Жамият | 18:15 / 22.08.2024
4963
3 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида 580 минг долларга ер сотмоқчи бўлган шахслар ушланди

Қибрай туманида фаолият юритувчи МЧЖ раҳбари Паркент туманидаги чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжалик раҳбари билан ўзаро тил бириктириб, фермер хўжаликка тегишли 42,5 гектар ер майдонини харидорга 580 минг долларга пулламоқчи бўлишди. Данғара туманида эса 1,3 гектар ер майдонини 410 минг доллар эвазига харидор номига расмийлаштириб бермоқчи бўлган шахс қўлга олинган.

Фото: Видеодан кадр

Тошкент, Фарғона ва Андижон вилоятларида ер майдонларини ноқонуний сотиш билан боғлиқ ҳолатлари аниқланди.  

Маълум қилинишича, Қибрай туманида фаолият юритувчи МЧЖ раҳбари Паркент туманидаги чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжалик раҳбари билан ўзаро тил бириктиради. Улар фермер хўжаликка тегишли 42,5 гектар ер майдонини харидорга гўёки 51 гектар эканлигини айтиб, уни 580 минг долларга сотишга келишишади. Аммо ушбу шахслар келишилган пулдан 550 минг долларини олган вақтларида ДХХ ва ички ишлар органлари ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган. 

Нурафшон шаҳрида яшовчи, 1968 йилда туғилган шахс эса ўзининг турмуш ўртоғига Ўртачирчиқ тумани ҳудудидан ободонлаштириш ва боғ барпо этиш учун ажратиб берилган 3,64 гектар ер майдонининг 2 гектарини 1971 йилда туғилган таниши билан келишган ҳолда харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 560 минг доллар талаб қилган. Бироқ у олдиндан 60 минг доллар олган вақтда ДХХ ва Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда қўлга олинган. 

Фарғона вилоятида кузатилган ҳолатда эса Данғара туманида яшовчи, 1985 йилда туғилган фуқаро 2017 йилда туман ҳокимлиги томонидан боғдорчилик йўналишида фойдаланиш учун ўзига ажратиб берилган 1,3 гектар ер майдонида иссиқхона қуришга рухсат олинганлиги ҳақида ёлғон гапириб, уни 410 минг доллар эвазига харидор номига расмийлаштириб беришини айтади. Лекин у сўралган пулдан 35 минг долларини олганда ушланган.

Шунингдек, Қўқон шаҳрида қайд этилган ҳолатда, 1991 йилда туғилган фуқаро тадбиркорнинг ишончига кириб, шаҳар ҳокимлиги захирасида бўлган 5 сотих ер майдонини гўёки ўзига тегишли эканлиги айтган ҳолда унинг номига расмийлаштириб бериш эвазига 50 минг доллар талаб қилган. Аммо у ҳам сўралган пулдан аванс сифатида 20 минг доллар олган вақтида қўлга олинган. Тезкор тадбир давом эттирилиб, унинг шериги бўлган – 1956 йилда туғилган шахс ҳокимият тизимида ишловчи танишлари ёрдамида ушбу ер майдони бўйича тегишли ҳужжатларни тайёрлатиб бериш эвазига 5 минг доллар олганда ушланган.

Бундан ташқари, Андижон шаҳрида яшовчи, 1981 йилда туғилган фуқаро шаҳар ҳудудидаги “Бўстон” ёшлар кичик зонасида жойлашган 10 сотих ер майдонини мансабдор танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 46 минг доллари талаб қилган. У олдиндан 25 минг доллар олган вақтида ДХХнинг Андижон вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги департамент билан ҳамкорликда ўтказилган яна бир тезкор тадбирда қўлга олинган.  

Қайд этилишича, ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид