Жаҳон | 18:11 / 18.08.2024
30644
6 дақиқада ўқилади

Фронтдаги вазият: Украина қуролли кучлари катта таваккалчилик қилмоқда

Курск областидаги жангларга захирадаги барча бригадалар ташланган. Украина учун бу амалиёт қанчалик муҳим? РФ қуролли кучлари мудофаани қандай қуради?

Roman Pilipey / AFP / Scanpix / LETA

Иккинчи ҳафта охирига келиб Украина қуролли кучларининг Курск областидаги ҳаракати секинлашди, аммо бутунлай тўхтаб қолгани йўқ. Россия қўмондонлиги мудофаа чизиғи ёриб ўтилган ҳудудга захира кучларни олиб келган (ҳозирча бу гуруҳ таркиби маълум эмас), улар рақибнинг асосий йўллар бўйлаб ҳужум йўналишларини тўсиб қўйиш учун ташланган. Украина қуролли кучлари эса бу бўлинмаларга қанотлардан ҳужум қилишга уринмоқда. Украина қўмондонлиги ҳам чегара орқали захира кучларни ўтказишни давом эттирмоқда. Агар ҳаракатга келтирилган бўлинмаларнинг олдиндан маълум рақамлари бўйича хулоса қилинса, Украина қуролли кучлари ёз давомида тўплаган барча захира кучлар Курск областига олиб кирилгани маълум бўлади. Аммо бу бригадалар, катта эҳтимол билан, тўлиқ таркибда олиб кирилмаган — уларнинг кўпчилиги фақат алоҳида баталёнлар билан иштирок этмоқда. Шу билан биргаликда, Курск фронтига ҳатто сўнгги ҳафталаргача бошқа фронтларда фаол ҳаракатланган бригадаларга мансуб бўлинмалар ҳам олиб келинган.

Катта эҳтимол билан, бу қарорлар шуни англатадики, Украина қўмондонлиги шимолий чегарани асосий оператив йўналиш деб ҳисобламоқда ва фронтнинг бошқа участкаларида йирик зарбалар тайёрламаяпти. Бу ҳолатда амалиётнинг мақсади оддий эди — РФ қуролли кучлари Донбассдаги ўз юришини тўхтатиб, қўшинларнинг катта қисмини Курск йўналишига олиб ўтмагунича босимни давом эттириш. Бу эса рўй бермаяпти. Аксинча, Россиянинг Донбасснинг марказий қисмидаги юриши янада кучайиб бормоқда.

Курск фронти

РФ қуролли кучлари Қора денгиз фронтидаги 810-денгиз пиёдалари бригадаси ҳамда алоҳида махсус топшириқли бўлинмалардан Украина қуролли кучлари эгаллаб олган Суджа шаҳридан ғарб, шарқ ва шимолга қараб чиқадиган асосий йўллар бўйлаб тўсиқ ва пистирмалар ҳосил қилишга муваффақ бўлди.

