Жаҳон | 19:34 / 12.08.2024
32497
4 дақиқада ўқилади

Путин украинларнинг Курск областидаги юриши юзасидан йиғилиш ўтказди

У Мудофаа вазирлигидан «душманни Россия ҳудудидан сиқиб чиқариш»ни талаб қилди. Шунингдек, «тинч аҳолини ўққа тутаётганлар билан музокара қилиб бўлмаслиги» ҳақида гапирди.

Фото: РИА Новости/Сергей Бобылев

Россия президенти Владимир Путин айни вақтда РФ мудофаа вазирлигининг асосий вазифаси — «душманни Россия ҳудудларидан сиқиб чиқариш ва чегаранинг ишончли ҳимоясини таъминлаш» эканини айтди. У бу ҳақда Украина билан чегарадош бўлган ҳудудлардаги вазият юзасидан ўтказилган йиғилишда гапирган. 

«Шубҳасиз, Мудофаа вазирлиги қаршисида турган асосий вазифа — душманни ҳудудларимиздан ҳайдаб чиқариш ва чегара хизмати билан биргаликда давлат чегарасининг ишончли қўриқланишини таъминлаш. ФСБ Росгвардия билан биргаликда аксилтеррор режим вазияти ва душманнинг диверсия-разведка гуруҳларига қарши самарали курашни таъминлаши керак. <…> Бўлаётган воқеаларга албатта баҳо берилиши лозим. Шундай қилинади. Аммо ҳозирда асосийси — ҳозирнинг ўзида юзага келаётган ва вазият ривожи бўйича прогнозлар асосидаги долзарб масалаларни ҳал қилиш керак», — деган Путин.

Унинг фикрича, Киев «ғарблик хўжайинлари» ёрдамида Россия ҳудудига ҳужум қилиб, «келгуси музокаралардаги позицияларини яхшилаш»га интилмоқда. 

«Аммо тинч аҳолига, фуқаролик инфратузилмаларига ўйламасдан ҳужум қиладиган ёки ядровий энергетика объектларига таҳдид соладиган одамлар билан қандай музокаралар ҳақида гапириш мумкин? Умуман, улар билан нимани гаплашамиз?» — дея қайд этган Путин.

Россия президенти таъкидлашича, Украина қуролли кучларининг чегара ҳудудлардаги амалиётдан бош мақсади — Россия армияси юришини тўхтатиш ҳисобланади.

«Бундай акциялар — қўшинларимизнинг Новороссия ҳудудларини тўлиқ озод этиш бўйича юришини тўхтатишни кўзда тутади. Тўқнашув чизиғида нималар бўлмоқда? Россия қуролли кучлари, кўнгиллилар ва фахрийларнинг юриш амалиёти суръати пасаймасдан, балки бир ярим бараварга ошди. Бутун тўқнашув чизиғи бўйлаб бизнинг армия олдинга ҳаракатланмоқда.

Рақибнинг яна бир мақсади — Россия жамиятига нифоқ уруғини экиш ва ихтилоф қўзғаш, одамларни қўрқитиш, жамият бирдамлигига путур етказиш. Бунга жавобан эса РФ фуқаролари оғир вазиятга тушиб қолганларга ёрдам қўлини чўзиб, уларни қўллаб-қувватламоқда. Армияни ҳам қўллаб-қувватлашмоқда, сўнгги кунларда Россияни ҳимоя қилаётган эркакларимиз, жангчиларимиз сафига қўшилишни истаб, Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузиш истагини билдирганлар сони ошди.

Киев режими бошлиқлари нафақат Россия халқига қарши жиноятлар қилмоқда, балки украинларни қириб юбориш йўлига ўтган. Украина қуролли кучлари йўқотишлари драматик тарзда ортиб бормоқда. Рақиб албатта муносиб жавобни олади, махсус ҳарбий амалиётнинг барча мақсадларига эришилади», — деган Путин.

  • Украинада ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга қаратилган эҳтимолий музокаралар ҳақидаги гаплар 1 август куни Россия ва Ғарб мамлакатлари ўртасида ўтказилган маҳбуслар алмашуви ортидан пайдо бўлганди.
  • 6 август куни эса Украина қўшини Курск области ҳудудига бостириб кирди ва қатор аҳоли яшаш манзилларини ўз назоратига олди. 11 августга ўтар кечаси украин кучлари Курск областидаги яна бир район — Беловскийга киргани ҳақида хабарлар тарқалди. У украин кучларининг Россия ҳудудига босқини бошланган Суджанский районидан жануби-шарқда жойлашган. Беловский райони бир томондан Украина билан, бошқа томондан (жанубда) — Белгород области билан чегарадош ҳисобланади.

Мавзуга оид