Жаҳон | 22:01 / 25.07.2024
16702
7 дақиқада ўқилади

Нетаняҳу АҚШ Конгрессида чиқиш қилди

У Эронга қарши бирлашишга чақирди, аммо Ҳамас билан сулҳ тўғрисида деярли ҳеч нарса демади. Ўнлаб демократ конгрессменлар унинг нутқини бойкот қилди, Вашингтонда минглаб кишилар унинг ташрифига қарши намойишга чиқди.

Фото: Reuters

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу чоршанба куни АҚШ Конгрессида чиқиш қилиб, Эронга қарши глобал алянс тузишга чақирди ва Вашингтонда Ғазодаги урушга қарши намойиш қилаётган фаластинпараст фаолларни кескин танқид қилди.

«Биз Эрон билан курашаётганимизда АҚШнинг энг радикал ва қонхўр душманига қарши курашаётган бўламиз, — деди Нетаняҳу бир соатдан ортиқроқ вақт давом этган нутқи давомида. — Бизнинг курашимиз — бу сизнинг курашингиз ва бизнинг ғалабамиз сизнинг ҳам ғалабангиз бўлади».

«Исроил билан иноқ бўлган барча мамлакатлар ва Исроил билан ярашган барча мамлакатлар ушбу алянсга қўшилишга таклиф қилиниши керак».

Нетаняҳу Исроил манзилига қаратилган танқидларни рад этиб, Ғазодаги урушни ўз мамлакатининг омон қолиш учун кураши сифатида тақдим этган ва АҚШдан ҳарбий ёрдамни тезлаштиришни талаб қилган.

У Британия бош вазири Уинстон Черчиллнинг Иккинчи жаҳон уруши вақтида Америка халқига қилган мурожаатидан иқтибос келтириб, шундай деган: «Бизга имконият беринг ва биз ишни тугаллаймиз».

Урушдан кейинги Ғазо секторидаги вазият бўйича қарашларини баён қиларкан, у исроиллик ҳарбийлар назорати остидаги «демилитаризация ва дерадикализация қилинган» анклав яратишга чақирган.

«Ғазода Исроилни йўқ қилишга интилмайдиган фаластинликлар томонидан бошқариладиган фуқаролик маъмурияти бўлиши керак. Бу жуда катта илтимос эмас», — деган у.

«Америка ва Исроил бирлашиши лозим. Биз бирга бўлганимизда, оддий иш содир бўлади: биз ғалаба қиламиз, улар ютқазади», — дея унинг сўзларини келтиради Associated Press. У Исроил Ҳамаснинг ҳарбий салоҳиятини ва унинг Ғазодаги ҳокимиятини йўқ қилмагунича, шунингдек, гаровдагиларнинг барчаси қайтарилмагунича курашишда давом этишини айтган. Унинг фикрича, фақат шуни «тўлиқ ғалаба» дейиш мумкин. 

Вакиллар палатаси залида Ҳамас асирлигидан озод этилганлар, шунингдек, ҳамон асирликда қолаётганларнинг оила аъзолари ҳам ўтиришган. AP агентлиги қайд этишича, улардан камида беш нафари урушни тўхтатиш ва асирларни қайтариш талаб қилинган шиорлар ёзилган футболкаларда бўлишган. Конгресснинг келиб чиқишига кўра фаластинлик бўлган ягона аъзоси Рашида Тлаиб Нетаняҳунинг нутқи вақтида «Ҳарбий жиноятчи» ва «Геноцидда айбдор» ёзувлари туширилган табличкаларни кўтариб турган. 

Нетаняҳунинг нутқига Вашингтондаги намойиш ҳамроҳлик қилди. The Guardian хабарига кўра, Капитолий тепалиги атрофида исроилликлар бош вазирига қарши минглаб кишилар тўпланган. Бундан олдинроқ полиция Вашингтон марказидаги кўчаларнинг бир қисмини транспортлар ҳаракати учун ёпган, Ню Йорк полиция бошқармасидан оммавий намойишларга қарши курашиш тажрибасига эга бўлган ходимлар чақирилган. 

