Жаҳон | 10:48 / 22.07.2024
12166
17 дақиқада ўқилади

Якунланмаган пойга: Байденнинг сайловдан чиқишидаги воқеалар занжири

Амалдаги президент ва яқинда Демократик партиянинг ягона ва муқобили йўқ бўлган номзоди қандай қилиб пойгани тарк этди?

Фото: Mandel Ngan / AFP / Scanpix / LETA

Жо Байден АҚШ президентлиги учун сайловларни тарк этишини маълум қилди. Бу кутилмаган қарор эмасди: сўнгги ҳафталарда тобора кўпроқ нуфузли демократлар очиқчасига партиядан 81 ёшли сиёсатчининг номзоди президентликка кўрсатилиши тўғри бўлишига шубҳа қила бошлаганди.

Июн ойи охирида у Доналд Трампга қарши дебатларни муваффақиятсиз ўтказганди — ва сўровлар республикачилар устунлиги ошганини кўрсатганди. Июл ойи бошидан демократ сиёсатчилар қатъий равишда Байденни пойгадан чиқишга чақира бошлашди — аввалига ўзаро суҳбатларда, кейин эса омма олдидаги чиқишларида. Қуйида сўнгги ҳафталар давомида президентга босим қандай кучайиб боргани ва нуфузли партиядошлардан кимлар уни сайловда иштирок этишдан воз кечишга ундаганини эслаб ўтилади.

27 ИЮН

CNN телеканалида мазкур сайловолди кампаниясида Жо Байден ва Доналд Трамп ўртасидаги илк дебат ўтказилди. Байденнинг чиқиши муваффақиятсиз бўлди, у кўпинча гапидан чалғиб кетди ва жавоб беришда чалкашди. Томошабинларнинг 67 фоизи дебатларда Трамп ғолиб чиққан деб ҳисоблашини билдирди, фақат 33 фоизи устунликни Байденга берди. Демократлар орасида ваҳима кўтарилди, партия етакчилари эса номзодни алмаштириш тўғрисида жиддий ўйлай бошлашди.

28 ИЮН

Жанубий Каролинадаги митингда Байден дебатлар ўзи учун муваффақиятсиз кечганини тан олди. Аммо кампаниядаги иштирокини давом эттиришини билдирди:

Мен энди олдингидек енгил юра олмаяпман. Мен энди олдингидек бир текис гапира олмаяпман. Мен олдингидек яхши дебат қила олмаяпман, аммо… мен ҳақиқатни қандай айтишни биламан. Мен эзгулик ва ёвузликни фарқлайман ва мен бу ишни қандай қилишни биламан. Мен миллионлаб америкаликлар билганидек, оёғингдан чалишганида яна қандай кўтарилиш кераклигини биламан.

Журналистлар демократларнинг Байден бошқа номзодга жой бўшатиб бериши лозимлиги ҳақидаги аноним баёнотларини эълон қила бошлади. The New York Times газетасида «Ўз мамлакатига хизмат қилиш учун, президент Байден пойгадан чиқиши керак» сарлавҳаси остида таҳририят номидан мақола эълон қилинди. Унда журналистлар демократлар Байденни номзод сифатида танлаб, Трампнинг Оқ уйга қайтиши масаласида таваккалчилик қила олмаслигини айтишганди. The Economist, Chicago Tribune, Washington Post ва The Wall Street Journal нашрлари таҳририятлари ҳам Байденни иккинчи муддатга номзодини илгари суриш қарорини қайта кўриб чиқишга чақиришди.

29 ИЮН

Партиянинг 150 нафар ҳомийси қаршисида чиқиш қилган Байден пойгада қолишни ваъда қилди. Axios журналистлари сўнгги ойларда президент тез чарчаб қолаётгани, айниқса хорижга сафарлар уни қийнаб қўяётганини аниқлашди. Байден кунига атиги олти соат, соат 10 дан соат 16 гача ишлаши мумкин — унинг иштирокидаги тадбирлар айнан шу вақтлар оралиғига белгиланган. Трамп билан дебатлар эса соат 21:00 да бошланганди.

