Зеленскийга суиқасднинг олди олингани маълум қилинди. Икки полковник ушланган
Украина хавфсизлик хизмати ўз ходимлари президент Володимир Зеленский ва мамлакатнинг бошқа юқори мартабали раҳбарларини ўлдириш режасини фош қилгани ҳақида маълумот берди. Украин махсус хизматлари суиқасдни тайёрлашда Россия ҳукуматини айблаган.
Украина хавфсизлик хизматига кўра, Зеленскийдан ташқари Украина мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси раҳбари Кирилл Буданов ҳамда Украина хавфсизлик хизмати раҳбари Василий Малюкни ўлдириш режа қилинганди.
Амалиёт доирасида президент хавфсизлигига жавобгар бўлган Украина давлат хавфсизлик бошқармасининг икки полковниги қўлга олинган.
«ФСБ разведка тармоғи вазифаларидан бири ҳарбийлар орасидан президентни қўриқлаш хизматига алоқадор бўлган ва давлат раҳбарини гаровга олиб, кейин ўлдиришга қодир бўлган ижрочиларни қидириш эди», — дея ёзади УХХ ўз телеграм-каналида.
Украина давлат қўриқлаш бошқармасининг гумондор ходимларидан бири кўрсатма бераётгани акс этган кадрларга кўра, унга бундай одамларни излаб топиш вазифаси 2022 йил феврал-март ойларида қўйилганди. Видеоёзувда бу шахс анча олдин, 2014 йилги воқеалардан кейин Россия махсус хизматлари томонидан ёлланганига иқрор бўлади.
Украина бош прокурори офиси ўз телеграм-каналида ёзишича, гумонланувчилар Украина давлат қўриқлаш бошқармасидаги хизмат чоғида «пул эвазига РФ ФСБ вакилларига Украинага қарши қўпорувчилик фаолияти амалга оширишда ихтиёрий ёрдам кўрсатишган».
Украина хавфсизлик хизмати тасдиқлашича, Будановни Пасхагача ўлдириш режалаштирилган ва суиқасд режаси қуйидагича бўлган: «аввалига ёлланган жосус қўриқланаётган одамнинг қаерларга боришини кузатиши ва душманга бу ҳақда маълумот етказиши», кейин эса «ушбу амалдор бўлиб турган уй координаталари бўйлаб ракета зарбаси берилиши» керак эди.
Бунинг ортидан зарба жойида турган одамлар устига дрон зарбаси берилиб, бунинг ортидан яна бир ракета учиб келиши лозим бўлган.
УХХ хабарида айтилишича, россияликлар агентини қуроллар билан «УГО полковниги [давлат қўриқлаш бошқармаси] таъминлаган, у Киевга FPV-дронлар, РПГ-7 учун зарядлар, шунингдек МОН-90 пиёдаларга қарши миналарни шахсан ўзи келтирган».
Махсус хизматлар гумондаги россиялик жосус билан ёзишмалар ҳамда мусодара қилинган қурол ва ўқ-дорилар акс этган фотосуратларни намойиш этган.
Россия ҳукумати ҳозирча Украина хавфсизлик хизмати даъволари юзасидан изоҳ бермаган.
«Путинга совға»
Украина хавфсизлик хизмати раҳбари Василий Малюкнинг ёзишича, махсус хизматлар амалиёти ҳақида жуда кам киши хабардор бўлган ва унинг боришини шахсан ўзи назорат қилган.
«Инаугурация арафасида совға қилиниши керак бўлган теракт ўрнига Россия махсус хизматлари муваффақиятсизликка учради. Аммо биз ёдда тутишимиз лозим — душман кучли ва тажрибали, унга паст баҳо бермаслик керак. Биз бундан кейин ҳам ҳар бир хоин ўзи лойиқ бўлган суд жазосини олиши учун фаоллик билан ишлашда давом этамиз», — деган Малюк.
Украина хавфсизлик хизмати теракт ташкиллаштиришга масъул бўлган шахсларнинг номини очиқлаган. Махсус хизматларга кўра, булар Максим Мишустин, Дмитрий Перлин ва Алексей Корнев бўлишган. УХХ уларни ФСБнинг суиқасдларни уюштириш билан шуғулланувчи 9-бошқармаси ходимлари деб атаган.
Хусусан, УХХ маълумотига кўра, Перлин 2022 йил январида Россиянинг кенг кўламли босқинига қадар ёлланган «каламушлар» куратори бўлган. Шу вақтга қадар уларга унинг ҳамкасби Алексей Корнев «ғамхўрлик» қилиб келган.
Интернетда Дмитрий Евгеневич Перлин ҳақидаги маълумотларни топиш мумкин — бундай исм-шарифли одам Россия Замонавий дипломатияни ривожлантириш фонди вице-президенти ҳисобланади. У Россия нашрларига Украина билан боғлиқ масалаларда интервюлар берган, ўтмишда эса Виктор Медведчукнинг сафдоши бўлган ҳамда Донбассдаги можарони барқарорлаштириш бўйича уч томонлама контакт гуруҳида иштирок этган.
Гап айнан битта одам ҳақида бораётгани аниқ эмас. Аммо Перлиннинг УХХ томонидан намойиш этилган фотосурати Замонавий дипломатияни ривожлантириш фонди сайтида жойлаштирилган худди шундай исм-шарифли одамнинг суратига ўхшайди.
Украина хавфсизлик хизмати хабар беришича, Россия босқинидан олдинроқ Корнев «Европадаги қўшни давлатлар» ҳудудларида Украина давлат қўриқлаш бошқармасининг ёлланган полковниклари билан бир қатор махфий учрашувлар ўтказган. Шунингдек, хориждаги жосуслар учун маблағлар юбориб турилган.
Давлат қўриқлаш бошқармасининг ҳибсга олинган полковниклари исми ошкор қилинмаяпти. Шу билан бирга, РБК-Украина нашри махсус хизматлардаги манбаларга таяниб, қўлга олинганлардан бири - Андрей Гук эканини ёзган, у бошқарма бўлимларидан бирини бошқарган.
Аввалроқ Украина мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси бошлиғи Буданов унга қарши ўнга яқин суиқасдлар тайёрлангани, хусусан, 2023 йил охирида унинг рафиқаси заҳарлангани ҳақида айтиб берганди.
Яқинда Буданов BBC билан интервюда унга ҳозир ҳам суиқасд режалаштирилаётгани, аммо ташкилотчилар ҳеч нарсага эриша олмаслигини айтганди.
Мавзуга оид
21:42 / 23.12.2024
WP: Украина ҳукумати уруш 2025 йилда тугашига ишонмоқда
18:44 / 21.12.2024
Зеленский бир қатор украиналик дипломатларни ишдан олди
07:55 / 20.12.2024
Зеленский Путиннинг «Орешник» билан «дуэл» ҳақидаги сўзларини танқид қилди
13:55 / 18.12.2024