Жаҳон | 16:50 / 20.08.2024
6410
2 дақиқада ўқилади

Олтин қуймаси нархи тарихда биринчи марта миллион доллардан ошди

Нархларнинг ошишига АҚШда фоиз ставкаларининг пасайиши кутилаётгани, шунингдек, Яқин Шарқдаги геосиёсий кескинлик сабаб бўлмоқда

Фото: Reuters

Стандарт олтин қуймаси нархи тарихда биринчи марта бир миллион доллардан ошди. Бу ҳақда 19 август кунги савдоларга эътибор қаратган Bloomberg хабар берди.

Олтиннинг бир троя унцияси (31,1 грамм) нархи тарихда илк бор 16 август куни 2 500 доллардан ошганди, 19 августдаги савдоларда эса ундан ҳам юқори бўлди. Шундан келиб чиқиб, оғирлиги 400 унция бўлган стандарт олтин қуймаси бир миллион доллардан қимматроққа кўтарилди.

Bloomberg қуйма учун 400 унция оғирлиги қатъий белгиланмаганини эслатиб ўтди: Лондон қимматбаҳо металлар бозори ассоциацияси қоидаларига кўра, стандарт қуйма вазни 350 дан 430 унциягача ҳисобланади.

2024 йил бошидан буён олтин 20 фоизга қимматлашган. Нархларнинг ошишига АҚШда фоиз ставкаларининг пасайиши кутилаётгани, шунингдек, Яқин Шарқдаги геосиёсий кескинлик сабаб бўлмоқда. Бу вазиятда инвесторлар ҳимоя активларини кўпроқ сотиб оляпти.

Эслатиб ўтамиз, июн ойида Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари қарийб 294 млн долларга камайиб, 36,3 млрд долларни ташкил этганди. Бунга май ойида олтин экспорт қилинмагани сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Ўз навбатида олтиннинг физик ҳажми 11,4 млн троя унциядан 11,7 млн троя унциягача кўпайган.

Мавзуга оид