30 ИЮН

Айовалик собиқ сенатор Том Ҳаркин ва Демократик миллий қўмитанинг собиқ вице-раиси Реймонд Рибак Байденни иккинчи муддат учун сайловга бормасликка чақиришди. Бу демократ сиёсатчилар томонидан Байденга қарши илк очиқчасига юриш бўлганди. Бу вақтда сўровлардан бирига кўра, демократ сайловчиларнинг 45 фоизи партиядан бошқа номзод президентликка илгари сурилишини истаётганини кўрсатаётганди.

The New York Times хабарига кўра, президентнинг рафиқаси Жилл, ўғли Ҳантер ва атрофидаги бошқа сиёсатчилар уни курашишда давом этишга ва сайловдан чиқиш борасидаги чақириқларга қулоқ солмасликка ундашган. Шунингдек, Вакиллар палатасидаги демократлар етакчиси Ҳаким Жеффрис, сенаторлар Крис Кунс ва Рафаэль Уорнок ҳамда Аризона штати губернатори Кэти Ҳоббс Байденни қўллаб-қувватлашган.

2 ИЮЛ

Техаслик конгрессмен Ллойд Доггетт Байденни президентлик пойгасини тарк этишга очиқчасига чақирган Вакиллар палатасидаги илк демократ бўлди: «Умид қиламанки, у кетиш ҳақида оғриқли ва қийин қарорни қабул қилади. Мен унга ҳурмат сақлаган ҳолда уни бу ишни қилишга чақираман». Доггеттнинг чақириғига Барак Обама маъмуриятида шаҳарсозлик вазири бўлган Хоакин Кастро ва ёзувчи, демократларнинг президентлик праймеризларида икки бор Байденга рақиблик қилган Марианна Уилямсон қўшилди. Бир қанча демократ конгрессменлар Байденнинг сайловда ғалаба қозониш имкониятлари савол остига қўйишди, Вакиллар палатасининг собиқ спикери Нэнси Пелоси эса Байденнинг саломатлиги бўйича савол — «легитим савол» эканини айтди.

The New York Times Оқ уй ходимларининг сўзларига асосланиб, Байденнинг ҳолати сўнгги ойларда ёмонлашиб борганини хабар қилди: у борган сари суҳбатларда гапини йўқотиб қўяверган ва омма қаршисидаги тадбирларда ҳам, ёпиқ эшиклар ортидаги учрашувларда ҳам диққатини жамлашда муаммога учраган. Ижтимоий тармоқларда демократик ташкилот ўтказган сўров натижалари пайдо бўлди, унда Байден Трампга нафақат иккиланувчи штатларда, балки сўнгги вақтларда демократлар учун овоз бериб келган Виржиния ва Ню Мехико штатларида ҳам ютқазаётгани кўрсатилган.

3 ИЮЛ

Яна бир демократ конгрессмен — аризоналик Раул Гриҳалва Байденни пойгадан чиқишга чақирди. Байденнинг сайлов кампанияси ҳомийлари ҳам президентга босим ўтказа бошлади: бири унинг саломатлигидан хавотир билдирса, бошқаси хайрия қилинган маблағларни қайтаришни талаб қилди, яна учинчи тоифа пулларини фақат Конгрессдаги сайловларга сарфлашини ваъда қилди. Оқ уйдаги аноним манбага кўра, Байден агар партиядошлари ва сайловчиларни Трампни енга олишига ишонтира олмаса, пойгадан чиқишига тўғри келишини тушуна бошлаган.

Тунда Байден 24 нафар демократ губернаторлар билан учрашган. Ҳавайи ороллари раҳбари Жош Грин тўғридан тўғри Байдендан саломатлигида муаммо бор ёки йўқлиги ҳақида сўраган. Бунга жавобан президент дебатлардан олдин шифокор кўригида бўлганини айтган ва «бу ҳали ҳам менинг миям» деган иборани ишлатиб ҳазиллашган. Ню Мехико ва Мэн штатлари губернаторлари Мишел Гришэм ва Жанет Миллс Байден ўз штатларида ютқазиши мумкинлигини айтган. Учрашув иштирокчиларидан ҳеч бири Байденни сайловда иштирок этишдан бош тортишга чақирмаган.

4 ИЮЛ

Мустақиллик куни муносабати билан уюштирилган тадбирда ҳам Байден «ҳеч қаерга кетмаслиги»ни такрорлади. Массачусетслик демократ конгрессмен Сет Молтон президентни «бир четга ўтиш» ва бошқа етакчига йўл беришга чақирди. Демократик партия ҳомийлари гуруҳи муқобил номзод, масалан вице-президент Камала Ҳарриснинг сайлов кампанияси учун 100 миллион доллар ажратишни режалаштиришди.