  1. Суджа — Курск трассаси РФ қуролли кучлари жангнинг илк кунларидаёқ украин пиёдаларининг мобил гуруҳларидан қайтариб олган Мартиновка қишлоғи ҳудудида тўсиб қўйилган. Суджанинг шарқий қисми эгалланганидан кейин Украина қуролли кучлари Мартиновкадаги позицияларни шарқдан айланиб ўтишга ҳаракат қилмоқда. Ҳозиргача бунинг имкони бўлмаган.
  2. Суджа — Лгов йўлини Россия бўлинмалари Малая Локняда тўсишган. Аммо Украина қуролли кучлари Суджа ва Коренево оралиғидаги ҳудудда тўсиқни четлаб ўтишга муваффақ бўлган (украин кучлари Коренево марказига ҳам киргани ҳақида хабарлар бор). Украинларнинг зирҳланган гуруҳи юриши Рилск — Лгов йўлидан 15 километр масофадаги Сафоновкада тўхтатилган, бу Суджа ғарбидаги барча чегарадош ҳудудлар таъминоти олиб бориладиган йўлдир. Агар Украина қуролли кучлари бу таъминот йўлини кесиб қўядиган бўлса, РФ қуролли кучларининг Рилскдан Кореневога қадар мудофааси заифлашиши мумкин.
  3. Украина кучлари ғарбдан зарбалар бериш орқали Малая Локнядаги — кейин эса Кромские Бикига қадар тўсиқларни олиб ташлашга ҳаракат қилмоқда — бу орқали кейинроқ Суджа — Лгов трассаси бўйлаб юриш қилиш имконияти юзага келади.
  4. Украина қуролли кучлари аллақачон плацдармни кенгайтириш ва унинг таъминоти учун қўшимча йўлларга эга бўлиш мақсадида Суджадан ғарб томонда чегара бўйлаб олдинга юришга интилмоқда. Бу йўналишда украин бўлинмаси Кореневодан жануброқдаги Внезапне қишлоғини эгаллаган ва Глушково қишлоғи ҳамда унга қўшни бўлган чегарадаги Теткино заставаси томон силжишга ҳаракат қилмоқда.
  5. Суджадан шарқ томон ҳам яна бир зарба бериш режалаштирилганди — плацдармани кенгайтириш ҳамда Лговга юриш учун қанотлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида. Украина қуролли кучлари Белая райони марказига ўта олмади, кўплаб техникаларини йўқотди, шу туфайли Спалное ва Камишное қишлоқлари ҳудудида, Псел дарёси бўйида мудофааланмоқда.

Энди амалиёт динамикаси ҳар икки томон Курск фронтига қандай захираларни ўтказиш мумкин деб ҳисоблашига боғлиқ. Кўриниб турибдики, Россия қўмондонлиги Донбасс марказий қисмидаги (Покровск ва Торецк йўналишлари) қўшинлардан фойдаланиш имкониятига энг охирги ўриндаги чора сифатида қарайди.

Катта эҳтимол билан, Курск областидаги икки армия гуруҳлари учун ҳам куч ва воситалар донори Харкив фронти бўлади. Украина қуролли кучлари аллақачон 92-штурм бригадасининг асосий қисмларини Россия ҳудудига жойлаштирган, бу қисмлар аввалроқ Харкивдан шимолда РФ қуролли кучлари эгаллаб олган Глубоке қишлоғига ҳужум қилаётганди. 92-бригада мазкур ҳудуддан кетиши билан Россия қўшини Глубокедан шарқда ҳужумга ўтди.

Шу билан бирга, Глубокени Россия томонидаги асосий зарбдор куч — Тинч океани флотининг 155-денгиз пиёдалар бригадаси ҳам тарк этган. Бу бригада қисмлари аллақачон Белгород областида Россия ва Украина чегараси бўйлаб жойлаштирилган; унинг яна бошқа бўлинмалари эса Суджа томон юраётган бўлиши мумкин.

Покровск ва Торецк участкалари

  • Россия қўшини Покровск (украин армиясининг Донбассдаги муҳим логистик маркази) ва унга қўшни Селидово (Донецк области жанубий қисмидаги Украина қуролли кучларини таъминлашда муҳим рол ўйнайди) йўналишида яна бир неча километрга илгарилади.
  • Жанглар Гродовка (Покровскни тўсиб турувчи қишлоқ) ва Новогродовка (ўз навбатида, Селидовога борувчи йўлда жойлашган) посёлкалари ичкарисида давом этмоқда.

  • Россия юриши сўнгги ҳафталарда тезлашгани шуни кўрсатмоқдаки, украинларнинг мазкур участкадаги мудофааси ҳаддан ташқари ҳолдан тойган.
  • Покровск ва Селидово районлари бой берилиши бу участкадаги украин кучлари мамлакат шарқидаги асосий таъминот базаси — Днипродан узилиб қолишига олиб келади.
  • Покровскдан 50 километр шарқда жойлашган Торецк агломерациясида эса Россия қўшини Торецк атрофидаги посёлкаларни эгаллашни деярли якунлаб, тўғридан тўғри шаҳарнинг ўзига яқинлашган. Қаршилик ўчоқлари Ню Йорк (Фенол заводи ҳудудида) ва Пивничнийда («Северная» конларининг баланд терриконлари ҳудудида) сақланиб қолган.

Мавзуга оид