Жаҳон | 15:54 / 03.09.2024
4173
2 дақиқада ўқилади

АҚШда глобал исиш туфайли кўприклар оммавий қулаши мумкин — NYT

Америка кўприкларининг аксарияти сўнгги йилларда кузатилаётган аномал ҳароратга мўлжалланмаган.

Фото: New York Times

АҚШда глобал исиш туфайли кўприкларнинг оммавий қулаши хавфи ортиб бормоқда. Бу ҳақда New York Times газетаси хабар берди.

Гап шундаки, Америка кўприкларининг аксарияти сўнгги йилларда кузатилаётган аномал ҳароратга мўлжалланмаган. Газетанинг ёзишича, ҳаддан ташқари иссиқ ва иқлим ўзгариши ортидан кўпайиб бораётган сув тошқинлари бутун мамлакат бўйлаб кўчкиларни келтириб чиқариши мумкин. Оқибатда мамлакат бўйлаб одамларнинг хавфсиз ҳаракатланиши ва товарларни ташиш хавф остида қолади, деб огоҳлантирди мақола муаллифлари.

Газета билан суҳбатлашган мутахассислар кўприкларнинг эскириши АҚШда товарлар нархи ва етказиб бериш занжирига аллақачон таъсир қилаётганини айтди.

Аввалроқ Чикагодаги Шимоли-Ғарбий университет олимларининг тадқиқотида глобал исиш туфайли инсоният харажатлари олдинги ҳисоб-китоблардан олти баравар юқори бўлиб чиққан эди. Олимлар сўнгги 120 йилда ўтказилган иқлим ва иқтисодий тадқиқотлар маълумотларидан фойдаланиб, ўзгарувчан иқлим шароитида 2100 йилгача бўлган харажатларни компютер ёрдамида моделлаштирди.

Унда бир тонна карбонат ангидрид учун ижтимоий харажатлар 1056 долларни ташкил этмоқда. Илгари ўтказилган бошқа бир тадқиқотда иқлим ўзгариши туфайли глобал харажатлар бир тонна учун атиги 185 доллар бўлиши тахмин қилинганди. Шундай қилиб, харажатлар олдинги ҳисоб-китобларга нисбатан 5,7 баробар кўпайиши маълум бўлди.

Мавзуга оид