5 ИЮЛ

Президент Байден ABC телеканали мухбири Жорж Стефанопулосга дебатлардан кейинги илк телеинтервюсини берди. Бундан ўз саломатлиги борасидаги шубҳаларни тарқатиш ва партия ичкарисидаги мухолифларнинг овозини ўчириш мақсад қилинганди, аммо бу уриниш ҳам муваффақиятсиз чиқди. Байден дебатлардаги чиқиши ёмон бўлганини тан олди, аммо бунинг барчасини яқинда шамоллагани ва сайлов кампанияси вақтида жуда кўп тадбирларда қатнашганига боғлади. Президент унинг рейтинги пастлиги ва Трампдан ортда қолаётганини кўрсатаётган сўровларга ишонмаслигини айтди. У пойгадан чиқиши эҳтимоли борасидаги саволга анча кескин жавоб қайтариб, уни номзодини олишга «фақат Худо мажбур қила олиши»ни билдирди. Аммо унинг ишончсиз нутқи ва когнитив тест топширишдан бош тортиши унинг партиясидаги хавотирларни янада кучайтирди.

Интервюдан кейин ҳисоб бўйича тўртинчи демократ конгрессмен Майк Квингли ҳам Байденни сайлов пойгасини тарк этишга чақирди: «Жаноб президент, сиз аллақачон ўз меросингизга эгасиз… Сиз ҳозирда қилишингиз мумкин бўлган ягона иш, уни абадийга мустаҳкамлаш ва тўлиқ ҳалокатга учрашнинг олдини олишдир — бу истеъфога чиқиш ва бошқа кимгадир бу ишни қилишга имкон беришдир». Шундай чақириқ акс этган мактуб либералларнинг Leadership Now Project нотижорат ташкилоти томонидан ҳам эълон қилинди; уни жамоат арбоблари ва йирик бизнес вакиллари бўлган 168 киши имзолаган.

6 ИЮЛ

Демократик партиянинг Ҳолливуддаги ҳомийлари, жумладан Netflix асосчиларидан бири Рид Ҳастингс Байденни қўллаш ва унинг сайлов кампаниясини молиялаштиришдан бош тортди. Миннесотадан бўлган конгрессвумен, иккиланувчи округ вакили Энжи Крейг ҳам Байден ўз номзодини қайтариб олиши лозимлигини айтди. Машҳурлигини йўқотаётгани президентга қайта сайланишга халал бериши ойдинлашаётганди.

7 ИЮЛ

Вакиллар палатасидаги демократлар етакчиси Ҳаким Жеффрис тегишли қўмиталардаги нуфузли демократлар билан ушбу масалада қўнғироқлашди, улардан тўрт нафари Байден пойгадан чиқиши керак деб ҳисоблаши маълум бўлди.

8 ИЮЛ

Янги интервюсида Байден ўз номзодини қўллашдан бош тортган партиядошларини танқид қилди. У Конгрессдаги демократларга мактуб йўллаб, партия праймеризида кўпчиликнинг овозини қўлга киритгани — ва фақат у Трампни енга олиши мумкинлигини баён этди. Бунга жавобан палатанинг қуролли кучлар бўйича қўмитасидаги нуфузли демократ конгрессмен Адам Смит уни пойгадан чиқишга чақирди.

The New York Times газетасида таҳририят номидан навбатдаги мақола эълон қилинди, унда демократлардан Байденни номзодини қайтариб олишга мажбур қилиш учун босимни кучайтириш талаб этилганди.

9 ИЮЛ

Вашингтонда НАТО ташкил этилганининг 75 йиллигига бағишланган саммит бошланди. Бу вақтга келиб Байден номзодига очиқчасига қарши чиққан демократ конгрессменлар сони етти нафарга етди — улар сафига Ню Жерсидан сайланган конгрессвумен Мики Шерилл ҳам қўшилди.

10 ИЮЛ

Актёр Жорж Клуни The New York Times нашридаги колонкасида Байденни президент сифатида қўллашини, аммо энди у иккинчи муддатга сайлана олмаслигини билдирди. Шу куни навбатдаги конгрессменлар Пэт Райан, Эрл Блюменауэр ва Антони Делгадо ҳам Байденни пойгадан чиқишга чақиришди, Вермонтдан сайланган Питер Уэлш эса президентга қарши чиқиш қилган илк сенаторга айланди. Демократларнинг Сенатдаги етакчиси Чак Шумер ҳам ўзаро суҳбатларда Байденнинг ўрнига бошқа номзод кўрсатилишига тайёр эканини билдиргани маълум бўлди.

