги мудофаа икки қисмга ажратиб ташланган вазиятга тушиб қолди, бу инқирозли участкага ташлаш учун эса олдинги жангларда ҳойдан тойган биргина 47-механизациялашган бригадаси бор. Энди Донецк областининг жануби ва ғарбидаги Украина назоратида қолган бутун ҳудудлар хавф остида қолмоқда.
Авдийивка фронти
- 2022 йилда тузилган 47-бригада ғарб қуроллари билан таъминланган — жумладан Leopard-2 танклари ва Bradley жангова пиёдалар машиналари билан — унинг бўлинмалари илк бор 2023 йил июнида Запорижжя областининг Работине қишлоғида жангга кирган. Ўшанда бўлинмалар катта қурбонликлар берган, аммо барибир Россия мудофаасини ёриб ўтолмаганди.
- 2023 йил октябрида бригада шошилинч тарзда, Россия қўшини кутилмаганда ёриб кириши ортидан Авдийивка фронтининг шимолий қанотига олиб ўтилади. Бу ерда 47-бригада яна йўқотишларга учради; шу билан бирга, у РФ қуролли кучларининг юришини Авдийивка кокс кимё заводи ҳамда Степове қишлоғи ҳудудида тўхтатишга муваффақ бўлганди. Аммо феврал ойида Украина қуролли кучлари Авдийивкани ҳам, заводни ҳам ва Степовени ҳам тарк этиб, Дурная дарёси бўйидаги Бердичи ва Семеновка қишлоқларига чекинди.
- Ниҳоят, апрел ойида Россия қўшини 47-бригаданинг Бердичидаги мудофаасини шимолдан айланиб ўтди. Зарба Авдийивка — Покровск темирйўли бўйлаб берилди. РФ қуролли кучлари йўл-йўлакай Очеретино посёлкасини эгаллашди. У Украина қуролли кучлари янги мудофаа линиясини қуришга ҳаракат қилган Дурная ва Волчя дарёлари водийсидан тепаликда жойлашган.
- Шундан кейин 47-бригадага тегишли Bradley машиналарини РФ қуролли кучлари ёриб ўтган жойдан шимолда, Новокалиново қишлоғи ҳудудида ҳам, жанубда, Россия қўшини эгаллаб олган Соловево қишлоғи чеккаларида ҳам учратишган.
- Очеретинонинг ўзида охирига қадар 115-механизациялашган бригада мудофааланди. Аммо, украин манбалари қайд этишича, бригада номаълум сабабга кўра, Россия танклари ҳужум бошлаши арафасида посёлкани тарк этган. Бригада қўмондонлиги бунда айбни ўзидан соқит қилмоқда.
- Очеретино қулагач, украинларнинг мазкур ҳудуддаги мудофаасида катта тешик юзага келган: энди ягона мудофаа чизиғи йўқ, Украина қуролли кучларининг олдиндаги таянч пунктлари билан тўғридан тўғри алоқа узилган.
- Мудофаа чизиғи ёриб ўтилган ҳудудга захира кучлари олиб келиш ҳозирча самара бермади. РФ қуролли кучлари эгалланган ҳудудларни кенгайтиришга ҳаракат қилмоқда. Очеретино ва Соловеводдан ташқари, Новобахмутовка қишлоғи, Семеновка ва Бердиче қишлоқларининг катта қисми (бу қишлоқ Очеретино қулагач, қуршовга тушиш хавфи остида қолган).
- Энди Украинага Донецк областининг ғарбий ва жанубий қисмларида мағлубият таҳдид солмоқда. Агар Украина қуролли кучлари бу участкада барқарор мудофаа ташкил эта олмаса, Россия қўшини юришни Покровск ва/ёки Константиновка шаҳарлари томон ривожлантириш имкониятига эга бўлади. Очеретинодан Покровскка олиб борувчи йўл ўтган. Украина ҳарбий разведкаси раҳбари Кирилл Буданов айнан ушбу шаҳар Россия қўшинларининг шу йил баҳори ва ёзидаги асосий зарба йўналиши бўлишини айтганди. Бу вақтда РФ қўшини Константиновкага ҳам шарқдан — Бахмут томондан юриш бошлаган.
Красноҳоривка
- Очеретино атрофидаги мағлубият Украина қуролли кучларининг 115-механизациялашган бригадаси айби билан бўлган бўлса ҳам, бу украин мудофаасидаги инқирознинг объектив сабабларини бекор қилмайди. Украинада бригадаларда шахсий таркиб ҳамда артиллерия учун ўқ-дорилар етишмовчилиги ва Россия авиацияси қаршиликка учрамасдан зарбалар бера олиши шунга олиб келдики, Украина қуролли кучлари ҳатто жуда мустаҳкам позицияларини ҳам ушлаб тура олмаяпти. Хусусан, РФ қуролли кучлари Украина 2015 йилдан буён мудофаага тайёрлаб келган Красноҳоривка шаҳрининг каттагина қисмини бир неча кун ичида эгаллаб олди.
- Россия ҳарбийлари қўшни Марйинка шаҳрини деярли икки йил давомида штурм қилишига тўғри келганди. Украина қуролли кучлари Марйинка ва Красноҳоривка шаҳарлари оралиғидаги позицияларни яна бир неча ой давомида ҳимоя қилди. Энди мунтазам равишда авиазарбалар берилаётган шаҳар бир неча ҳафта ичида бой берилиши мумкин.
- Украина қуролли кучларининг мазкур участкадаги мудофааси қуласа, бу украинларнинг Донецк областидаги бутун мудофааси қулашига олиб келиши мумкин. Шунда Россия қўшини Красноҳоривка ва Марйинкадан Кураховодаги муҳим транспорт тугунига юриш қилиши мумкин бўлади, бу Украина қуролли кучларининг Вуҳледар ва унинг атрофига таъминот етказиб бериладиган нуқта ҳисобланади.
Мавзуга оид
21:53
Украина Россия билан иқтисодий урушда ғалаба қозонмоқда — The Economist
21:15
Украина бўйлаб байрам кечаси ёпирилма зарбалар йўлланди
16:21
Россиядаги КХДР ҳарбийлари: улар қандай жанг қилади ва дезертирлик қилиши мумкинми?
11:00