Намойишчилар Исроил бош вазири «ҳарбий жиноятчи» деб аталган плакатлар кўтаришган. Полициядагилар кейинроқ Капитолий биносида Нетаняҳунинг чиқишини бузишга уринган беш киши ушланганини хабар қилди. Бундан ташқари, акция иштирокчилари Исроил бош вазирининг бошидан шох ўсиб чиққан ва оғзидан қон оқиб турган улкан тулумини олиб келишган. 

Исроил бош вазири Теҳронни АҚШдаги намойишларни молиялаштириш ва рағбатлантиришда айблаган, худди шу вақтда Капитолий тепалигида акция уюштирган Ғазодаги тинчлик учун ҳаракат фаолларини эса «Эроннинг фойдали аҳмоқлари» деб атаган.

«Ноўрин ташриф»

Исроил бош вазирининг чиқиши вақтидаги қизғин қарсакбозлик залда камида 39 нафар конгрессмен (уларнинг деярли барчаси демократлар) йўқлиги фактини яшира олмади.

Улардан бири Вакиллар палатаси собиқ спикери Нэнси Пелоси бўлиб, у «жаноб Нетаняҳунинг ташрифи ўринсиз»лигини айтган.

«Кўпчилигимиз Ҳамаснинг 7 октябр кунги террорчилик ҳужуми ва одам ўғирлашидан жабрланган исроилликлар тингладик, — дея ёзган у X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида Нетаняҳунинг чиқишидан кейин. — Бу оилалар гаровдагиларни уйга қайтаришга имкон берадиган ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишув имзоланишини талаб қилишмоқда ва биз умид қиламизки, бош вазир ўз вақтини ушбу мақсадга эришишга сарфлайди».

BBC’нинг Қуддусдаги мухбири Пол Адамснинг қайд этишича, Нетаняҳунинг нутқида Ғазода гаровда ушлаб турилганларни ўт очишни тўхтатиш эвазига озод этиш бўйича музокаралар деярли тилга олинмаган.

Шу билан бирга, АҚШ президенти Жо Байден Ғазода тинчлик келишувига эришиш борасида оптимистик қарашни сақлаб қолмоқда, деган брифингда Оқ уй матбуот котиби Карин Жан-Пиер.

Reuters агентлиги юқори мартабали америкалик мулозимга таяниб ёзишича, бу келишув бўйича музокаралар якуний босқичда; Байден ва Нетаняҳу пайшанба куни «қолган пробелларни муҳокама қилади».

Унинг сўзларига кўра, қолган тўсиқларни ҳал қилиш мумкин ва кейинги ҳафта мобайнида Исроил ва Ҳамас ўртасида келишувга эришишга қаратилган навбатдаги учрашувлар бўлиб ўтади.

Пайшанба куни Нетаняҳу Жо Байден ва Камала Ҳаррис билан учрашади, жума куни Доналд Трамп билан учрашиш учун Флоридага йўл олади.

Номия Иқбол, BBC’нинг Шимолий Америкадаги мухбири

Нетаняҳу бир соатдан ортиқ вақт давомида Исроил манзилига қаратилган танқидларни тўхтатишга ва Ғазодаги урушни унинг мамлакатининг омон қолиш учун кураши сифатида тақдим этишга уринди.

Унинг нутқи АҚШнинг қўлловини сақлаб қолишга уриниш бўлди.

Президент Байден залда йўқ эди. Уларнинг муносабатлари кескинлашганди, аммо Нетаняҳу унга ёрдам учун миннатдорчилик билдирган.

Байденнинг Демократик партиясида бўлиниш юзага келган — Ғазода ўлдирилган фаластинликлар сонидан дарғазаб бўлган ўнлаб конгрессменлар нутқни бойкот қилганди.

Улар шунингдек Нетаняҳуни у АҚШдан Исроилдаги паст рейтингини ҳаспўшлаш учун таянч сифатида фойдаланишда айблашади.

Нетаняҳу икки мамлакат муаммоларини ҳал қилиш жараёни ҳақида ҳеч нарса демади, ҳолбуки Байден ҳам, демократларнинг президентликка номзоди бўлиши кутилаётган вице-президент Камала Ҳаррис ҳам шуни истайди.

Доналд Трамп Оқ уйга қайтиши мумкинлигини ҳисобга олган ҳолда Нетаняҳу Трампга Америка элчихонасини Қуддусга кўчиргани учун миннатдорчилик ҳам билдирди.

Мавзуга оид