Жаҳон | 12:13 / 04.05.2024
3873
2 дақиқада ўқилади

Россиялик Винник АҚШда пул ювиш бўйича айбини тан олди

Айбловга кўра, Винник BTC-е криптовалюта биржасининг оператори бўлиб, у жиноий фаолиятдан маблағ олган, пул ювишга қарши кураш қоидаларини қўлламаган ва мижозлар маълумотларини йиғмаган.

Александр Винник Фото: Giorgos Zachos / ZUMAPRESS.com / Global Look Press

Россиялик Александр Винник Қўшма Штатларда пул ювиш учун тил бириктирганлик бўйича айбини тан олди. Бу ҳақда АҚШ Адлия вазирлигининг 3 май, жума куни ўз сайтида эълон қилинган хабарида айтилади

Ўз навбатида, Винник адвокати Аркадий Бухнинг РИА «Новости» агентлигига айтишича, 44 ёшли судланувчи «чекланган миқдордаги моддалар бўйича айбини тан олган». Винник умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин эди, аммо келишув унга муддатини қисқартириш имконини берди. 

Александр Винник Қўшма Штатларда 2011 ва 2017 йилларда BTC-е криптобиржаси оператори бўлган даврда пул ювишда айбланмоқда. АҚШ Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, бу вақт давомида биржадан 9 миллиард доллардан ортиқ транзакцияларни амалга оширган миллиондан ортиқ мижозлар фойдаланган. Бундан ташқари, айблов хулосасига кўра, криптобиржа жиноий фаолиятдан маблағ олган ва Винник тахминан 121 миллион доллар йўқотилгани учун бевосита жавобгар бўлган.

Винник Грецияда қўлга олинган, Францияда судланган, АҚШга экстрадиция қилинган 

Агентликнинг баёнотида BTC-е Қўшма Штатларда молиявий хизматлар компанияси сифатида рўйхатдан ўтмаганлиги, мижозни билиш ёки пул ювишга қарши кураш қоидаларини қўлламагани ва мижозлар маълумотларини тўпламагани таъкидланган. Винник шунингдек, рақамли активларни қоғозли валютага айлантириш учун сохта компанияларидан фойдаланган. 

BTC-e биржаси 2017 йилда ёпилган, ўшанда Винник Грецияда ҳибсга олинган. У дастлаб BTC-e оператори эканлигини рад этиб, шунчаки биржа ходимилигини айтди. АҚШ, Россия ва Франция расмийлари унинг экстрадициясини талаб қилган. Винник дастлаб Францияга жўнатилган, у ерда пул ювишда айбланиб, беш йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган, сўнгра Грецияга қайтариб юборилган, кейин эса АҚШга экстрадиция қилинган. 

Мавзуга оид