Нетаняҳу АҚШга Эронга қарши ҳарбий иттифоқ тузишни таклиф қилди
Бинямин Нетаняҳу АҚШни Эронга қарши туриш учун Исроил билан ҳарбий иттифоқ тузишга чақирди. У Исроил Ғазо секторидаги тинч аҳолини атайлаб нишонга олгани ҳақидаги айбловларни рад этди.
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу АҚШга Эрон таҳдидига қарши туриш учун ўз мамлакати билан ҳарбий иттифоқ тузишни таклиф қилди. 24 июл, чоршанба куни АҚШ Конгрессида сўзлаган Нетаняҳу, шунингдек, Вашингтонни Исроилга Ғазо секторидаги ҲАМАС гуруҳини мағлуб этиши учун ҳарбий ёрдам етказиб беришни тезлаштиришга чақирди.
Нетаняҳунинг айтишича, Исроилнинг ҲАМАСга қарши уруши икки цивилизация ўртасидаги зиддият эмас, балки «цивилизация ва ваҳшийлик ўртасидаги тўқнашув». Унинг таъкидлашича, Исроил нафақат ўзига, балки АҚШ ва араб дунёсига ҳам таҳдид солаётган терроризмга қарши уруш олиб бормоқда. Шу билан бирга, Эрон ҳам ҲАМАС, ҳам Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи ва Яман ҳусийчилари ортида турибди, деди Исроил бош вазири. У Теҳрондаги ҳукмрон режимни Яқин Шарқ ва бутун дунё хавфсизлигига асосий таҳдид деб атади.
Исроил бош вазири Фаластин тарафдорлари намойишлари иштирокчиларини «эронпарастлар» деб атади. Бу намойишчиларнинг кўпчилиги ўзлари нима ҳақида гапираётганини билмайди ва турли шиорларни илгари сурмоқдалар, дея таъкидлади Бинямин Нетаняҳу.
Нетаняҳу: Исроил Ғазо секторидаги тинч аҳоли билан уришаётгани йўқ
Исроил бош вазири Исроил зарбалари Ғазо секторидаги тинч аҳолига қаратилгани ҳақидаги айбловларни рад этди. Аксинча, Бинямин Нетаняҳу «Исроил армияси фаластинлик тинч аҳолига зарар етказмаслик учун миллионлаб варақаларни ташлади, миллионлаб СМС юборди, юз минглаб телефон қўнғироқларини амалга оширди» деди. Шу билан бирга, ҲАМАС Фаластин тинч аҳолисини хавф остига қўйиш учун қўлидан келган барча ишни қилди, жумладан улардан «инсон қалқони» сифатида фойдаланди, деди Нетаняҳу.
«Агар Ғазо секторида етарлича озиқ-овқат олмайдиган фаластинликлар бўлса, бу Исроил уларга инсонпарварлик ёрдами етказилишига тўсқинлик қилаётгани учун эмас, балки ҲАМАС уни талон-торож қилгани учундир», - дея таъкидлади Исроил бош вазири.
ХЖС бош прокурори Карим Хон 20 май куни Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу, Исроил мудофаа вазири Йоав Галант ҳамда ҲАМАСнинг уч етакчиси: Яҳё Синвар, Муҳаммад Ал-Масри ва Исмоил Ҳанияни ҳибсга олиш учун ордер беришни талаб қилди. Хоннинг сўзларига кўра, уларнинг барчаси уруш жиноятлари ва инсониятга қарши жиноятлар учун жавобгардир.
Исроил-Фаластин можароси
7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.
ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган. Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.
Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 39 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.
Мавзуга оид
20:58
Bloomberg: Россияга Эрон қуролларининг чорак қисмини бизнесмен Ҳусайн Шамҳаний етказиб бермоқда
19:06 / 22.12.2024
Асаднинг қулаши — Эрон ташқи сиёсатидаги муваффақиятсизлик
14:52 / 20.12.2024
Эрон Ўзбекистоннинг қатор маҳсулотларига экспорт учун рухсатнома беради
16:32 / 19.12.2024