Шу кунларда Байден Нэнси Пелоси билан қўнғироқлашди, кейин эса демократларнинг Конгрессдаги етакчилари Ҳаким Жеффрис ва Чак Шумер билан алоҳида учрашувлар ўтказди. Уларнинг учаласи ҳам турли шаклларда президентга у сайловда ғалаба қозона олмаслиги, ўз рейтинги билан бошқа демократларни ҳам пастга тортаётгани ва сайловолди пойгасидан чиқиши лозимлигини айтишган.

11 ИЮЛ

НАТО саммити ёпилишида Байден Украина президенти Володимир Зеленскийни Владимир Путин билан адаштириб юборди, матбуот анжуманида эса Камала Ҳаррис ўрнига Доналд Трампни ўз вице-президенти деб айтди.

Шундан кўп ўтмай саккиз нафар демократ конгрессмен Байдендан сайловда иштирок режасидан воз кечишни талаб қилди, конгрессвумен Мари Глюссенкамп-Перес эса уни президентлик лавозимидан ҳам истеъфога чиқишга чақирди. CNN телеканали хабарига кўра, Нэнси Пелоси ва Барак Обама ҳам Байден Трампни енга олмаслигига амин бўлишган. Президент демократларнинг Вакиллар палатасидаги фракцияси етакчиси Ҳаким Жеффрис билан яна бир бор учрашган — у агар Байден номзод бўлиб қоладиган бўлса, партия Конгрессдаги сайловда ютқазиши мумкинлигини айтган.

12 ИЮЛ

Детройтдаги митингда Байден «ўз сайловчиларини тарк этмаслиги» ва пойгада қолишини ваъда қилган. Бунга жавобан йиғилганлар «Кетма» ва «Биз сен биланмиз» дея ҳайқиришган.

Конгрессда Байденни иккинчи муддатга бормасликка чақирувчи демократлар сони йигирма нафардан ошиб кетди. Конгрессмен Марк Левин лотинамерикалик демократлар фракцияси йиғилишида Байденни ҳозирнинг ўзида номзодини қайтариб олишга чақирди. Партия ҳомийларининг йирик гуруҳи Байден номзод бўлиб қолгунича, 90 миллион долларлик хайрия маблағини ўтказмай туришини билдирди.

13 ИЮЛ

Кундузи Байден мўътадил демократларнинг New Democrat Coalition фракцияси аъзоларини олдига чақирди. Уна иштирок этганлардан бирининг сўзларига кўра, мулоқот «даҳшатли» ўтган. «Бу бутунлай фалокатли эди. Биз дебатдаги Жо Байденга гувоҳ бўлдик», — деган учрашувда бўлган конгрессменлардан бири. Президент олдига Сенатдаги демократлар етакчиси Чак Шумер борган: у партиядошларнинг кўпчилиги Байденнинг ғалабасига ишонмаётганини айтган.

Ўша куни кечга яқин Пенсилваниядаги митинг чоғида Доналд Трампга суиқасд уюштирилди. Байден дарҳол отишмани қоралади ва рақибини қўллаб-қувватлади. Демократ конгрессменларнинг айримлари эса Байденни сайловдан чиқишга чақириқларини кейинга қолдиришди.

17 ИЮЛ

Разведка бўйича қўмитанинг собиқ раҳбари, конгрессмен Адам Шифф Трампга суиқасддан кейинги даврда Байденни номзодини қайтариб олишга чақирган илк демократ бўлди, нуфузли демократ конгрессменлардан бири Жейми Раскин эса президентга мактуб йўллаб, унда уни фаолияти тугаётган бейсболчига ўхшатди.

Президент ўз кампанияси маслаҳатчиси Жеффри Каценберг билан учрашди, у эса ҳомийларнинг сабри тугаётгани ва тез орада штаб молиявий ёрдамдан маҳрум бўлиши мумкинлигини айтди. Бу вақтда эса Илон Маск ҳар ойда Доналд Трамп кампанияси учун 45 миллион доллардан маблағ ажратишини маълум қилди.

