Жаҳон | 13:00 / 22.08.2024
2630
3 дақиқада ўқилади

Германия: Россия урушни тугатиш бўйича музокараларга тайёр эмас

Украинада адолатли тинчлик ўрнатиш учун музокаралар олиб бориш ўрнига, Москва ўзи назорат қилмайдиган ҳудудлар эгаллаб олинганини тан олишни талаб қилмоқда, дея маълумот берди Германия ташқи ишлар вазирлиги.

Фото: Marc Vorwerk / SULUPRESS.DE / Global Look Press

Россия Украинадаги урушни тугатиш бўйича музокараларга тайёр эмас, деди Германия ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили 21 август, чоршанба куни Берлинда ҳукумат матбуот анжумани чоғида. Украина билан «адолатли тинчлик» бўйича музокараларни бошлаш ўрнига, Москва Россия қуролли кучлари ҳатто назорат қилмайдиган Украина ҳудудлари эгаллаб олинганини тан олишни талаб қилмоқда, дея таъкидлади у. Германия ТИВ вакили Россия раҳбарияти бу урушни исталган вақтда тўхтата олиши ва Киевга агрессив урушдан ҳимояланиш учун тегишли қуроллар кераклигини эслатди.

Германия Украинага ҳарбий ёрдам миқдорини чеклашни режалаштирмоқда

Киевга ҳарбий ёрдамни давом эттириш ҳақидаги мунозаралар Берлиннинг 2025 йилдаёқ унинг ҳажмини камайтириш режалари фонида давом этмоқда. Frankfurter Allgemeine Sonntagszeitung (FAS) газетаси 17 август куни Германия ҳукумати Украинага яқин келажакда қўшимча молиявий ёрдам бермоқчи эмаслигини ёзди. FAS ички ҳукумат ҳужжатлари ва ўз манбаларидан аниқлашича, Киевга фақат илгари маъқулланган ёрдам кўрсатилади, канцлер Олаф Шолцнинг илтимосига биноан Германия Мудофаа вазирлигининг бошқа сўровлари тасдиқланмайди. FAS маълумотларига кўра, бу ҳақда Германия молия вазири Кристиан Линднернинг 5 августда мудофаа вазири Борис Писториусга йўллаган мактубида айтилган.

Агар 2024 йилда Германия бюджети Украинага ёрдам бериш учун 8 миллиард еврони ўз ичига олган бўлса, 2025 йил учун режалаштирилган лимит атиги 4 миллиардни ташкил этади.

Кейинроқ Германия канцлери Олаф Шолц Украинага ҳарбий ёрдам қисқариши мумкинлиги ҳақидаги иддаоларни рад этди. Sat.1 телеканалига берган интервюсида Шолц Берлиннинг Киевни қўллаб-қувватлаш борасидаги позициясида «мутлақо беқарорлик йўқлигини ва бу борадаги муҳокамалардан ҳайратда эканлиги»ни айтди.

Бундан ташқари, G7 қарорига кўра, Украина 50 миллиард евро миқдорида кредит олади, унинг фоизлари Россия Марказий банкининг музлатилган активларидан тушган даромад ҳисобидан қопланади. Бу маблағлар Киевга мудофаа учун зарур бўлган қуролларни сотиб олиш имконини беради, деди Шолц. Бу механизм халқаро даражада ҳали келишилмаган. Бироқ, Германия канцлери таклиф қилинган схемада «мутлақо ноаниқ нарса» йўқ, деб ҳисоблайди.

Мавзуга оид