Жаҳон | 11:30 / 04.06.2024
6912
4 дақиқада ўқилади

АҚШда Байденнинг ўғлига қарши биринчи суд жараёни бошланди

Хантер Байден ноқонуний қурол сақлашда айбланмоқда ва агар айбдор деб топилса, 25 йилгача қамоқ жазоси берилиши мумкин. Кичик Байденга қарши яна бир суд жараёни сентябр ойида бўлиб ўтади.

Фото: Kent Nishimura / Getty Images

АҚШнинг Делавэр штатида президент Жо Байденнинг ўғлига қарши биринчи суд жараёни бошланди. 3 июн, душанба куни 54 ёшли Хантер Байден Уилмингтон судида ноқонуний қурол сақлашда айбланиб, учта айблов илгари сурилди. Агар айбдор деб топилса, у 25 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Суднинг биринчи кунида 12 нафар судяни танлаш бошланди. Хантер Байден суд мажлисида рафиқаси ва ўгай онаси, АҚШнинг биринчи хоними Жилл Байден ҳамроҳлигида қатнашди. Суд жараёни бир ҳафтадан икки ҳафтагача давом этиши кутилмоқда. 

Суд жараёни бошланишидан олдин берган ёзма баёнотида Жо Байден суд ҳақида изоҳ беришни истамаслигини, лекин «ўғлига чексиз муҳаббат» борлигини, унга ишонишини ва ҳурмат қилишини айтди. 

Хантер Байденга қўйилган айбловларнинг моҳияти 

Собиқ адвокат, лоббичи ва бизнесмен Хантер Байден 2018 йилда Colt Cobra 38 револверини сотиб олиш учун бланкаларни тўлдираётганда гиёҳванд моддаларни истеъмол қилмаслик ҳақида ёлғон гапирганликда айбланмоқда. Бундан ташқари, ўша йилнинг октябр ойида у гиёҳвандлик ҳолатида 11 кун давомида қурол сақлаган. Умуман олганда, бу ҳолатда Хантер Байден 25 йилгача қамоқ жазоси, шунингдек, 750 минг доллар жаримага тортилиши мумкин. 

Кичкина Байденнинг адвокати Эбби Лоуэлл айбловни сиёсий мотивли деб атади. «11 кун давомида ўқсиз қуролга эга бўлган Хантер Байден жамоат хавфсизлигига таҳдид солмади, аммо сиёсий босимга берилиб кетган прокурор адлия тизимимизга жиддий таҳдид солади», деди адвокат. 

АҚШ тарихида амалдаги президентнинг ўғлига қарши биринчи суд жараёни

Бу Қўшма Штатлар тарихида амалдаги президентнинг ўғли ёки қизига қарши биринчи суд жараёнидир. Ундан ноябр ойидаги сайловларда Байденнинг эҳтимолий рақиби бўлган АҚШ собиқ президенти Доналд Трамп фойдаланиши мумкин. Бундан ташқари, Хантер Байден солиқ тўлашдан бўйин товлаганликда айбланиб, сентябр ойида Калифорнияда бошланадиган суд жараёнига дуч келади. 

Хантер Байденга нисбатан тергов 2018 йилдан бери давом этмоқда. 2023 йилда у солиқ тўлашдан бўйин товлаганлик ва ноқонуний қурол сақлаш айбини тан олишга рози бўлган. Судгача бўлган келишув унга ҳақиқий жазодан қочишга ёрдам бериши керак эди. Ўша йилнинг июл ойида округ суди судяси Мэриэллен Норейка тегишли ҳужжатни имзолашдан бош тортгани учун келишув бузилганлиги маълум бўлди. Суд битимда «ностандарт шартлар» мавжуд деб ҳисоблади ва Байденга тергов давом этаётган эпизодларда иммунитет бериши мумкин. Келишув бузилганидан сўнг, Хантер Байден ўз айбини тан олишдан воз кечди. 

Трампга айблов ҳукми 

Шу билан бирга, 31 май куни Ню-Йоркдаги ҳакамлар ҳайъати АҚШ тарихида биринчи марта собиқ президент Доналд Трампга нисбатан жиноий иш бўйича айблов ҳукми чиқарди. У собиқ актриса Сторми Дэниэлсга Трампнинг 2016 йилги қайта сайланиш кампаниясига таҳдид солгани учун амалга оширилган тўловни яширишда бизнес ёзувларини сохталаштиришда айбдор деб топилди. Трамп барча 34 та банд бўйича айбдор деб топилди. Ёзувларни қалбакилаштириш бўйича 34 та ҳолатнинг ҳар бири тўрт йилгача - жами 136 йилга озодликдан маҳрум этишни назарда тутади. Жазони судя Хуан Мерчан 11 июл куни бўлиб ўтадиган махсус суд мажлисида белгилайди. 

Суд жараёни қандай якунланишидан қатъи назар, Трамп президентликка номзодини қўйиши мумкин. АҚШ Конституциясида давлат раҳбари лавозимига номзод учун фақат учта талаб мавжуд: у камида 35 ёшда бўлиши, АҚШда туғилган ва у ерда камида 14 йил яшаган бўлиши керак.

Мавзуга оид