AP/NORC сўровларида барча респондентларнинг 70 фоизи ҳамда демократларнинг 65 фоизи Байден сайловдан чиқиши ва партияга бошқа номзод танлашга имкон бериши кераклигини айтишган.

Бир ҳафта олдин Байден Пелоси, Шумер ва Жеффрис билан суҳбатлашгани ҳақида маълумот пайдо бўлди. Катта эҳтимол билан, улар ўзларини қониқтирадиган жавобни кутишмаган ва маълумотни журналистларга сиздиришган.

Байден интервюда агар ўзининг саломатлигида жиддий муаммо аниқланадиган бўлса, сайловда иштирок этиш қарорини қайта кўриб чиқишга тайёрлигини маълум қилди. Шу куни Оқ уй Байденга коронавирусга чалиниш ташхиси қўйилганини маълум қилди.

18 ИЮЛ

Байден эски интервюсида мудофаа вазири Ллойд Остиннинг исмини ёддан чиқариб қўйгани акс этган видеопарча кенг тарқалди. Скептиклар гуруҳига демократлар орасида ҳаддан ташқари катта обрўга эга собиқ президент Барак Обама ҳам қўшилиб, Байденнинг ғалаба учун имкониятлари паст эканини айтди.

Яна икки демократ конгрессмен, шунингдек монтаналик сенатор, ноябрдаги сайловда республикачилар устун бўлган штатда қайта сайланиши керак бўлган Жон Тестер ҳам Байденга қарши чиқишди. Нэнси Пелоси партиядошлар билан ўзаро суҳбатларда Байден тез орада ўз номзодини қайтариб олиши мумкинлигини айтди. The New York Times президентнинг атрофидагиларга асосланган ҳолда у пойгадан чиқиш заруратини тан олишга тайёрлигини айтгани ҳақида хабар берди. Оқ уйдагилар эса буни рад этди.

19 ИЮЛ

Байден пойгадан чиқиши зарурлигини яна тўққиз конгрессмен, Ню Мехико ва Оҳайодан сайланган сенаторлар Мартин Ҳайнрик ва Шеррод Браун (жами 37 қонунчи) ҳамда партиянинг йирик ҳомийси Майкл Мориц айтиб чиқишди. Президент оиласи аъзолари эса илк бор унинг номзодини қайтариб олиши қандай кўринишда бўлишини муҳокама қилишга киришди.

Журналистлар Камала Ҳарриснинг эҳтимолий шеригини ҳам тахмин қила бошлади — агар у президентликка номзодга айланса, у ўзига вице-президент танлаши керак бўлади. Аризоналик сенатор Марк Келли, Пенсилвания губернатори Жош Шапиро, Кентукки ва Шимолий Каролина раҳбарлари — Энди Бешар ва Рой Купер номлари энг кўп тилга олинди.

20 ИЮЛ

Доналд Трамп демократлар ҳатто ўз номзодлари кимлигини ҳам билмаслигини айтиб, пичинг қилди.

The New York Times ўз манбасига таянган ҳолда, Байден ўзини иттифоқчилар томонидан «ташлаб кетилган»дек ҳис қилаётгани ҳақида ёзди. У партия ичидаги исён ортида Нэнси Пелоси ва Барак Обама турганини тахмин қилган, улардан иккинчисининг президентлиги даврида Байден вице-президент бўлганди. Президентни Билл ва Ҳиллари Клинтон қўллашда давом этган; улар ҳомийлардан Байденга қарши чиқмасликни сўрашган.

CBS News телеканали президент тез орада пойгани тарк этиши ҳақидаги миш-мишлар кўпайганидан асабийлаша бошлаганини хабар қилди. Байдендан ҳисоб бўйича 38- демократ конгрессмен номзодини қайтариб олишни сўради. Бу Калифорниядан сайланган конгрессмен Марк Такано эди, у 7 июл куни демократлар етакчиси Жеффрис билан телефон мулоқоти чоғида ҳам шундай фикрда эканини билдирганди.

21 ИЮЛ

Оқ уй Жо Байденнинг баёнотини эълон қилди: президент партия ва мамлакат манфаатлари учун президентлик сайловларидан номзодини қайтариб олишини эълон қилди. У демократлар партиясидан Камала Ҳаррис янги номзод бўлишини таклиф қилди.

Мавзуга оид